Мукаррамхон Абдуллаева Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам маркази жарроҳлик ва ички касалликлар бўлимида катта ҳамшира бўлиб ишлайди. У ўз ҳаётини севимли касбига бахшида этган. Истиқлол байрами айёмида "Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирлангани меҳнатсевар аёлни янада фидоийликка чорлади.

Мукаррамхон Наманган тиббиёт билим юртини 1976 йили муваффақиятли тамомлаб, қўшни Андижон вилоятининг Бўз тумани тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлик бўлимида катта ҳамшира бўлиб иш фаолиятини бошлаган эди. 1986 йили эса Учқўр­ғонга келди. Ўша пайтда туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи бўлиб ишлаган Тўлқинбой Ҳакимов бош ҳамшираликни унга ишониб топширди.

Мукаррамхон ўтган вақт давомида ўзининг ахлоқ-одоби, камтарлиги, меҳнатсевар ва интизомлилиги билан жамоада катта ҳурмат қозонди. Бир неча йилдирки, шошилинч тез тиббий ёрдам маркази жарроҳлик ва ички касалликлар бўлимида катта ҳамшира бўлиб ишлаб келмоқда. Бу ерда Сайдулло Робиддинов, Шавкатжон Усмонов, Абдурашид Охунов, Маъсудахон Сайдуллаева сингари шифокорлар, Дилрабо Болтабоева, Нигора Ҳакимова, Ҳабиба Азизова, Муборак Абдувалиева, Феруза Деҳ­қонова каби ҳамширалар билан бир сафда меҳнат қилди. Билмаганларини улардан ўрганди, билганларини эса ўргатди.

- Мукаррамхон опанинг ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиши, ўзига нисбатан талабчанлиги алоҳида эътиборга лойиқ. У киши ҳамширалар ишини ташкил қилиш, кунлик назорат ўрнатиш билан бирга беморлар ҳолидан хабар олишга, уларнинг дардларини тинглашга ҳам улгурадилар, - дейди ҳамшира Азизахон Исоқова биз билан суҳбатда.

Бутун фикри-зикри-ю, ўй-хаёлини беморга малакали хизмат кўрсатишга банд этган Мукаррамхон ширин каломи билан кўплаб инсонлар дардига малҳам бўлмоқда. Раҳимахон Омонова, Мирзааҳмад Отавалиев, Муқаддас Абдунабиева, Беҳруз Қодиралиев, Дилбархон Зокировалар ундан бир умр миннатдорлар.

- Бемор тез соғайиши учун биз ҳамширалар унинг дардини дилдан ҳис қилишимиз керак. Энг муҳими, беминнат меҳр беришимиз лозим,- дейди М.Абдуллаева.

Қаҳрамонимиз намунали оила бекаси ҳам. Унинг икки қизу, бир ўғли олий маълумотли мутахассислардир. Катта қизи Шаҳноза шифокор, Шуҳратжон солиқ тизими ходими, Нилуфар педагог. 10 нафар набира, 2 нафар эвара бувижонларининг суюкли дилбанди.

Адашали БЕКМИРЗАЕВ,

маънавият тарғиботчиси.