Вақт аталмиш абадият олами саҳнида зоти шариф инсонгина ўзининг қутлуғ изларини қолдиришга қодир. Негаки, у кун чиқишидан кун ботишига қадар, тун тушишидан тонг отишигача бўлган ҳар сонияни, ҳар дақиқани, ҳар соатни ҳисоб-китоб билан ўтказади. Ҳамиша ишлаш учун куч тўплайди, куч тўплаш учун дам олади.

Бошқача айтганда, сира-сира тиним билмайди. Оила раҳнамолари фақат ўзлари учунгина эмас, хонадон аъзолари фаравонлиги учун, уй-жойи, бола-чақаси учун яшайди. Оиласи тўкис кун кечирса, маҳалласидан тинчлик, осо­йишталик аримайди. Тўю томошалар кўпаяди. Бу - жамият ривожи дегани, бу - ватан тараққиёти дегани, бу - халқимиз хотиржаму ҳаловатли умрга ошно дегани. Истиқлол - бизга шуни насиб айлади, истиқлол - бизга ислоҳотлар бахту иқбол беражагини амалда намоёнлади, истиқлол - бизга бугун эртанинг порлоқ бўлиши учун бор куч-қувватимизни ҳеч аямай сарфлашга ўргатди. Муҳимлардан муҳими, бир-биримизга меҳр-оқибатимиз қанча зиёдалашса, қалбларимиз шунча ҳаётдан розилик, шукроналик туйғуларига тўлиб-тошишига бўлган ишончимизни мустаҳкамлади. Буни 2021 йилни кузатаётган паллада янада теранроқ англаб етдик.

Президентимиз Ўзбекистон хал­қига Янги йил табригида: "Юртимизда кенг кўламли ислоҳотларимиз барқарор тус олди. Уларни янада ривожлантириш мақсадида биз Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг асосида "Инсон қадри учун" деган улуғвор ғояни амалга оширамиз.

Биз янги йилга ном беришда кенг жамоатчилик фикрларини ўргандик. Ана шу таклифлардан келиб чиқиб, мен Янги - 2022 йилни мамлакатимизда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилишни таклиф этаман" дея таъкидлаганларида кўнгилларимизга ажиб нурафшонлик югурди. Ахир қаерда инсон қадр-қиммат топса, улуғланса, ўша жойдан қут-барака ва тараққиёт аримайди. Ҳаётнинг файзу таровати барчага бир олам қувонч бағишлайди. Эртанги кун умиди ҳар бир кишида ҳалол ва фаол яшаш ва ишлаш иштиёқини кучайтираверади. Умримизга безак бўлгувчи эзгу амалларимиз барқарору бардавомлик касб этаверади.

Маҳалла - Ватан ичидаги мўъжаз ватан. Ҳар биримиз кичик ватанда туриб, Янги Ўзбекистонимизнинг янгича дунёқарашдаги фуқароси эканимизни чуқур идрок қилган ҳолда Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришга ўзимизнинг ҳиссамизни изчил қўшишимиз шарт. Зеро, инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистоннинг сизу биздек фуқароларига худди шу саъй-ҳаракатлар муносибдир.

Содиқ САЙҲУН.