Вилоятнинг энг чекка қишлоқларидан бири Ғова­зонда жойлашган эллик қатновли оилавий шифокорлик пунктида бир нафар врач, 40 га яқин патронаж, амалиёт ҳамшираси ва бошқа ходимлар хизмат қилади. Жамоа Янги Боғистон, Ғовазон ва Оқсув-Ғовазон маҳалла фуқаролар йиғинларидаги бир ярим минг хонадонда яшовчи 7300 нафар аҳоли ўртасида соғ­лом турмуш тарзи, касалликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва даволашга қаратилган самарали фаолият олиб бормоқда.

Энг долзарб ва хайрли мақсад йўлида фидойилик кўрса­таётганларнинг бири ҳамшира Шоира Қозоқбоевадир.

Шоира Чортоқдаги тиббиёт билим юртида ўқиган. Иқболини қарангки, таниқли болалар шифокори Хуриниса Жўрабоевага келин бўлган. Таҳсилда олган билим ва малакалари врач онанинг сабоқлари, ибрат мактабида янада мукаммаллашди.

Шоира 2013 йил Ғовазон оилавий шифокорлик пунктига ишга қабул қилинар экан, унга Оқсув-Ғовазон маҳалласидаги 155 оилада яшовчи 700 нафар фуқарога патронаж хизматини кўрсатиш топширилди. Устози ва қайнонаси Ҳуриниса опанинг илк иш кунидаги ўгити ҳамон ёдида: "Болам, ҳудудингиздаги аҳолини ўз туққан-туғишганингиз деб билинг. Ёши улуғларга фарзанддек, кимгадир опа-сингилдек, гўдакларга онадек меҳрибон бўлинг. Ана шунда улар сизга ишонади, суянади, мақсадингизни тушунади, соғлом турмуш тарзини жорий этишда сизга кўмакдош бўладилар".

Ана шу туйғу уни оҳанрабодек хонадонларга чорлагани-чорлаган. Бир куни навбатдаги кўчани айланиб, ишхонага қайтар экан, кечагина кўриб кетган қандли диабет билан оғрувчи 64 ёшли онахон хаёлига келиб қолди. Унинг хонадони томондан юриб, кириб ўтгиси келди. Чақирди-чақирди, садо бўлмади. Онахон ётадиган хона деразасигача борди-ю, қўрқиб кетди. Бемор турай деса, мажоли йўқ, гапирай деса тили танглайига ёпишган ҳолда ночор ётарди. Шоира дарҳол биринчи ёрдам кўрсатди. "Тез ёрдам" чақирди. Шифохонага олиб бориб, врачларга кўрсатди. Ўзига келган нуроний кўзлари тўла миннатдорлик ёшлари билан Шоирага қилган дуоларининг адоғи кўринмасди...

Ш. Қозоқбоевага мавжуд хонадонлардаги барча ёшдаги одамлар саломатлиги беш қўлдай равшан. Чунки у оила муҳити, касб-корлари, соғлиқларига нималар таҳдид солиши мумкинлиги, сурункали касали борлар, ҳомиладорлар, гўдаклар ҳолати ҳақида таҳлилий ҳисобот юритади. Хонадонларга ташриф буюрар экан, атроф-муҳитга алоҳида эътибор қаратади. Оила аъзоларининг ўзаро муносабатларида сезилган зиддиятларни аритувчи суҳбатлар қуради.

Хонадон аҳлининг кўтаринки гурунглар туфайли бир-бирига меҳри, самимийлиги ортганини кўриб, ўзининг ҳам баҳри дили очилади.

Маҳалла ичида яшовчи ҳамширанинг туну кун тиними йўқ десак, муболаға бўлмайди. Шоира ҳам тиббий профилактик ишларни мукаммал адо этиш билан бирга, уйда муолажа олиш тавсия қилинган беморларга, кечами-кундузми беғараз хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса, ётиб қолган ва парваришга мухтож бўлган 33 нафар ногирон, юришга вақтинча қийналадиган беморлар тилидан дуо тушмайди.

Жамоа ҳамширалик қобилияти, бой патронажлик тажрибаси, кенг дунёқараш ва мулоқот маданияти туфайли Ш. Қозоқбоевага "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" республика кўрик-танловида қатнашишни таклиф қилди. Адашмаган эканлар, "Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси" йўналишида туманда биринчи, вилоят босқичида 2-ўринни олиб, республика миқёсидаги баҳсда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Газетанинг мазкур сони нашрга топширилаётган бир чоғда хушхабар келди. Ш. Қозоқбоева оилавий шифокорлик пункти­нинг амалиёт ҳамширалиги вазифасига ўтказилибди. Қаҳрамонимизнинг янги йўналишдаги фаолияти ҳам аҳоли саломатлигини сақлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилсин.

Қамбар ҲАЙДАР,

жамоатчи мухбир.