Абдулҳоди ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи

Сайловлар демократия кўзгуси. Мамлакатимиз ўз тарихидаги яна бир муҳим сиё­сий воқеа арафасида. Ўтаётган ҳар бир кун элимизни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тобора яқинлаштирмоқда. Жорий йил 24 октябрь куни халқимиз хоҳиш иродасини ифода этиб, юртимизнинг эртанги тараққиётини, нурафшон келажагини ўйлаб, Президентликка кўрсатилган номзодлардан энг муносиби учун овоз беради.

Сайловолди тарғиботи даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир номзод ўзининг сайловолди дастурини баён этар экан, ижтимоий соҳадаги муаммоларга, айниқса аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан мамнунмиз.

Зеро, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даражасини янада юксалтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Қабул қилинган қонунлар, Президент Фармон ва Қарорларида тиббиёт тараққиётига эришишнинг муҳим вазифалари белгилаб берилган ва улар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Келажакда ҳам бу йўналишдаги эзгу ишлар изчил давом эттирилиши кўзда тутилмоқда. Яъни:

- Келгуси икки йилда 17 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда Наманган шаҳрида 5 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.

- Қон босими ва онкологик касалликларини даволаш учун, аҳолига энг зарур дори воситалари бепул етказилади.

- Буйрак касалликларини эрта аниқлаш мақсадида, барча бирламчи тиббиёт муассасалари экспресс-тест воситалари билан таъминланади.

- Онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун 45 ёшдан ошган 210 минг аёл ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилади.

- Уйчи, Янгиқўрғон ва Чустда 3 та туманлараро перинатал марказлар ташкил қилинади.

- Учқўрғон ва Попда 2 та ўткир қон-томир касалликлари марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Уларда гемодиализ хизмати ҳам кўрсатилади.

Шунингдек, ҳар йили 430 минг нафар болалар ва ҳомиладор аёллар витаминлар билан бепул таъминланади.

- Косонсой, Норин, Поп, Учқўрғон, Чуст, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Янгиқўрғон ва Чортоқда урология ва эндокринология йўналишлари бўйича; Учқўрғон, Норин, Чортоқ, Тўрақўрғон, Наманган, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Косонсойда неврология ва эндокринология йўналишлари бўйича Республика ихтисослашган марказлар вилоят филиалларининг туманлараро бўлимлари ташкил қилинади.

- Янгиқўрғон, Давлатобод туманлари тиббиёт бирлашмалари лапароскопик ускуналар билан таъминланиб, каминвазив операциялар ўтказиш йўлга қўйилади.

- Аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилади.

- 350 нафар туғма юрак нуқсони бор болалар юқори технологик операцияга муҳтож. Уларни бепул даволаш йўлга қўйилиб, бунга 14 миллиард сўм йўналтирилади.

- Юқори технологик, мураккаб жарроҳлик операциялар кўламини кенгайтириш учун Кардиология марказининг Наманган филиали 9 миллион евролик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

- Травматология ва ортопедия марказининг Наманган филиалига янги бино ажратилади ва моддий техник-базасини яхшилашга 21 мил­лиард сўм йўналтирилади.

- Наманган шаҳрида хал­қаро университет ва замонавий клиникадан иборат Тиббиёт кластери ташкил этилади.

Бу ғоя ва мақсадларнинг рўёбга чиқарилиши билан вилоятимиз тиббиёти имкониятлари кескин равнақ топади. Ўз навбатида юртдошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ҳам мислсиз равишда юксалади. Демак, вилоят соғликни сақлаш соҳасининг эртанги куни янада порлоқ ва умидбахш. Шундай экан, гап малакали ва билимли кадрларни тарбиялашда қолмоқда. Эндиликда саломатлик посбонлари замон талаблари асосида янгиланаётган ва тараққий этаётган тиббиётга муносиб лаёқатга эга бўлиш учун изланишлари, билимларини янада бойитишлари талаб этилади.