Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш чоралари кўрилмоқда. Академик Ё. Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Баҳриддин СИДДИҚОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.

– Баҳриддин Фазлиддинович, суҳбатимизни эндокринологиянинг мақсад ва вазифалари қисқача шарҳи билан бошласак.

– Эндокринология – клиник тиббиёт соҳаларидан бири. У ички секреция безларининг тузилиши, фаолияти, гормон ишлаб чиқариши ҳамда уларга алоқадор касалликларни ўрганади. Қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, жинсий безлар фаолиятининг бузилиши, гипоталамо-гипофизар тизим хасталиклари, бирламчи гиперпаратиреоз, гормонларнинг таъсир механизми, биосинтези ва алмашинуви муаммолари ечими, гормонлар аналоглари ва янги гормонал препаратлар ишлаб чиқиш, жисмоний ривожланишнинг кечикиши, туғма аномалиялар скрининги замонавий эндокринологиянинг устувор йўналишларидир.

– Президентимиз бу соҳага жиддий эътибор қаратиб, аҳолига кўрсатилаётган эндокринологик хизмат сифат ва самарадорлигини оширишнинг замонавий тизимини шакллантириш мақсадида 2022 йил 26 январда "Эндо­кринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур қарор билан тасдиқланган "2022-2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури"да белгиланган эндокринология хизмати фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, эндокрин касалликлар диагностикаси ҳамда даволашнинг янги стандартларини жорий этиш натижаларига тўхталсангиз.

– Соғлиқни сақлашнинг барча босқичларида эндокрин касалликларни диагностика қилиш ҳамда даволаш стандарти янгиланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 29 сентябрдаги 270-сонли "Эндокринологик йўналиш бўйича ташхислаш ва даволаш стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғига ва клиник протоколларига қатъий асосланган ҳолда фолият олиб бориляпти.

Филиалимизда тиббий маълумотларни электрон шакл­да алмашиниш имконини берувчи "Техномед" дастури асосидаги ягона ахборот тизими ишга туширилди. Барча ахборот алмашинувлар, амбулатор қабул, лаборатория натижаларини етказиш, бўлимларнинг қабул хизмати электрон шаклда ҳам йўлга қўйилди. Оғир беморларни даволаш ва юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида РИЭИАТМ билан телемедицина алоқаси ўрнатилган.

– Филиал лабораторияси ҳам такомиллашибди.

– Албатта. Диагностик лаборатория бўлимининг янги стандартлар асосида жиҳозланиши беморларни барча текширувлардан ўтказиш имкониятини беради. Январь – июнь ойлари давомида 78 мингга яқин таҳлил қайд этилди. Айни вақтда эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш мақсадида ҳар бир ҳудуддан биттадан туман тиббиёт бирлашмаси лабораторияларини марказлаштириш, беморларнинг ўзлари бириктирилган бирламчи тиббиёт муассасаларидан таҳлил учун йиғилган биологик материалларни марказий лабораторияга етказиб бериш тизимини жорий этиш устида ишланяпти.

Бунинг учун Давлатобод ва Уйчи тумани тиббиёт бирлашмалари лабораторияларини марказлаштириш, давлат-хусусий шериклик асосида аутсорсингга бериш лойиҳалари яқин вақт ичида амалга оширилади.

– Илгари диспансерда эндокрин жарроҳлик, қандли диабетнинг асоратларини жарроҳлик йўли билан даволаш ва реконструктив амалиёт, реанимация бўлими бўлмаганлиги учун қийинчиликлар юзага чиқарди. Бугун ана шу хизматлар мавжудлиги жуда қувонарли.

– Ҳақиқатан, давлатимиз раҳбарининг қарори мана шу жиҳати билан ҳам беморлар ва уларнинг яқинларига бениҳоя ғамхўрлик, шифоркорларга биқиёс мадад бўлди. Филиалимизда жарроҳлик ва реанимация бўлимлари ташкил этилиб, юқори технологияли замонавий қурилмалар, инновацион жиҳозлар билан таъминланди. Бунинг шарофати билан тиббий хизмат турларини кўпайтиришга эришдик. 2021 йилда 62 та, 2022 йилда 160 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Жорий йил 6 ой давомида эса бу кўрсаткич 100 дан ортди. Булар қалқонсимон без тугуни, кўп тугунли буқоқ, қалқонсимон олди бези ўсмаси, ошқозон ости бези ўсмаси (инсулинома), буйрак усти бези ўсмаси ва бошқа турдаги амалиётлардир.

Жарроҳлик бўлимига яқинда яна бир ўта ноёб лапароскопик тўплам келтирилди. Унинг воситасида 3 та юқори технологик жарроҳлик жараёни муваффақиятли кечди. Илгари бу турдаги амалиётлар учун беморлар пойтахтимизга юборилар эди.

Марказ филиалида янги ташкил этилган реанимация хизмати туфайли эса 344 нафар бемор ҳаёти сақлаб қолинди. Қандли диабетнинг 1– ва 2-тури билан оғриган, қонида қанд миқдори баланд беморлар шошилинч тарзда реанимация бўлимида соғломлаштирилмоқда.

– Ҳолати яхшиланган инсонларда мўътадилликни сақлаш уларга махсус дори-дармонларни тизимли етказиб туришни ҳам тақозо этса керак?

– Албатта. Диспансеримиз томонидан қандли диабетнинг биринчи тури аниқланган 18 ёшгача бўлган 256 нафар бола ва ўсмирга аналог инсулинлар мунтазам етказилмоқда. Улар глюкометр тест япроқчаси билан тўла таъминланган. Аниқроқ айтсам, 2023 йил 1 чорагининг ўзида 831 дона "Лантус", 2695 дона "Апидра" инсулини, 22 дона глюкометр, 277 қути тест япроқчалари берилди.

Қандли диабетнинг биринчи тури бўйича диспансер ҳисобида турган 228 нафар 25 ёшгача бўлган фуқарога 1000 дона "Апидра" ва 1400 дона "Лантус" етказилди. 286 нафар қандсиз диабети борларга 6156 флакон "Десмопрессин" тақдим этилди. Қандли диабетнинг 2-тури қайд этилган 15 минг 340 нафар эҳтиёжманд киши "Метформин" препарати билан бепул таъминланяпти.

– Замонавий шароитлар хизмат турларини кўпайтириш имконини ҳам бериши табиий. Бу борадаги кўрсаткичларга ҳам эътибор қаратсак...

– Маъқул. Жарроҳлик ва реанимация бўлимлари очилиши туфайли 17 турдаги жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Лаборатор хизматлар кўрсаткичи ҳам кескин ортди. Таҳлиллар 54 хилдан 72 хилга етказилди. Ўтган 6 ойнинг ўзида қандли диабетни эрта аниқлаш ва мониторинг қилиш мақсадида 3348 та "Гликирланган гемоглобин" лаборатор текшируви ўтказилди

– Давлатимиз раҳбарининг қарорида эндо­крин касаллиги бўлган беморларни олти ойда бир маротаба тор доира мутахассислари иштирокида диспансеризациядан ўтказиш вазифаси қўйилган эди...

– 2023 йил 6 ой давомида Наманган шаҳар ва барча туманларда офтальмолог, кар­диолог, нефролог, педиатр, невропатолог, қон-томир жарроҳи, подиатрист каби тор доира мутахассислари иштирокида диспансеризация ишлари мунтазам ўтказиб келинмокда. Жумладан, Наманган шаҳар ва 13 та туманда аҳоли тиббий кўрик ва скрининг текшируви амалга оширилди. Жорий йилнинг май, июнь, июль ойларида вилоят тиббиёт марказлари мутахассислари иштирокида Наманган шаҳар ва барча туманларда "Саломатлик сайллари", "Саломатлик карвони" чуқурлаштирилган тиббий кўриклари ташкил этилди. Тиббий кўрикда мутахассислар томонидан аҳолига, беморларга керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди. Уйда ётиб қолганлар ҳолати ўрганилиб, зарур ёрдам кўрсатилди.

Вилоят бўйича ўтган 6 ойда 40 ёшдан ошган аҳолининг қанд­ли диабет хасталигини эрта аниқлаш мақсадида 485 мингга яқин фуқаро скрининг текширувига жалб қилинди. Уларнинг 10 минг нафарида диабетолди аломатлари борлиги билинди. 2 минг 300 га яқин шахсда қандли диабет хасталиги биринчи маротаба аниқланди. Уларни ўз-ўрнида даволаш чора-тадбирлари кўрилди. Тиббий кўриклар ва скрининг текшируви қандли диабетнинг диабетик нейропатия, диабетик ретинопатия, диабетик нефропатия, диабетик тупик синдроми каби асоратларини эрта аниқлаш имконини бермоқда. Натижада ногиронликнинг олдини олишга эришилаётир.

– Мазмунли ва самимий суҳбат учун ташаккур.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ суҳбатлашди.