Жонажон Ватанимизда яшовчи ҳар бир инсон учун янги сўзи ўзгача маъно, ўзгача ғурур, ўзгача жаранг ифодасига айлангани беинкор ҳаётий ҳақиқатдир. Кейинги етти йил мобайнида бу сифатлаш атамаси орзу-ниятдан ҳаётий воқеаликка кўчгани кўз ўнгимизда намоён. Аввало, дунёқарашимизда кескин ўзгаришлар ясай олдик, кейин эса амалий ишларимиз, барча соҳалардаги одимларимиз ўзгарди. Ҳаётимизнинг сояли томонларигача нур югурди. Муаммоларга ечимлар изланди ва навбатма-навбат ижобий силжишлар сезиларли даражага кўтарилди. Инсон манфаатларига эътиборни кучайтириш ва халқ розилигига эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларда бардавомлик устуворлик касб этмоқда. Бугун баралла айта оламизки, биз – Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!

Дунёга довруғдор аждодларимизга муносиб авлодлик мартабасига кўтарилмоқ барчамизнинг ягона мақсад-муддаомиз бўлмоғи беқиёс шарафлигини чуқур ҳис этишимиз зарур. Чунки, Истиқлол халқимиз учун эмин-эркин яшаш, билим олиш ва ишлаш имкониятини берди. Ўзлигимизни англаб, бор куч ва салоҳиятимизни Ватан тараққиётига бағишлашга илҳомлантирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида таъкидлаганидек: "Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади".

Дарҳақиқат, бирор соҳа йўқки, истиқлол ислоҳотлари шарофатидан янгиланмаган, юксалмаган бўлсин. Биргина тиббиётнинг ўзида йилдан-йилга кенг қамровли, бир-бирига занжирдай узвий боғланиб кетган ўзгаришлар халқимизнинг кайфияти аъло ва руҳи баланд бўлишига олиб келмоқда.Бундан бир неча йил муқаддам соғлиқни сақлаш ишидан аҳоли ўртасида эътирозлар тез-тез учраб турган бўлса, эндиликда уларга барҳам берилиб, қатор ижобий янгиликлардан хурсандлик эътирофлари йилдан-йилга, ойдан ойга, ҳатто кундан-кунга муттасил кўпайиб бормоқда. Сабаби "Инсон қадри учун!" тамойили тиббий фаолиятнинг асосий мезонига, шиорига айлантириб юборилди. Хизмат кўрсатиш халққа яқинлаштирилди. Дори-дармоннинг бепул таъминоти белгиланган тартибда тизимли йўлга қўйилмоқда. Оилавий шифокорлар оилаларнинг ҳар бир аъзоси соғлом бўлиши учун астойдил қайғуришмоқда. Жаҳон тиббиёти ютуқлари ўз вақтида ўзлаштирилиб, улар шифохоналарда дадил қўлланилмоқда. Ўзбек врачлари тиббиёт даҳоси Ибн Сино бобосининг издошлари сифатида инсонпарварликни доимий касбий фазилатга айлантирган ҳолда эл олқишига сазовор бўлишмоқда.

Мустақиллик байрамининг шонли 32 йиллиги арафасида "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиори халқимизнинг юксак кўтаринки кайфиятини яққол ифодалаяпти, эртанги кунга, адолатли Юртбошимизга ишончи тобора мустаҳкамланаётганидан яққол дарак бермоқда. Мадҳиямизда тантанавор куйланаётганидек;

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон

Оламни маҳлиё айлаган диёр! -

Янги Ўзбекистонимиз ўзининг чексиз ҳайратомуз мўъжизалар юрти эканини дунёга исботлашда барқарору бардавомлик касб этаётир.