Халқимизнинг "Устоз – отангдай улуғ", деган нақли ўқитувчи, мураббий ва ҳунар ўргатувчиларга берилган энг юксак баҳодир. Бу шарафга эришмоқ эса жуда катта масъулият, заҳматли меҳнатни тақозо этади. Наманган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумининг 70 нафарга яқин педагогик жамоаси ҳам бор билим, куч ва салоҳиятларини талабаларни баркамол қилиб тарбиялашга қаратмоқдалар. Айни вақтда улар ҳамширалик, фельдшер-акушерлик, фельдшер-лаборантлик, тиббий профилактика, доришунослик, стоматология, ижтимоий соҳа йўналишларида бўлғуси шифокорларга замон талаблари даражасида билим беришга астойдил интилмоқдалар.
Ўқитувчилар янги педагогик технологияларни яратиш ва таълим-тарбия самарадорлигини ошириш борасида тинмай изланмоқдалар. Бу ҳаракатлар самараси ўлароқ Ҳамидхон Қувоновнинг "Эпидемиология ва паразитологиядан амалий машғулотлар учун қўлланма", З.Қозоқова, С.Набиев, Р.Муҳиддинов, С. Қирғизова ҳаммуаллифлигида ёзилган "Меҳнат гигиенаси" китоблари нашр этилиб, республикамиздаги турдош билимгоҳларда ҳам фойдаланилмоқда. Яна бир тажриба шуки, битирувчилар халқаро андозалардаги мутахассис бўлишлари учун ихтисослик фанлари бўйича машғулотлар инглиз тилида олиб борилмоқда.
Тиббиётчи педагогларнинг фидокорона хизматлари қувончли натижаларини бермоқда. Жумладан, техникумни ўтган ўқув йилида тамомлаган қарийб 150 нафар ўқувчи имтиёзли диплом олди ва уларнинг 43 нафари тиббиёт институтларининг 2-босқичига суҳбат асосида қабул қилинди.
"Ҳамширалик иши" йўналиши талабаси Райҳона Аҳмаджонова "Ибн Сино издошлари" республика танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни олган бўлса, мамлакат миқёсида дастлабки бешлик совриндори бўлди.
Муяссар АҲАДОВА,
Наманган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат
саломатлиги техникуми услубчиси.