Ибодат СОАТОВА,

"Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони соҳибаси, "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш –

Здравоохранение Узбекистана" газетасининг бош муҳаррири ўринбосари

Авваламбор, мамлакатимиз тиббиёти тарғиботчилари тарихида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган "Шифокор ва ҳаёт" газетаси жамоасини севимли нашрнинг 25 йиллик юбилей санаси билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Буюк ва муқаддас Ватанимиз – мустақил Ўзбекистон бугун ўз мустақил йўли, ўз сўзи билан дунё ҳамжамияти орасида ўзига хос мус­таҳкам нуфуз ҳамда мавқега эга бўлиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқ­парвар сиё­сатни тарғиб этадиган қалам аҳлининг Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни каттадир. Шарафли хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқ.

Биламизки, ижод аҳли, айниқса, журналистлар рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ касб эгаларидир. Айнан, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси жамоаси ҳам бугун ижод ва тафаккурнинг таъсирчан муҳитида шаклланиб, элу халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритишда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, "Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда "тўртинчи ҳокимият" даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби" деган фикр­ларига монанд тарзда фаолият юритмоқда.

Тан олиб айтиш керакки, тиббиёт ислоҳотлари йўналишида ўз ўрни ва ўқувчисига эга "Шифокор ва ҳаёт" газетасини бугун республиканинг турли нуқталаридан топиш мумкин. Эътиборлиси, бу газета тиббиёт нашрлари орасида энг кўп тиражни ташкил этади. Албатта, бундай натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг замирида жамоанинг тинмай изланиши, ўз устида ишлаши ва касбга бўлган муҳаббатининг ҳақиқий мужассамлиги ётади. Шундай экан, мен авваломбор, ўзининг 25 йиллик фаолиятини нишонлаб, бугунги кунда ўз нуфузига эга бўлган газетани ташкил этиш ва бир неча йиллар давомида фидойиларча меҳнат қилиб келган, минг афсуки, бугун орамизда йўқ камтарин ва самимий ҳамкасбларим – газетанинг бош муҳаррири Раҳматилло Усмонов, бош муҳаррир ўринбосари Аҳатхон Аҳмедов ва фотомухбир Аъзамжон Акбаровларнинг номларини самимият билан тилга олгим келди. Улар ҳаёт бўлмасалар-да, ибрат мактаблари биз ва жамоа учун бой меросдир.

Хусусан, кўп йиллик тажрибага эга устоз Абдулла ака Ғозиев, Содиқ Сайҳун каби фидойи журналистларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатлари билан газета ўз нуфузига эга бўлиб, обрў-эътибор қозониб келмоқда.

Ҳозирги вақтда мазкур газета халқимизнинг нафақат тиббий, балки илмий-маърифий, маънавий-маданий савиясини юксалтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида ҳам ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётгани эътиборга ло­йиқдир.

Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, таҳририятнинг фидойилари бўлган, турли долзарб масалаларни қалбидан, юрагидан ўтказиб, бу соҳанинг бошқа тармоқлардан кам бўлмаслиги учун доимо интилиб яшайдиган Сиз таҳририят ходимларини ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Устоз ижодкорларнинг ижод мактаби ўз натижасини кўрсатаётгани барчамизни бирдек қувонтириши табиий. Уларнинг фидокорона меҳнатлари ҳали кўп бор ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, деган фикрдаман.

Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингизнинг ўзи катта бахтдир.

Сиз азиз ҳамкасбларимни ижод бобидаги қувончли сана билан яна бир бор қутлар эканман, ижодий баркамоллик ҳамроҳингиз бўлсин, эл назаридан қолманг, дейман. Оилангиздан фаровонлик, дастурхонингиздан тўкин-сочинлик аримасин.