Кейинги йилларда аҳоли орасида тери-таносил касалликларининг кўп учраётгани соҳа мутахассислари зиммасига ғоят катта масъулият юкламоқда. Малакали мутахассислар маслаҳатини олиши лозим бўлган беморларга қулайлик яратиш мақсадида яқинда Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Наманганга ташриф буюришди.

Жумладан, РИДВ ва КИАТ маркази директорининг ҳудудий филиаллар билан ишлаш бўйича ўринбосари Нурали Боймирзаев, II Дерматология бўлими дерматовенерологи Акмал Бурҳонов, бактерология лабораторияси врач-бактериологи Маъруфжон Мақсудовларнинг дастлабки манзили Тўрақўрғон ва Минг­булоқ туманларидаги Кўп тармоқли марказий поликлиникалар бўлди. Улар мазкур тиббиёт муассасаларининг дерматовенеролог-врачлари билан ҳамкорликда туманлардаги аллергия ва ўчоқли дерматит, соч тўкилиши, псориаз, витилиго, дерматит, қўтир, демодекоз ва бошқа тери касалликларига чалинган беморларни тиббий текширувдан ўтказдилар.

Шунингдек, мутахассислар ҳар икки туманнинг соҳа врачларига замонавий текшириш усуллари, беморларни физиотерапевтик даволашда эришилаётган самарали натижалар тўғрисида илмий-услубий ёрдам кўрсатишди.

Ташрифнинг иккинчи куни пойтахтлик малакали врачлар РИДВ ва КИАТМ Наманган филиалида ўз йўналишлари бўйича беморларни қабул қилиб, ўзаро маҳорат ва тажриба алмашишди. Назарий билимлар амалиётга кўчди. Даволашнинг замонавий усуллари ҳақида тиббий кўрик жараёнида кенг маълумотлар берилди.

Акмал Бурҳонов маҳаллий ҳамкасблари Нелья Багдасарова, Дилмурод Абдураҳимовлар билан вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 40 нафардан зиёд беморларни тиббий назоратдан ўтказди.

Беморлардан бири – 11 кунлик чақалоқ Муҳаммадлойиқ Садриддиновнинг баданидаги қизил тошмалар унинг яқинларини ташвишлантираётган эди. Ҳайриятки, кўрик натижасида хавотирга ўрин йўқлиги маълум бўлди.

Янгиқўрғон туманидан келган Ёқубжон Тўлабековнинг ҳам кафт панжалари ва оёғидаги доғлар учун керакли муолажалар буюрилди.

Наманган шаҳрилик бемор Иқболжон Парпиевни эса баданидаги ўзгаришлар, хусусан, қичишиш безовта қилаётган экан. Мутахассислар беморга керакли тиббий-диагностик текширувлардан ўтишни тавсия қилишди.

– Пойтахтлик мутахассисларнинг ташрифи айни муддао бўлди, – дейди норинлик Муслима Анасхонова. – Оёғимдаги тошмалардан суртма олиб, касалликни аниқ ташхислашди. Дори-дармон тавсия этиб, уларни қўллаш бўйича ҳам тушунтириб бердилар. Тиббий кўрикни ташкил қилганларга, шифокорларга минг раҳмат!

Бундай дил изҳорларини вилоятнинг турли ҳудудларидан келган беморлар Санобар Эрболаева, Соҳиба Ғафурова, Мадина Комиловалар ҳам билдирдилар.

– Тери – ички аъзоларимизнинг ойнаси, – дейди М. Мақсудов. – Тери касалликларида лаборатория-диагностика текширувларининг аҳамияти жуда катта. Масалан, ҳуснбузарни олайлик, у кўпроқ ташқи таъсир ҳосиласидан эмас, балки ички аъзоларимизнинг бизга хабарчиси. У шу орқали организмдаги ўзгаришлардан огоҳлантиради. Наманганлик ҳамкасблар билан бугун ҳусн­бузарнинг оғир даражасида лаборатория таҳлилларини бажаришда қайси жиҳатларга эътибор бериш ва қандай ўтказиш тўғрисида фикрлашдик.

Манзура ЭРГАШЕВА,

журналист.