Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга хизмат сафари тафсилотлари

Соғлиқни сақлаш тизимини хорижий илғор тажриба асосида янада такомиллаштириш бў­йича вазифалар ижроси доирасида ҳамда тиббий таълим, фармацевтика ва давлат-хусусий шериклик йўналишларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация шу йилнинг 7-13 май кунлари АҚШда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафар давомида делегация АҚШ ҳукуматига қарашли ташкилот ва тузилмалар ҳамда хусусий олий таълим муассасалари, хусусий сектор вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, муҳим келишувларга эришилди.

 

ТИББИЙ ТАЪЛИМ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Ташриф чоғида Америка Қўшма Штатларининг 6 та, жумладан Гарвард, Колумбия, Сент Луис, Жанубий Каролина, Вебстер ҳамда Небраска олийгоҳлари билан тиббиёт ва тиббий таълимни ривожлантириш бў­йича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Мазкур университетлар АҚШ олий таълим тизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган Higher Learning Commission (Олий таълим қўмитаси) томонидан аккредитациядан ўтган, биринчи ТОП-100 та муассасалар қаторига киради.

Гарвард университети геномика маркази билан тиббий-генетика соҳасидаги марказни ташкил этиш, уни энг сўнгги ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, АҚШ университетида ўзбекистонлик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими раҳбар кадрларини ўқитиш, тиббий генетика мутахассислиги бўйича малакали тренерлар тайёрлаш, таълим бўйича Гарвард университети билан юртимиздаги соҳага дахл­дор олий ўқув юртлари, ихтисослашган марказлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий алоқаларни кенгайтириш режалаштирилди. Тошкент тиббиёт академиясининг Биотехнологиялар маркази таркибидаги генетик илмий лаборатория базасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга розилик билдирилди.

Бинобарин, Ўзбекистонда ташкил этиладиган Тиббий генетика марказининг архитектураси, дизайни, стратегия ва концепциясини биргаликда ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилди. Массачусетс штатида жойлашган мазкур муассасага 1636 йилда асос солинган. Бу ерда 21 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Хусусан, университетнинг Бостон шаҳридаги Гарвард тиббиёт мактабида соғ­лиқни сақлаш соҳасининг деярли барча йўналишлари учун мутахассислар тайёрланади.

Ушбу муассаса битирувчилари орасидан 75 нафар Нобель мукофоти совриндори, АҚШнинг саккиз нафар президенти чиққан.

Колумбия университети билан учрашувда тўртта йўналиш – соғлиқни сақлаш, менежмент, ҳамширалик иши ва стоматология бўйича юртимиздаги барча тиббиёт олий ўқув юртлари, хусусан, Тошкент давлат стоматология институти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси стоматология соҳасида илмий грант лойиҳаларини рўёбга чиқариш, бу йўналишда ординатура ва докторантура таҳсилини йўлга қўйиш, юқори босқич талабаларининг академик алмашинувини таъминлаш, ўқитувчилар касбий малакасини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ушбу олий ўқув юрти қарийб 270 йиллик тарихга эга. Муассаса жаҳон рейтингида юқори поғоналарни банд этиб келмоқда. Қолаверса, у Қўшма Штатлардаги энг йирик тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Бу ерда бакалавриат, магис­тратура ва докторантура босқичлари бўйича 18 та факультетда таҳсил олаётган талабалар сони 33 минг нафардан ошади. Уларнинг 11 минг нафардан зиёди хорижий давлатлар фуқароларидир. Колумбия университетининг асосий кампуси Нью-Йоркнинг нуфузли тумани – Манхеттенда жойлашган. Вашингтон-Ҳайтс тиббиёт маркази эса асосий тадқиқот муассасаларидан бири ҳисобланади.

Ўқув юрти битирувчилари орасидан 104 нафар Нобель мукофоти, 30 нафар давлат раҳбари, жумладан, АҚШнинг тўрт президенти чиққан. Жаҳон фармацевтика бозорида университет олимларининг кашфиёт ва ихтиролари (артрит, глаукома, саратон муолажасида қўлланиладиган дорилар ва ногиронлиги бор шахслар учун протезлар) ном қозонган.

Жанубий Каролина тиббиёт университети билан болалар нейрохирургияси, трансплантология, ўзак ҳужайралари трансплантацияси (суяк кўмиги трансплантацияси) бўйича тиббиёт ходимларини тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди. Яъни, ушбу ҳамкорлик доирасида Жанубий Каролина тиббиёт университети билан талабалар, ўқитувчи-профессорлар алмашинуви йўлга қўйилади. Жанубий Каролина тиббиёт университетидаги "Global health" ва "Global surgery" амалдаги дастурларида талабалар, ўқитувчилар, ёш шифокорлар билим ва маҳорат ошириш учун имкониятлар кенгайтирилди. Ўзбекистонда ўқитиш ва беморларни даволаш жараёнларини яхшилаш учун йўналтириладиган қисқа ва узоқ муддатли грантлар тақдим этилади. Бунда АҚШ университетлари мутахассислари даволаш методикаларини оммалаштириш, Соғлиқни сақлаш вазирлигига устувор йўналишларни белгилаб олишда кўмаклашиш мақсадида юртимизга юборилади.

Шунингдек, делегация аъзолари Жанубий Каролина тиббиёт университети клиникасида бўлиб, бу ерда йўлга қўйилган замонавий диагностика ва даволаш усуллари, инновацион тиббий технологиялар ҳамда янги усулдаги мураккаб жарроҳлик операциялари билан танишдилар.

Эътиборлиси, вазир Амрилло Иноятов Жанубий Каролина тиббиёт университети президенти Дэвид Коул билан ҳам музокаралар олиб борди. Чарльстон шаҳрида жойлашган мазкур олий тиббиёт ўқув юрти бундан салкам 200 йил аввал ташкил этилган. Халқаро рейтингда 56-поғонада эътироф этилади. Университет 6 та – тиббиёт, фармацевтика, ҳамширалик иши, олий мактаб, стоматология ва соғлиқни сақлаш касблари коллежларидан таркиб топган. Муассасани йилига 3000 дан ортиқ талаба тамомлайди. Унинг қарийб 25 минг кишилик жамоаси халқаро даражада тан олинган профессор-ўқитувчилар ва шифокорлардан иборат. Ўқув юртининг 10 қаватли тиббиёт марказидан университет клиникаси, Психиатрия институти ва болалар шифохонаси ўрин олган. Энг муҳими, бу ерда йўлга қўйилган илғор таълим стандартлари ва инновацион ўқитиш методикалари халқаро миқёсда юксак эътироф этилади. Университет президенти Дэвид Коул 2014 йилдан буён мазкур олий ўқув юртига раҳбарлик қилади. Шу даврда бу ерда кенг кўламли ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, университет тиббий хизмат ва телемедицина дастурлари бўйича мамлакатда етакчилардан бирига айланди. Шу билан бирга муассаса таркибида "MUSC Shawn Jenkins Children's Hospital" замонавий болалар шифохонаси қурилди. Университет клиникаси кетма-кет 8 йил Жанубий Каролинадаги "Энг яхши шифохона" сифатида эътироф этилган.

Тошкент Вебстер университети қошида, шунингдек Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Бухоро тиббиёт олийгоҳларида "Тиббиётда менежмент ва маркетинг", "Ҳамшира – анес­тезиолог", "Физиотерапевт-реабилитолог" таълим йўналишларини тузиш, "соғлиқни сақлаш менежменти" йўналишида йилига 100 нафар ўзбекистонлик мутахассисларни қайта тайёрлаш, тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тажрибаларини ўрганиш ва тадбиқ қилиш бўйича меморандумлар имзоланди.

Делегацияни Вебстер университети президенти Жулиан Шустер ва 100 дан ортиқ жамоа вакиллари кутиб олди. Вебстер университети профессор-ўқитувчилари иштирокида, кенг форматда ўтказилган учрашувда икки томонлама ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва педагог кадрлар тайёрлаш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш истиқболлари ҳақида келишиб олинди. Шундан сўнг вакилларимиз, университетнинг тиббиёт йўналишидаги таълим жарёнлари, илғор методикалари билан яқиндан танишдилар. Дунё бўйича алоҳида нуфузга эга ушбу нодавлат олий таълим муассасаси 1915 йилда ташкил этилган бўлиб, бешта академик департаментдан таркиб топган. Бу ерда дунёнинг қарийб 140 мамлакатидан 10 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Соғлиқни сақлаш таълим йўналиши – энг нуфузли мутахассисликлардан. Вебстер университети дунёнинг 9 мамлакати – АҚШ, Австрия, Недерландия, Греция, Швейцария, Хитой, Сингапур ва Гана давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам кампусларига эга.

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институтида қўшма дастурлар асосида магистратура бўйича 2018 йилдан кадрлар тайёрланяпти. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда АҚШ таълим дастурлари асосида мутахассислар ўқитиляпти.Университетнинг хорижда узоқ муддатли ўқиш бўйича дастурлари АҚШ олий таълим муассасалари орасида энг кучли ўнталикка кирди, Ўрта Ғарбда эса биринчи ўринни эгаллади.

 

ХАЛҚАРО ҲАМЖАМИЯТ ОЛДИДАГИ ТАШАББУС ВА КЕЛИШУВЛАР

БМТ Бош Ассамблеясининг шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган туберкулёзга қарши кураш бўйича юқори даражадаги мажлисига тайёргарлик кўриш юзасидан ташкил этилган интерактив эшитувларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазирликлари, БМТ тузилмалари, парламентлар, маҳаллий ҳукумат, халқаро донорлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, тиббиёт ассоциа­циялари, хусусий сектор вакилларидан иборат 600 дан ортиқ қатнашчи жам бўлди. Мажлиснинг очилишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси раиси Чаба Кёреши, БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад ва Ўзбекис­тон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқди.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг онлайн табригида қайд этилганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил 24 февралдаги резолюциясига мувофиқ, интерфаол эшитувларни ўтказишни Ўзбекистон ва Польша мувофиқлаштириб боради. Буни вазир А. Иноятов ўз чиқишида кенгроқ изоҳлади. Қайд этганидек, бугун юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан туберкулёз хизматининг ислоҳ қилиниши натижасида қарийб 130 минг нафар инсон ҳаёти сақлаб қолинди, касалликка чалиниш кўрсаткичи 43 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 84 фоизга камайди. Ўзбекистоннинг силга қарши кураш бўйича тажрибаси, пульмонология соҳасидаги ислоҳотлари БМТ, ЖССТ доирасида ва халқаро миқёсда яна бир бор юксак баҳоланди ҳамда бошқа мамлакатларга намуна сифатида эътироф этилди.

Ташриф давомида, шунингдек АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID)нинг Глобал соғлиқни сақлаш маъмурияти масъуллари билан мулоқот ўтказилди. Мулоқотда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг сармоявий пакетини кенгайтиришга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди. 8 сентябрь куни ўтказиладиган АҚШ – Ўзбекистон соғлиқни сақлаш форуми давомида янги кегайтирилган Ривожланиш мақсадлари учун грант шартномаси (DOAG)га имзо қўйилади. USAID грантлари асосида рўёбга чиқарилаётган қатор лойиҳалар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш имконини бермоқда. 2020 йилда ушбу агентликнинг мамлакатимизда ваколатхонаси очилиши икки томонлама муносабатлар юқори босқичга кўтарилганини тасдиқлайди. USAID билан узоқ муддатли ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда сил касаллигини видеотасвир ёрдамида даволаш ва қуёш энергияси, сунъий интеллект билан жиҳозланган, мобиль рентген нурлари каби инновацион ёндашувларни қўллашга эришилди. Мазкур хайрли ташаббуслар ҳатто энг олис ва чекка ҳудудларимизда ҳам силга қарши хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди. Бинобарин, Агент­лик пандемия даврида "С0VAX" дастури бў­йича Ўзбекистонга 9,6 миллион доза Pfizer ва Moderna вакциналари етказиб берилишида кўмаклашди. Ўз навбатида, USAID билан фармацевтика соҳасида ҳам алоқалар мустаҳкамланмоқда.

АҚШ Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда давлат-шериклик лойиҳаларини амалга ошириши келишиб олинди. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси (IFC) раҳбарияти билан учрашди. АҚШда IFCнинг Давлат-хусусий шериклик транзакциялари раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида янги кўп тармоқли шифохоналарни қуриш, улардан фойдаланиш ва жиҳозлаш тўғрисидаги келишув билан якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро молия корпорацияси (IFC) ўртасида консалтинг хизматлари кўрсатиш тўғрисида Битим имзоланди. Мазкур ташкилотнинг асосий фаолият йўналиши ривожланаётган мамлакатларда хусусийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни рағбатлантириш орқали уларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашишга қаратилган. Ушбу муассаса кўмагида Қорақалпоғис­тон Республикаси, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида жами 1100 нафар беморга гемодиализ хизматини кўрсатишга мўлжалланган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилаётгани эътиборга молик. Натижада ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ҳамда Хоразм вилоятининг Урганч ва Боғот туманларида гемодиализ марказлари фаолияти йўлга қў­йилди. Тошкент шаҳридаги бундай муассаса ҳам беморларни қабул қила бошлаган.

Шунингдек, Фарғона, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Нурли терапия марказларини ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида Халқаро молия корпора­цияси молиявий маслаҳат хизматлари билан иштирок этяпти. Бинобарин, Фарғона вилоятида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш бўйича умумий қиймати 140 млн. АҚШ долларидан иборат давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ҳам истиқболли деб баҳоланмоқда.

 

ТИББИЙ УСКУНАЛАРНИ БОШҚАРУВ СИЁСАТИ ВА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ

Тиббий асбобларни лойиҳалаш, баҳолаш, тартибга солиш, кадрларни тайёрлаш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқариш ҳамда Республиканинг барча даволаш тиббиёт муассасаларида улардан хавфсиз фойдаланишни йўлга қўйиш ва малакали тиббиёт муҳандислари билан таъминлаш мақсадида Глобал клиник муҳандислар федерацияси (GCEA) билан меморандум имзоланди.

Сентябрь ойида Ўзбекистон – АҚШ тиббиёт форумини ўтказишда уларни жалб қилиш режалаштирилди. Хабарингиз бор, 2020 йил октябрь ойида соғлиқни сақлаш соҳасидаги манфаатдор томонлар билан ҳамкорликда тадқиқотларни илгари суриш ва илғор тажрибаларни алмашиш орқали Клиник муҳандислик мутахассисларининг хал­қаро ҳамжамиятига хизмат қилиш миссияси билан Глобал Клиник Муҳандислик Альянси ташкил этилган.

 

ФАРМАЦЕВТИКА ВА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК

АҚШнинг дори-дармон ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи "General Electric", "Medtronic", "Pfizer" каби йирик компания­ларининг юртимизга инвестиция киритиши масалалари юзасидан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси АҚШ Фармакопеяси билан уйғунлаштирилиши келишиб олинди. Учрашувда ушбу йўналиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини АҚШ Фармакопеясига уйғунлаштириш ва татбиқ этиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Мамлакатимиз тиббиёт тарихидаги бу муҳим келишув келгусида юртимизда дори воситалари сифат назоратининг хал­қаро талаблар даражасида бўлишини таъминлайди. Шунинг­дек, юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг сифат бўйича дунё бозорида рақобатбардошлиги ҳамда экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади.

Фармакопея стандартлари жаҳоннинг 140 дан ортиқ давлатларида амал қилади. Белгиланган мазкур меъёрларга океанорти мамлакатида риоя этилиши АҚШ Озиқ-ов­қат ва дори воситалари сифати назорати бош­қармаси (FDA) томонидан назорат қилинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан "Фармакопея дискуссия гуруҳи" ("Pharmacopeial Discussion Group" – PDG) ташкил этилган бўлиб, АҚШ, Европа ва Япония, шунингдек кузатувчи сифатида қўшилган Ҳиндистон фармакопеяларини ўзаро уйғунлаштириш билан шуғулланиб келмоқда. Ўз навбатида, Давлат фармакопеясини ишлаб чиқишда Америка Қўшма Штатлари фармакопеясидан фойдаланиш, унинг кўп жиҳатдан дунёда етакчи бўлган Европа ва Япония фармакопеялари билан ҳам уй­ғунлаштирилишини таъминлайди.

Фармакопея – бу алоҳида мамлакатда ёки маълум бир ҳудудда ишлатиладиган дори воситалари сифатини таъминлаш учун қонунан риоя этилиши шарт бўлган стандартлар тўпламидир. Замонавий фармакопеяларнинг асосий вазифаси эса дори воситалари сифатига умумий талабларни, шунингдек, фаол фармацевтика субстанциялари, тайёр дори воситалари, ёрдамчи моддалар, реактивлар, реагентлар ва шу кабиларга қўйиладиган алоҳида сифат стандартларини белгилашдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг АҚШга амалга оширган хизмат сафари мамлакатимиз тиббиёт тизимини янада равнақ топиши ва олдинга қўйилган вазифаларни сифатли бажарилишида, хусусан халқаро ҳамкорлик борасидаги келишувлар соҳанинг тараққиёт истиқболи учун янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди.

Ибодат СОАТОВА,

журналист.