1940 йилдан буён саксон йил ўтди. Савол: ўшанда Наманганда қанча врач бор эди, наманганликлардан неча киши тиббиёт институтини битириб келганди? Бугун бу саволга жавоб бериш осонмас, аммо Шариф Ботиров худди ўша йили ТошМИ дипломини олгани аниқ. Ўтган 80 йил мобайнида Наманган тиббиётида Ботировларнинг бутун бошли сулоласи вужудга келди. Шариф отанинг аёли Маъсуда ая 30 йил Пахталикўл сиҳатгоҳида ишлаганди. Уларнинг ўғли тиббиёт фанлари номзоди Журъат Ботиров ҳозир Тошкентда, келин бўлмиш Саломатхон, қизлари Мавжуда ва Нурхон, ўндан ортиқ набиралар - ҳаммаси шифокор. Ботировнинг икки укаси ҳам олий маълумотли врач: Ҳамид Ботиров бир неча йил Норин ва Учқўрғонда бош ҳаким бўлиб ишлаган. Олий тоифали жарроҳ Рашидхон ака эса машҳур Григорьянцнинг шогирди эди. Кимё фанлари доктори Эркин Ботиров Шариф отага жиян бўлади.

* * *

1917 йилда туғилиб, ўша замоннинг борлиқ аччиқ-чучугини тотиб улғайган Шарифжон мустақил меҳнатга 13 ёшида киришди. Ўқитувчилар камлигидан, зийрак йигитча мактабда дарс бера бошлади. Бу орада муаллимлик курсига қатнаб, ҳужжат ҳам олди ва Машаддаги мактабнинг директорлигига тайинланди.

Ўн етти яшар директор домла ўқишни давом эттириш орзусида юрувдики, ўз-ўзидан омади чопиб қолди.1934 йил ТошМИдан вакиллар келиб, ҳужжат ола бошладилар ва кириш имтиҳонлари ҳам Наманганда ўтди. Ш. Ботиров кимё фани имтиҳонида кўмирнинг формуласини ёзиб берди, рус тилида эса "Кузнечик" деган шеърни декломация қилди...

Талаба халқи ҳамиша камхарж яшайди, алалхусус, 30-йилларда жуда ҳам оғир эди. Шарифжон ҳам кечалари ишлади, бозорга чиқди, мардикорликка ёлланди. Ҳайтовур, 1936 йилдан талабаларнинг тирикчилигига ҳам жиндай маза кириб қолди. Чунки, 2-курсни тамомлаганларга ТошМИда ўқиётганини тасдиқловчи муваққат гувоҳнома беришди. Бу билан кичик ёки ёрдамчи тиббий ходим, санитар бўлиб ишлаш мумкин эди. Шариф Ботировга келсак, ҳалиги ҳужжат уни нақ врачга айлантирвордики, таътил чоғида Намангандаги 2-поликлиникага мудирлик қилди.

Ўқишни битиргач, уни Соғ­лиқни сақлаш халқ комиссариати йўлланмаси билан Термиз шаҳридаги тубдиспансерга юборишди. Уруш бошланган пайтларда у Ўрта Тўқай (Косонсой) сув омборига келди. Қурилишда ишлаётган эркак-аёл беҳад кўп, юқумли касалликлар авж олган, дори-дармон танқис, озиқ-овқат кам, шароитлар жуда чатоқ. Табиийки, врачлар ҳам етишмайди, ишлаб турган шифокорларга эса ниҳоятда қийин... Ш. Ботиров 1944 йили Наманган шаҳрига келиб, вилоят тубдиспансерига 1951 йилгача раҳбарлик қилди.

Унинг шундан кейинги шифокорлик фаолияти илмий изланишларга уйғун ҳолда кечди. Аввалига ТошМИда ва унинг клиникасида ички касалликлар устида иш олиб борди. 1956 йилдан Андижон тиббиёт институтида ўқитувчи ва катта ўқитувчи бўлиб ишлади. 1959 йили профессор Эргаш Отахонов раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва АДМИ ички касалликлар кафедраси доценти бўлди. Илмий кенгашнинг қарори билан кейинроқ тиббиёт фанлари номзоди Шариф Каттахўжаевич Ботировга истисно тариқасида профессорлик мақоми берилди.

Ўтган асрнинг 60-70 - йилларида анемия (камқонлик) кўпайгандан кўпайди. Шунда Андижон тиббиёт институти ички касалликлар кафедрасининг бир гуруҳ олимлари Шариф Ботиров раҳбарлигида ана шу дардга қарши самарали тадқиқотлар олиб боришди. Бу касаллик орга­низм­да темир моддасининг етишмаслигидан келиб чиқиши маълум эди. Бинобарин, ана шу етишмовчиликнинг олдини олиш ёхуд ўрнини тўлдириш билан кўпайиб бораётган хасталикни енгиш мумкинлиги ҳам аён. Ботиров бошчилигида янги препарат (темир моддасига тўйинган) яратилиб, лаборатория синовларидан муваффақиятли ўтди. унга "Ферфолин-Б" деб ном беришди ва Тошкентдаги нуфузли ҳайъат ҳужжати билан ишлаб чиқаришга рухсат этилди. Янгилик устида иш олиб борган икки ассистент бунинг натижасида фан номзоди бўлишди ва уларнинг раҳбари Ш. Ботировга айни шу хизмати учун профессорлик берилганди.

Ботиров домла 1977 йили олтмиш ёшга тўлди. Андижондаги юбилей кечасида сўз олиб дедики:

- Мен энди кексайдим, ўрнимга ёшлар ишласин, рухсат беринглар, Наманганимга кетайин.

Шариф отанинг шундан кейинги 20 йилдан зиёд фаолияти "Пахталикўл" сиҳатгоҳида кечди. Профессор Ботиров илмли одам эди, Наманганда ҳам бу ишларини тўхтатмади. Қон касаллиги бўлмиш микознинг табиатини, профилактикасини, муолажасини тадқиқ қилди. Олтингугуртнинг қондаги замбуруғларни қириш хусусиятига асосланиб, махсус таркибли препарат яратди. Уни шартли равишда "Шамкобин" деб номлаб, дастлабкисини ҳатто ўз танасида синаб кўрди, аҳволини Андижонда таҳлил қилдирди, лаборатория-синов баённомаларида яхши натижалар қайд этилганди. Андижонлик олимлар тиниб-тинчимас дўхтир-домлани катта муваффақият билан табрикладилар. Шариф ота ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб борган киевлик профессор Комакин билан боғланди. Тошкентдаги республика микрология марказидан профессор Назминисо Деҳқонхўжаева билан маълум маслаҳатлашувлар бўлди. Янгиликнинг қатъий кимёвий формуласи тайёр, дастлабки синов ва лаборатория ҳужжатлари битган, аммо муаллиф кексайиб қолган, шунда ёши 85 ларга борган эди.

Бу дунёнинг паст-баландини хўб кўриб бўлган, фарзандларини уйлаб-жойлаб тинчиган, ҳеч кимдан қарзи қолмаган, бировдан бир сўм тамаси бўлмаган мўйсафид профессорнинг "Шамкобин"и ўнлаб, юзлаб беморлар дардига малҳам бўлди. Унинг ҳузурига Тошкентдан, Тожикистондан, Қирғизистондан, ундан ҳам олислардан даво излаб келишар ва микоздан фориғ бўлиб қайтишарди.

"Шамкобин"ни тегишли давлат комиссиясидан ўтказиш, реестрларга қонуний киритиш Шариф отага насиб қилгани йўқ. Афсуски, бир кори хайрга умрнинг омонатлиги имкон бермади. Аммо дўхтир бобо халқ саломатлиги ва тиббиёт илми учун битта врачнинг, бир профессорнинг қўлидан келадиган ҳамма ишни қилиб, ёруғ дунёдан ёруғ юз билан кетди. У киши ўз дастхати билан битган таржимаи ҳолда ёзилишича, 1956-1977 йилларда Андижон тиббиёт институтида 65 минг талаба таҳсил кўрган. Демак, аввалига доцент, сўнг профессор бўлган Ботиров домланинг илмидан ана шунча врач баҳра олган. Бу ҳисобга дўхтир Ботиров даволаган беморлар сони ҳам қўшилса-чи? Бундан ташқари бир неча рисола ва юздан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳам ўн нафар фан номзодию икки фан докторининг илмий раҳбари ҳам профессор Ботиров эди.

Профессор Шариф Каттахўжаевич Ботиров ёруғ оламда салкам тўқсон йил яшади. У ана шу узоқ умрининг қарийб етмиш йилини халқ саломатлиги ва тиббиёт илмига бағишлади. Ибн Сино мерос қолдирган табаррук касб эгаларининг пок либоси бўлмиш оқ халатни дўхтир бобо саксон беш ёшга тўлганида ҳам эгнидан қўймаганди. У ўзининг ана шу сийрати билан элнинг ёдида қолди.

У. РУСТАМОВ.