Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ёши улуғ шифокорлар иштирокида давра суҳбати ташкилланди. Мазкур тадбир мамлакатимизда ўтказилаётган "Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат" шиори остидаги ҳафталик доирасида уюштирилди.

Анжуманни филиал директори Аброржон Алижонов олиб борди. Юртимизда нуронийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром кўлами йил сайин ортиб бораётганлигини таъкидлади. Бинобарин, "Кексалар ҳафталиги" дастури асосида амалга оширилаётган хайрли ишлар шулар жумласидандир.

Давра суҳбати ғоят қизиқарли кечди. Унда соғлиқни сақлаш соҳасининг ўтмиши ва бугуни ҳақида фикр юритилди. Тизим тараққиётига тамал тоши қўйган фидойи саломатлик посбонлари эсланди.Тиббиёт соҳасида, айниқса шошилинч тиббий хизмат тизимида узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари сўз олиб, кўрсатилган чексиз эътибор учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.

- Бутун фаолиятим давомида қасамёдимга содиқ қолиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил хизмат қилдим. Қанчадан-қанча беморларнинг умрини узайтиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшдим. Меҳнатларим асло зое кетмади. Эл ардоғига эришиб, ҳамкасбларим ихлосини қозондим, - дейди 77 ёшни қаршилаган жарроҳ Абдулла ота Қозоқов. - Илгариги шароитлар билан бугунги имкониятларни асло таққослаб бўлмайди. Давлатимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган сиёсати самараси ўлароқ ҳавас қилса арзийдиган шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Филиалнинг бугунги қиёфаси, бугунги салоҳияти таҳсинга лойиқ. Биз бошлаган эзгу ишларни астойдил давом эттираётган ҳозирги авлод вакилларига омадлар ёр бўлсин.

Меҳнат фахрийлари Алишер Тожибоев ва Роҳатхон Абдуллаевалар ҳам шифокору ҳамшираларга панду насиҳатларини баён этишди. Ҳалол ва фаол хизмат қилиб, эл-юрт олқишини олган ходимлар асло кам бўлмаслигини айтишди. Касбий маҳоратни тинмай ошириб бориш, тажрибали мутахассислар маслаҳатларига амал қилиш муҳимлигини уқтиришди.

Таниқли нейрожарроҳ Шермуҳаммад Ўринов яқинда табаррук етмиш ёшини қаршилайди. Умр бўйи халқ хизматига камарбаста бўлиб келаётган шифокор ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. Шошилинч тиббий хизматнинг энг тезкор йўналиши - санитария авиацияси бўлимининг энг етук мутахассисларидан биридир. Унинг сўзлари барчада катта таассурот қолдирди.

- Тиббиёт замон билан ҳамнафас равишда жадал ривожланмоқда. Айни пайтда қатор юқори технологик амалиётлар жорий этилмоқда. Лапароскопия, компюьтер томографияси, телемедицинанинг кириб келиши билан касалликларни самарали ташхислаш ва даволашга эришилмоқда. Соҳада фаолият олиб бораётган шифокорларни фан сирларини мукаммал ўрганишга, техника ютуқларини изчил ўзлаштиришга чақираман, - деди жонкуяр нуроний.

Тадбир ниҳоясида нейрожарроҳ Алишер Тожибоев тантанали равишда нафақага кузатиб қўйилди. Меҳмонларга филиал маъмуриятининг эсдалик совғалари топширилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.