ёхуд шифокорлар – нажоткор, журналистлар – ижодкор
"Матбуот – ҳаёт ойнаси" деган ибора ҳамиша ўз долзарблигини йўқотмайди. Кеча ҳам шундай эди, бугун ҳам шундай, эртага ҳам шундай бўлиб қолаверади. Унга қараб, яъни саҳифаларига жамулжам мақолаларни мутолаа қилиш асносида юртимиз ва унинг эгалари тақдири, турмуши кўз олдимизда жонланади, муваффақияту муаммоларни рўйи-рост кўрамиз. Холис сўз, холис фикр, холис танқидгина тасаввурларимизни тиниқлаштиради. Агар носамимий муносабат ифодаланса борми, аксинча хиралаштиради. Ватан ва халқ манфаатлари ҳимоячиси, давлат ва жамият ўртасидаги воситачилик вазифаси ва масъулияти зиммасига юкланган оммавий ахборот воситалари мустақиллик шарофати билан эркин сўз майдонидан муносиб ўрин олдилар. Лекин берақобат эмас. Демократия шароитида бу ғоят муҳим тармоқ учун ҳам қонунлар ҳаводек аҳамият касб этмоқда. Бошқача айтганда, янгича даврнинг янги ҳаволари билан нафас олиб яшаётган хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин – барча матбуот нашрлари ўз мухлисларини табора кўпайтириш, талабчан ўқувчиларининг кўнглида кечаётган мавзуларини, фикр-ўйларини топиб ёзиш, айни маҳалда ҳар бирининг чиройли ва ўзига хос нигоҳтортар қиёфасига эриш ҳаракатида.
Чунончи, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги "Шифокор ва ҳаёт" газетаси 25 йилдан буён улар қаторида бир неча минг нусхада саломатлик посбонлари қўлига етказилмоқда. Бу газета Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуни талабларига мувофиқ 1998 йил ёзида ташкилланган эди. Орадан кечган чорак аср вақт ичида у 600 марта обуначилари билан дийдорлашди. Дастлаб 4 саҳифали, фақат оқ-қора рангда босиб тарқатилган бўлса, кейинги йилларда ҳажми икки баробарга кўпайтирилди ҳамда ярим рангли қиёфа касб этди. Аниқроғи, 1-, 4-, 5– ва 8-саҳифалари суратлари тасвирга қандай туширилса, газетадаям худди ўшандай чоп қилинмоқда.
Эндиликда таҳририятнинг газета тайёрлаш жараёни тўлалигича компьютерлаштирилган. Мутахассислари, журналистлари юқори малакага эга. Изланишлар эса мудом давомли.
Журналистлар ҳаётга бошқалардан кўраям теранроқ нигоҳ ташлашга интиладиган бўлишади. Хусусан, ҳар бир қонун ёки қарорни дастлаб шулар ўқишади, тарғиботга масъуллик ҳиссини туюб яшашади. Мамлакат доирасидаги қонун ва қарорларни амалга оширишга ўзини гўё назоратчидек ҳис этишиям бу касб эгаларининг ҳамиша ҳаётнинг олдинги сафида юришга бурчдорлигидандир. Ҳозиржавоблиги-ю, кунда-куноша ойнадай аён. Матбуот нашрларининг талаблари тақозоси-да, бу. Бевосита ўзларининг касб-корларига боғлиқ қонун қабул қилинганида эса ташаббускор ва ташкилотчи журналистлар дарров амалиётига дахлдор ишларга енг шимариб юборадилар. Наманганлик таниқли журналист Раҳматилло Усмонов ана шундай тоифадаги ҳамкасбларимиздан эди-да.
«Шифокор ва ҳаёт» газетасининг биринчи муҳаррири Раҳматилло Усмонов
Яхши биламизки, мустақилликнинг илк йиллариданоқ нодавлат матбуот нашрлари ташкиллашга наманганликлар ҳам республикада биринчилардан бўлиб киришганлар. Бугунга келиб вилоятда кўплаб газета-журнал чоп этилаётган бўлса, "Шифокор ва ҳаёт" улар ичида ўз мухлиси, ўз сўзига эга. Мазмун мундарижаси-ю, қиёфасигача умуммуштараклик томонлариям, фарқли жиҳатлариям сезилиб туради. Газетага бундан роса йигирма беш йил муқаддам асос солишган. Кимлар дейсизми? Наманган вилояти ҳокимлигининг соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Осимхон Қосимов ва журналист Раҳматилло Усмоновлар.
Ҳамкасб сифатида газетанинг биринчи муҳарририни аввалдан танирдим. У "Наманган хақиқати" газетаси ходими, Наманган тумани "Учқун" газетаси масъул котиби, туман радиоэшиттириш таҳририяти раҳбари вазифаларида ишлаган, тажриба орттирган, серғайрат ва изланувчан қаламкаш экани билан кўпчиликка танилганди.
Раҳматилло 1997 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни матбуотда эълон қилиниши билан уни синчиклаб ўқиб чиқаркан, кўнглида янги газета ташкиллаш нияти туғилади. Халқ таълими бошқармаси "Мураббий" газетасига эга-ю, нега соғлиқни сақлаш бошқармасининг матбуот нашри йўқ? Агар хоҳиш билдиришса, шу ишга киришиш керак!" дея хаёлидан кечирди. Масалани маслаҳатлашмоқ учун Осимхон Абдуҳакимовичнинг ҳолироқ вақтини топиб, қабулига етиб борди. Кириб кўнглидаги таклифини ўртага ташлади.
– Тиббиёт тармоғига эътиборингиздан хурсандман, ниятингизгаям қўшиламан. Ахир бу бизлар учун айни муддао-ку! Соҳамиз сертармоқ, ўзимизнинг қадамимиз етолмаган жойларгача сўзимиз кириб борса, шифокорларимизни янгиликлардан, тажрибалардан мунтазам хабардор этиш имконияти яратилади-да. Биздан қандай ёрдам, ҳужжат зарур бўлса, бемалол,– деди бошқарма бошлиғи ташаббускор журналистни қўллаб-қувватлаб.
У Қонуннинг "Оммавий ахборот воситаларининг таҳририяти" номли 7– моддасида: "Оммавий ахборот воситаларининг таҳририяти муассис томонидан тузилади ҳамда ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, ўз устави (низоми) асосида иш олиб боради" деб белгилаб қўйилганини айтаркан, қарорни бошқарма, Низомни ўзи ёзишига келишиб, мамнун ҳолда ичкаридан чиқди. Таниқли ва қадрдон журналистларга, ўзидан илгари газета ташкиллаган муҳаррирларга мурожаат этди.
Раҳматилло Усмонов муҳаррирлигидаги газетага "Шифокор ва ҳаёт" номи муносиб кўрилди. Ҳужжатларни меъёрий талаблар асосида тайёрлагач, рўйхатдан ўтиш учун вилоят Матбуот бошқармасига топширди. 1998 йилнинг июлига келиб, газета таъсис этилди, 209-сон билан рўйхатга олинди.
Таҳрир ҳайъатига М. Акрамов (масъул котиб), Ҳ. Ботиров, Н. Дармонов, М. Садриддинов, В. Умрзоқов, Ҳ. Устабоев, Н. Шарипова, Д. Ҳайдарова ва Р. Қосимовалар киритилдилар.
Газетанинг нишона сони 17 июль, жума куни тиббиётчиларга тарқатилди. Мана, қўлимизда ўша газета. Икки – қора ва кўк рангда босилган. 1-саҳифада вилоят ҳокими "Муштарийларга табрик" йўллабди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири эса эзгу ишларни қадрлаб ва қутлаб газетага "Оқ йўл!" тилабди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги матбуот бошқармаси табриги, шоира Дилбар Бонунинг "Шифокорларга" шеъри ҳам ўрин олган.
Нишона сонини кўздан кечирибоқ, таҳририят уни ҳар томонлама пухта тайёрлаганига жамоа олдига қўйган мақсадга яраша ижодга киришганига ишонч ҳосил қилдик. Газета номи ёнига тиббиёт даҳоси Абу Али ибн Синонинг "Шифокорда бургутнинг кўзи, шернинг юраги, илоннинг донолиги, аёлнинг қўли бўлиши керак" деган фикрлари доимий талаб ва шиор тарзида жойлаштирилган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг Наманганда бўлиши муносабати билан газета мухбири мухтасар мулоқотга чорлаган.
Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О. А. Қосимов билан мулоқот эса "Халқ соғлиги давлат ҳимоясида" сарлавҳаси билан берилган. Мулоқотдаги фикрларни газета саҳифаларидаги кўплаб мақолалар гўё тасдиқлаб тургандек тасаввур уйғотади.
30 дан зиёд катта-кичик мақолалар ва суратлар жойлаштирилганлиги, уларнинг мавзуси-ю, жанри ранг-баранглиги газета мазмундорлигини таъминлаган. Чортоқ шаҳридаги кўргазмали семинар, касб байрамига бағишланган тантанали қабул, тайинловлар, суғурта тиббиёти муҳокамаси, ҳамкасбларнинг фикр– мулоҳазалари, Республика Олий Мажлиси депутати Маҳмуджон Аҳадовнинг эътирофлари, вилоят фавқулодда эпидемияга қарши комиссия йиғилишининг тафсилоти, республикада ягона бўлган вилоятимиз шифокорларининг соғломлаштириш маскани – тиббий санитария қисми Косонсойда ишга туширилгани, хусусий табобатхона, намунали дорихона ҳақидаги ахборотлар, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кўмитаси раиси А. Ғаффоровнинг "Биз бир– биримизга меҳрибон бўлайлик", фалсафа фанлари номзоди, доцент С. Норқўзиевнинг "Маънавият сабоқлари", вилоят санитария-эпидемиология станцияси бўлим мудирлари З. Анорқулов ва Г.Нишоноваларнинг "Тозалик ойнаси" рукни остидаги "Лоқайдлик қачонгача?","Номига яраша бўлсин" сарлавҳали танқидий чиқишлари, "Ҳар тўғрида"ги қизиқарли хабарлар, "Кулги шифо" латифалари газета шифокорларнинг ҳаётини тўлақонли ёритиш йўлида аниқ режали фаолият бошлаганини англатиб турарди.
Демак, ижодий жамоага билдирилган ишончни оқлаш учун уларда етарли билим, маҳорат, куч, қобилият ва имкониятлар мавжудлиги шак-шабҳасиз эди. Газета шифокорларнинг энг яқин, энг қулай, энг ишончли минбарига айланишига тезда улгура олди. Муҳаррир Раҳматилло Усмонов, унинг ёнида журналист Абдунаби Қорабоев таҳририятнинг ташкилий ишлари тўкис бўлиши учун елиб-югуриб, куйиб-пишиб, ҳаракат қилгани самараси тобора кўзга кўрина борди.
Таҳририятга 2008 йил октябр ойидан муҳаррир этиб тайинланган Рустам Шарипов қисқа муддат фаолият юритди.
2010 йилнинг мартидан "Шифокор ва ҳаёт" газетасига раҳбарлик таниқли журналист Абдулла Ғозиевга ишониб топширилди. Сабр-тоқат билан обуначилар сафини кенгайтириш, ходимларнинг ўз вазифасига масъулиятини кучайтириш, қатъий меҳнат интизомини йўлга қўйиш янги муҳаррирнинг домий диққат марказида турди. Йилнинг охирига бориб, таҳририят ишини яхшилашга эришилди. 2011 йилдан янада ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилди. Буларнинг барчаси "Шифокор ва ҳаёт"ни ўқимишли ва таъсирчан матбуот нашрига айлантиришга олиб келди.
Абдулла Ғозиев ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчан инсон. У юқоридан бериладиган ҳар бир топшириқни вақтида, тўла-тўкис бажармагунича тиниб-тинчимайди. Таҳририят ходимларидан ҳам топшириқлар натижасини қатъий талаб этади. Ижро интизомига жуда эътиборли. Бу эса таҳририят ишининг тобора яхшиланишига, газетанинг қиёфаси-ю, мазмун-мундарижаси ўзига хос тайёрланишига олиб келмоқда. "Шифокор ва ҳаёт"ни кўрган ва ўқиганлар шуни дарров пайқашади. Кейинги пайтларда мухлислардан яхши эътирофларни кўпроқ эшитяпмиз. Эътирозлар эса йўқ ҳисоби.
Моҳир муҳаррир, қалами ўткир ижодкор айни маҳалда фаол жамоатчи ҳамдир. Вазифасига, жамоасига дахлдор бўлган маънавий-маърифий ишларга мутасаддилик унинг зиммасига бежиз юклатилмаган. А.Ғозиев бошқарманинг Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси ўринбосари сифатида доимо жонкуярлик кўрсатаётир. Барча даволаш – профилактика муассасаларининг маънавий-маърифий ишларига масъул шахсларга ҳамиша услубий ёрдам беради. Турли тадбирларда қатнашади, уларни газеталарда изчил ёритилишини таъминлаб боради. Унинг "Соғлом турмуш" медали билан тақдирлангани эса 2020 йилги Ковид пандемияси шароитида мардона фаолият юритганининг муносиб қадрланиши бўлди.
Рустам Мамадалиев кўп йиллар газета мухбири бўлиб ишлаган,
ҳозирда меҳнат фахрийси.
Газетамиз кичик жамоаси йилдан йилга катта ютуқларга эришиб келмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Рустам Мамадалиев, Аъзамжон Акбаровларнинг "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танлови ғолиблари бўлишгани, ёш ижодкор Манзура Абдуллаеванинг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари қаторига қўшилгани ҳали ҳануз кўнглимизни фахру ғурур туйғуларига тўлдириб туради.
Таҳририятимизда сўнгги ўн йилда бирга қалам тебратиб, ўз мухлисларига эга қаламкаш Манзура Эргашева чинакамига юксак обрў-эътибор топди. Эндиликда "Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири вазифасида фаолиятини давом эттирмоқда.
Бугун шу қутлуғ даргоҳда ишлаб кетган Аҳмад Турсун, Баҳодир Ҳамидов, Муҳаммадхон Акрамов, Мусохон Акмалов, Соҳибжон Рафиқов, Муҳаммаджон Нишонбоев, Хайрулло Шохўжаев каби ижодкор инсонларни мамнуният билан ёдга оламиз.
Роҳилахон Алиқулова кўп йиллар таҳририятда иш юритувчи вазифасини бажарган,
ҳозирда меҳнат фахрийси.
Аъзамжон Акбаров умрининг сўнггигача газета фотомухбири бўлиб ишлаган.
Йиллар сиз билан бизни ҳамиша улғайтиради, ёшимизга ёш қўшаверади. Ниҳоят пенсияга кузатилиши мавридига етиб келамиз. Бугунги кунда оиласи бағрида кексалик гаштини сураётган Садриддин Тўхтасинов, Роҳилахон Алиқулова ва Рустамжон Мамадалиев сингари сафдошларимиз ана шундай пиру бадавлатлик мартабасига эришишган.
Содиқ САЙҲУН,
«Шифокор ва ҳаёт» газетаси муҳаррирининг ўринбосари,
«Шуҳрат» медали соҳиби.