Инсон саломатлиги бу катта бойликдир. Иссиқ кунлар бошланиши билан юз ва теридаги касалликлар авжланади. Териси хасталанган бемор бу оддий ҳол, ўтади-кетади, дея бефарқ бўлмайди. Бу ҳолат таъсирида руҳан тушкунликка тушади. Аммо дард борки, давоси ҳам бор.

Тери-таносил касалликлари билан оғриётган беморларни даволаш ишларини янада яхшилаш мақсадида РИД ва КИАТМ Наманган филиалида семинар-тренинг ташкил этилди. Уни бош шифокор Бахтиёр Қодиров кириш сўзи билан очди.  Анжуман машғулотларини Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг дермато-косметология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Бобур Тоиров олиб борди.

Бугунги кунда кўп учраётган соч тўкилиши ҳамда бадандаги чандиқлар сингари касалликларни самарали даволаш ҳамда уларни қайта авжланмаслиги учун муҳим замонавий муолажа турларини қўллаш борасида атрофлича тушунчалар берилди. Мақсад - кўп учровчи касалликларни замонавий усулларда, шунингдек, янги лазер технологиялари ёрдамида даволаш  тажрибасини кўрсатиш эди.

-  Айрим касалликларни  фақат пойтахтда даволаш мумкин, деган тушунча бор. Аслида ундай эмас. Муолажаларни вилоят ва туманлардаги шифохоналарда ҳам ҳудудий дерматологлар бажаришлари мумкинлигини кўрсатиб ўтяпмиз, - дейди тиббиёт фанлари доктори Бобур Тоиров. - Чунки ҳудудларда ҳам етарли асбоб-ускуна ва малакали врачлар бор. Шунинг учун замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш муолажалар сифатини янада оширади. Бу эса касалликни барвақт аниқлаш ва даволашда муҳим саналади. Энг асосийси беморларнинг даволанишда оворагарчиликлари олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Таниқли шифокордан замонавий  даволаш йўлларини ўрганган маҳаллий дерматологлар амалий кўникмалар ҳосил қилишди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.