Инсонга умр бир марта берилади-ю, лекин унда авлодларнинг кўнглида, газета - журнал ва китоблар қатида боқий хотира сифатида яшаб қолиш имконияти ҳам бор. Бу ҳолат ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган толе туҳфаси. Аслида шундай тақдирни ҳар бир инсон ўз ҳаракати билан яратади. Бошқалар эса, қўллаб-қувватлаши, беминнат кўмаклашиши билан сабабчи бўлишади, холос. Муродулла Холқўзиевнинг ҳаёти бунга яққол мисолдир.

У болалигидан илмга чанқоқ эди. Маҳалла мулласининг уйидаги эскича сабоқни ташлади-ю, Тўрақўрғондаги янги очилган мактаб-интернатга кетиб юборди. Бундай қилиғи, ўжарлиги тарбиялаб юрган катта отасига катта ташвиш туғдирди. У Бекобод масжиди имомининг тазйиқига учради. Иймон-эътиқодда собит инсонга бу беҳад қаттиқ ботди.

- Майли, менинг ўғлимнинг танлови сизларга ёқмагандир, бироқ масжидга киритмасаларинг кирмаганим бўлсин, инсофга келмасангиз хато қиласизлар, ибодатдан маҳрум этишга ҳеч бирингизнинг ҳақингиз йўқ. Керакли жойларга шикоятим бориб етса, унда қандай жавоб борасизлар?! - деди отахон титраб-қақшаб.

"Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, албатта, - дея "Меҳробдан қочган бола" ҳикоясида ёзади журналист Маҳмуд Иброҳимов. - Жанжалдан Исқоҳхон тўра ҳам хабар топди. У шу депаранинг қозиси эди. Адолатли ажрим чиқарди:

- Агар Холқўзининг невараси интернат-мактабга кирган бўлса, бу унинг ихтиёри. Ўғлиям, отасиям айбсиз. Қолаверса, бола учун отани жазолаш ярамайди. Ҳали ҳаммамизнинг фарзандларимиз янги усулдаги мактабга кириб ўқимоғи керак. Араб алифбосида бўлсаям, рус алифбосида бўлсаям болаларимиз илм ўргансинлар!"

Кўп ўтмай Муродулланинг ёнидаги ўқувчилар сони ўттиздан ошди.  Улар  Тўрақўрғоннинг маърифатга ташна биринчи полапон қалдирғочлари эдилар. Кейин қанот чиқаришиб парвоздан асло тўхташмади. Муродулла бошланғич синфни тугатгач, Тошкентда ўқишни давом эттиради. 1921 йили Наманганга қайтиб, шаҳардаги 5-мактабда ўқитувчилик қилади. 1922 йили махсус йўлланма билан Москвага жўнайди. Ломоносов номли университетнинг ишчилар факультети талабалари сафига қўшилади. 1926-1931 йилларда эса Қозон тиббиёт институтида таҳсил кўради. Сўнгра илмий-тадқиқот ҳам олиб боради. Натижада 1935 йили «Одам кўкрак қисмининг симпатик нерв тизими морфологияси» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлайди, олимлик рутбасини қўлга киритади 1935 - 1941 йилларда юзлаб шогирдларни тар­биялаб, вояга етказади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида инс­титут педагогик жамоаси Ўзбекистонга кўчирилади. Самарқандда тиббиёт олийгоҳининг филиали очилади. 1942-1944 йилларда доцент сифатида фаолият юритади. Академик В.Н.Тернов­ский раҳбарлигида "Пешона ковагининг анатомияси" бўйича докторлик ишини ёзади. Тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини қўлга киритади. Самарқанд тиббиёт институтининг профессори умрининг охири - 1966 йил 28 февралгача шу илм даргоҳида анатомия кафедраси мудири вазифасини ҳалол ва фаол бажаради.

У чинакам шогирдпарвар устоз эди. Шу боис 10 нафар ёш мутахассис домла раҳбарлигида вегетатив нерв тизими бўйича номзодлик диссертациясини ёзган ва фан номзоди илмий унвонига лойиқ кўрилган.

У чинакам камтар инсон эди. Бекобод ва Бирлашган маҳалласига ҳар гал келганида ҳамқишлоқларида илиқ таассуротлар қолдирганини қариялар фахр билан эслашади. Айниқса, Ўзбекистон тиббиётчиларининг пешқадами, биринчи фан доктори, биринчи профессори бўлишига қарамай, ўзининг кичик кўнгиллиги, хатти-ҳаракатида мутлақо кибру-ҳаводан асар йўқлиги, барчага бирдай самимий муносабати билан  ҳам­қишлоқларини қойил қолдирарди. Ўзига нисбатан ҳурмат-эҳтиром уйғота олишида заррача сохталик сезилмасди. Табиатан одамохун, дўстсевар, олийҳимат олим сифатида таассурот қолдириб кетарди.

У наманганликларнинг қадрини ҳамиша баланд  тутарди. Бунга  мисоллар  жуда   бисёру, аммо биргинаси фикримизни тасдиқлашга кифоя, деб ўйлаймиз. Ҳозирда элу юртга хизмат қилаётган ўнлаб шифокорлар Муродулла Холқўзиевнинг меҳру муҳаббатидан ва илмидан баҳраманд бўлишганини зўр мамнуният билан эътироф этишади.

- Биз Самарқанд давлат тиббиёт инс­титутида ўқиганмиз, - дейди фахр билан туман тиббиёт бирлашмаси координатори Нажмиддин Сайфиддинов. - 1970-1979 йилларда  Мухторжон Холматов, Абдулазиз Жамолов, Абдулазиз Маматқулов, Абдумажид Жамолов ва Усмонжон Исмоиловлар бу кўҳна шаҳарнинг аллома домлаларидан сабоқ олганмиз. Айниқса, ҳамюртимиз, профессор Муродулла Холқўзиев ёшларга беҳад эътибор билан қараганлар, меҳрибон устоз сифатида қимматли маслаҳатлар бериб борганлар. Кўнглимизни чоғ, кўксимизни тоғ қилиб юборардилар ҳар гал кўришганимизда. Дарсларида эса талабчанликлари туфайли фаол қатнашиб, анатомияни ҳамма фанлардан кўраям юқори баҳога ўзлаштирганимиз ҳозирги амалий фаолиятимизда ҳам ниҳоятда қўл келяпти. Устозимиз доимо қалбимизда яшайдилар.

- Қариндошимиз Муродулла Нурматовичнинг икки укаси, уч синглиси бўлган, -дея таъкидлайди 3-мактаб директори Ҳалима Турсунова. - Қизи Татьяна ва ўғли Леонард ҳам Самарқанд давлат тиббиёт  институтида ўқишган. Бирлари невропотолог, бирлари онколог бўлишган. Леонарднинг қизи Вероника Абдураҳмонова бобосининг ҳовлисида яшайди. Унинг фарзандлари Жамила ва Темур ҳам тиббиёт касбининг фидойиси бўлиб етишишган. Ҳозирда Жамила Тошкентда яшайди, пластик операциялар бўйича юқори малакали мутахассис. Темур Самарқанд шаҳар шифохонаси онкологи.

Тиббиёт тарихида ўчмас из қолдирган зукко олим, меҳрибон мураббий Муродулла Холқўзиевнинг хизматлари муносиб эътироф этилган. "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби" деган юксак унвон билан тақдирланган. Авлодлар учун фахру намуна бўлган бу инсон ўзига буюк маърифатпарвар ҳам­юртимиз Исҳоқҳон Ибратнинг назари бежиз тушмаганини бутун умри давомида ёрқин исботлаб кетгани билан ҳар қанча эътибору эъзозга лойиқдир. Ким янгиликка интилса, илм олиш заҳматини астойдил чекишга одатланса, унга Муродулла Холқўзиевдек юксак обрў сийлови насиб этаверади.

Раҳмонберди РАҲИМОВ,

меҳнат фахрийси.