Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимизда 1 августдан 1 сентябргача "Кексалар саломатлиги ойлиги" деб эълон қилинган. Ушбу акция вилоятимизда ҳам пухта тайёргарлик билан бошланган. 55 ёшдан ошган аҳоли вакилларига, пенсия ёшидаги нуронийларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Яқинда вилоят марказидан анча олисда жойлашган, қўшни Қирғизистон билан чегарадош Ҳазратишода акция доирасида саломатлик тадбирлари уюштирилди. Шу боис ҳам оила шифокорлик пункти атрофи эрталабданоқ гавжумлашди. Вилоят тиббиёт марказларидан юборилган энг малакали шифокору мутахассислар кекса авлод вакилларини тиббий кўрикдан ўтказишди.

– Ҳудудимизда 8 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида салкам 800 нафар ёши улуғ инсонлар бор. Бугун табаррук қишлоқдошларимизнинг соғлиғини назоратдан ўтказиш учун барча шароитлар яратилган,– дейди оила шифокорлик пункти мудири Бекмирза Йўлдошев.

Дарҳақиқат, акция боис тоғли ҳудуд кексалари ўз соғлиқлари ҳақида тассаввур ҳосил қилиш ёки безовталаётган турли хасталиклардан фориғ бўлиш учун тиббий кўрикка ошиқдилар. Вилоят марказидан келган ўндан ортиқ ихтисосликлар бўйича тажрибали шифокорлар ҳар бир киши соғлиғини чуқур текширувдан ўтказишди. Соғ­лом отахон ва онахонлар фаол ҳаёт кечиришга ундалди. Маммография қурилмаси ўрнатилган автобус, "Мобил поликлиника", УТТ текширувлари воситасида қишлоқ аҳлини безовта қилаётган турли касалликлар бўйича текширувлар олиб борилди. Беморларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилади.

– Қишлоғимизга вилоятимизнинг таниқли шифокорлари юборилгани бизни беҳад мамнун этмоқда. Мутахассислар қабулига кираётган кишиларнинг барчаси ҳам вақт топиб Наманганга бориши қийин эди. Кўпчилик нуронийлар бу имкониятдан фойдаланиб, саломатликларини мустаҳкамлаш учун тегишли тавсия ва маслаҳатлар олишяпти. Мен ҳам дерматовенеролог ҳузурига кирдим. Дардимга даво чоралари кўриладиган бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Тўхтамуҳаммад ота Шарипов.

Шу куни акция боис тиббий бригадалар оғир дардга чалиниб, уйида ётиб қолган инсонлар ҳузурига йўл олишди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали поликлиникаси мудири, таниқли кардиолог Усмонжон Зайнобиддинов раҳбарлигидаги гуруҳ, яъни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтерологи Алишер Раҳматуллаев, Чортоқ КТМП УЗИ мутахассиси Анваржон Абдуллажоновлар оила шифокорлик пункти патронаж ҳамширалари Гулноза Аҳмедова ва Дилшода Содиқовалар ҳамроҳлигида Ипак йўли кўчасида яшовчи хастаҳоллар Аҳмадхўжа Ваҳобов, Бойдеда Хўжаев, Мажнунтол кўчасида яшовчи Муқаддас Қорахўжаевалар хонадонларида бўлиб, беморларни безовта қилаётган касалликларни аниқлаш ва соғломлаштириш бўйича изчил иш олиб боришди.

Жараён давом этмоқда. Ой охирига қадар вилоятимиздаги барча кексалар саломатлиги профилактик ва чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилади. Турли касалликка чалинган отахон ва онахоларни дарддан халос этиш чоралари кўрилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.