Янгиқўрғон тумани маданият марказида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Боситхонова раислигида семинар тарзидаги "Маҳорат дарс­лари" ташкилланди.

Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пункт­ларининг мудирлари, бош ҳамширалар иштирок этган мазкур семинар мавзуси шу йилнинг 1 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар, уларнинг ижросини қай тартибда амалга ошириш ва соҳадаги долзарб вазифаларга қаратилди.

Э. Боситхонова вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати, тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тадбиқ этилиши, "маҳаллабай" ишлаш тизими жорий этиш жараёнлари ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, бирламчи тиббий - санитария муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, тиббий хатлов жараёнлари ва уларнинг кейинги босқичлари, оила шифокори ва патронаж ҳамшираларнинг вазифаларини аниқ тушунтириб берди.

Жумладан, бирламчи тизим раҳбарларига ўзининг ҳудудидаги "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" рўйхатига киритилганларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида аниқланган беморлар рўйхатини алоҳида шакллантириш ва уларга мақсадли ёрдам кўрсатиш лозимлиги уқтирилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, маҳаллалардаги "Саломатлик мактаб"ларида тар­ғибот-ташвиқот воситаларидан унумли фойдаланиш ҳақида ҳам қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди.

Оила шифокорининг иш режасини шакллантиришда қайси омиллар ғоят муҳим эканлиги тушунтирилди. Қишлоқ ва маҳаллаларда, чекка ва олис ҳудудларда Мобил бригадаларни ташкиллаш ва аҳолини ихтисослашган тиббиёт марказларга юборишда оила шифокорининг йўлланмаси ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини мукаммаллаштириш, тиббий хизматни электронлаштириш, коронавирусга қарши эмлаш жараёнларида одамлар билан муомала маданиятини тўғри йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.

- Бугунги семинар ишларимизнинг янада унумдор ва тартибли бўлишида асқотади, - деди Мирзаолим Парпиев. - Чунки, вазир ўринбосари бирламчи тизимга оид барча вазифаларни аниқ мисоллар билан тушунтириб берди. Ишни тизимли ташкил этишда нималарга эътибор беришимиз кераклигидан тортиб, бемор билан бўладиган мулоқотгача берган тавсиялари биз учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди.

Дарҳақиқат, бундай семинарлар Уйчи ва Наманган туманларида ҳам ўтказилди. Уларда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдилходи Иминов иштирок этди.

Манзура ЭРГАШЕВА.