Чуст туман кўп тармоқли марказий поликлиниканинг 14 ёшгача бўлган болаларни эмлаш хонаси ҳамшираси Дилбархон Раҳимова.

У 1970 йили Чуст шаҳри Дўзанда маҳалласидаги зиёлилар оиласида таваллуд топган. Ўқувчилик йиллари қўни-қўшни болалари ёки жиянларидан кимдир хасталанса, уларнинг дардига даво топгиси келар, ёрдам бера олмаётганидан кўп афсус ва надоматлар чекарди. Гоҳида бемор болаларга қўшилиб кўз ёши тўккан пайтлари, "Катта бўлсам, албатта, шифокор бўламан" дея орзу ҳам қилгани бор гап.

Улғайгани сари орзуси қатъий мақсадга айланган Дилбархон мактабни битиргач, Чуст тиббиёт билим юртига ўқишга қириб, уни 1990 йили муваффақиятли тамомлади. 1-шаҳар шифохонасига ишга келди. Ҳамшираликни бошлаган илк кунлариданоқ ахлоқ-одоби, катарлиги, меҳнаткаш ва интизомлилиги, ўз устида тинимсиз изланиши, бемор болаларга ўз фарзанди каби мулойим муносабатда бўлиши ҳамда самимийлиги билан жамоанинг ҳурмат-эътиборини қозонди.

- Кўп нарса инсоннинг ўзига, унинг дунёқарашию оилада қандай тарбия топганига боғлиқ, - дейди поликлиника бош шифокори Маҳмуджон Азимов. - Жамоага раҳбарликка ўтганимга ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, бу ердаги аҳил ва интизомли, беморларга ҳамиша ҳурмат билан қарайдиган, касбига садоқатли ходимларнинг кўплиги мени қувонтирди. Айниқса, Дилбархоннинг ишчанлиги, ҳар бир юмушга масъулият билан ёндошиши, ўзига нисбатан талабчанлиги алоҳида эътиборга лойиқ.. У беморларга тез, сифатли ва маданиятли хизмат кўрсатишдан сира-сира чарчамайди. Қарийб ўттиз йиллик беором фаолияти давомида ширин каломи, меҳрибонлиги, камтарлиги, олий тоифали ҳамшира мақомга муносиблиги билан минглаб беморларнинг дардини аритган Дилбархон Раҳимованинг меҳнатлари раҳбарият ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бир неча бор Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Фикри-зикрини, ўй-хаёлини беморларга малакали хизмат кўрсатиш банд этган, умрини яхшилик ва эзгуликлар билан безаётган аҳил оиланинг оқила бекаси, набираларининг севимли бувиси беморлар томонидан "Қўли енгил опа" дея эътирофланаётгани унинг учун ҳамиша фахрли.

- Ҳамшира аввало беморининг дардини ҳис қила билиши керак. Уларнинг тез фурсатда соғайиши учун бирини фарзандидай, бирини ота-онасидай, яна бирини ўз жигарларидай кўриши ва меҳр билан муносабатда бўлиши жуда муҳим роль ўйнайди. Мен худди шундай бўлишга кечаю-кундуз интилиб келяпман, - дейди касбидан мамнунлик туйган Дилбарҳон Раҳимова.

Беморлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган поликлиникадан қайтар эканмиз, гарчанд ноқулай шароитда ишлаётган бўлсалар-да, шифокор ва ҳамшираларнинг беморларга кўрсатаётган муомала маданиятидан кўнглимиз тўлди. "Қўли енгил опа"лар бу даргоҳда ягона эмаслигидан беҳад қувондик ҳам.

Қамбар ҲАЙДАР.