Тун яримлаган. Барча осуда уйқуда. Телефоннинг кетма-кет қўнғироғи сукунатни бузди.

 

- Дадаси сизни сўрашяпти,-деди уйқудаги Содиқжон акани аста туртиб турмуш ўртоғи Нодирахон опа.

 

- Дўхтир, қизимнинг аҳволи оғирлашиб қолди, жон дўхтир, ўзингиз ёрдам бермасангиз аҳволи танг...

 

Бу бемори Гулҳаёни онасининг ташвишли овози эди.

 

Врач беморнинг хонадонига ўз вақтида етиб борди. "Тез ёрдам"чилар ҳам етиб келишган экан. Ҳайрият унинг комага тушишига йўл қўйилмади. Қизча ҳушига келгач, дўхтир енгил тин олди.

 

Бундай ҳолат 1-шаҳар шифохонаси гастроэнтерология-гепатология бўлими мудири Содиқжон Мамажоновнинг ҳаётида такрорланиб туради.

 

Гулҳаё Турсунова 13 ёшида жигар хасталигига йўлиққан, 6 йилдан буён Содиқжон Мамажоновнинг муолажаларидан баҳраманд экан.

 

- 2013 йилда жуда-жуда оғир аҳволда келганман, - дейди Гулҳайё. - Ҳатто келажагимдан умидимни узган эдим. Яхшиям фидоий, ўз касбининг билимдони Содиқжон ака бор эканлар. Менга чинакамига умид беряптилар, улардан бир умр миннатдорман.

 

Гулҳаё дил изҳорларини ниҳояламасдан кўплаб беморлар унга қўшилишди. Маҳфуза Тожибоева, Аҳмад Ғуломов, Маҳфуза Йўлдошевалар ҳам миннатдорликларини газетамиз орқали етказишимизни илтимос қилишди.

 

Бундай эътирофлардан кейин Содиқжон Мамажоновга бизнинг ҳам ғо­йибона ихлосимиз ортди. Унинг қабулида навбат кутиб турган беморларни кўриб, камтарлик, самимийлик барқ уриб турган шифокорга ҳалақит бергимиз келмади. У ҳам узоқ-яқиндан келганларини куттиришни истамади, саволларимизга жавоб бериш асносида ҳам улар кўригини давом эттирди. Чунки инсон ҳаёти шифокор учун ҳар қандай ҳолатда ҳам устувор эканлигини англадик.

 

У 1985 йили Андижон Давлат тиббиёт институтига ҳужжатларини топширади. Не бахтки, шу йили талабалар сафига қўшилади. Шарафли касб учун зарур тиббий билимларни пухта эгаллашга астойдил ҳаракат қилади. Айниқса, устози профессор Турсун Жумабоевнинг сабоқлари тиббиётга қизиқишини янада орттирди.

 

1994-1995 йиллари Наманган шаҳар Давлатобод туман марказий шифохонаси (ҳозирги 1-шаҳар шифохонаси) терапия бўлимида интернатурани ўтайди. Бу ерда эса устозлари Зоҳида Маллабоева, Тоҳиржон Абдуллаев, Баҳодир      Ғиясовларнинг назарига тушади, уларнинг рағбатига эришади. Илк иш фаолиятини мазкур бўлимда бошлагани ҳам шундан.

 

Унга 1998 йили шифохонанинг гастроэнтерология бўлими мудирлиги ишониб топширилади. С. Мамажонов, қарийб 21 йилдирки шу лавозимда. Унинг ташаббуси билан бўлим гастроэнтерология-гепатология бўлимига айлантирилди. Ҳозирда бу ерда икки нафар олий тоифали врач, 18 нафар ҳамшира, 15 та кичик тиббиёт ходими фаолият юритишади. Ошқозон-ичак ва жигар хасталиклари, сурункали панкреатит, ошқозон ости бези, жигар церрози, сурункали гепатит В, С ва бошқа кўплаб хасталиклар даволанади. Пуллик хизмат кўрсатиш билан бирга шаҳримиздаги кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган якка-ёлғизлар, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади. Шаҳар шифохонаси бўлишига қарамасдан, қўшни Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан, Андижон, Фарғона вилоятларидан ҳам кўплаб беморларнинг мурожаат этишлари Содиқжон акадек врачларнинг борлигидандир, албатта.

 

У нафақат талабчан раҳбар. Қўл остидаги ходимларига, шогирдларига ғамҳўр ва меҳрибон. Жамоанинг қувончу-ташвишларини бирга баҳам кўради. Кези келганда ёрдамини асло аямайди. Шогирдлари Мансуржон Маҳкамов, Нодира Шокироваларга тажрибаларини ўргатишдан эринмайди.

 

- Содиқжон гастроэнтерология-гепатология бўйича вилоятимизнинг энг кўзга кўринган, тажрибали мутахассисларидан, - дейди шифохона бош врачи Тоҳиржон Абдуллаев. - Замонавий тиббиётнинг барча ютуқларини ҳамиша кузатиб боради. Аҳоли ўртасидаги олиб бораётган профилактик тадбирлари айниқса таҳсинга сазовор.

 

Касбий кўникма ҳамиша интилиш ва изланишни тақозо этади. Шу боисдан ҳам С. Мамажонов бир неча маротаба Москва шаҳарларида, Санкт-Петербург­да турли конгресс ва семинарларда билим ва тажриба алмашиб келмоқда. 2018 йилнинг декабрь ойида Ҳиндистонлик дунёга энг машҳур мутахассис Вивек Жининг жигар амалиётларида қатнашиб "Жигар трансплантациясидан кейинги реаблитация" бўйича малакасини мукаммаллаштириб қайтди.

 

Устози, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош гас­троэнтерологи, профессор Феруза Ҳамрабоева семинарларида ҳам фаол иштирок этиб боради. Соҳадаги янгиликларни татбиқ этишга, замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлишга интилаверади.

 

Манзура ЭРГАШЕВА.