Вилоятимизда кун сайин коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари доираси кенгайиб бормоқда. Дастлаб Наманган шаҳрида бошланган вакцинациялаш жараёнлари эдиликда туманлар ҳудудларига ҳам ёйилмоқда. Бинобарин, ғоят муҳим тиббий тадбирга Тўрақўрғон туманида ҳам пухта тайёргарлик билан киришилди. Ҳозир тумандаги 22 та эмлаш пунктининг барчасида аҳоли гавжум. Фуқаролар ўз ихтиёрлари билан эмлаш пунктларига келиб, вакцина қабул қилишда фаоллик кўрсатишмоқда.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги эмлаш шаҳобчасида айниқса иш қизғин. Ташриф буюрувчиларни аввал шифокорлар тиббий        кўрикдан ўтказишяпти. Иммунологлар Муҳаммадвали Мамаджонов ва Замира Умарованинг қабулида бўлган кишилар навбатма-навбат эмлаш хонасига киритилмоқда. Малака ошириб, касбий кўникмасини бойитган Иноят Ваҳобова, Гулсора Акбарова ва Ҳулкархон Мамарасуловалар тезкор равишда вакциналашни амалга ошириш­япти.

Ҳозиргина эмланган Собиржон ота Тожибоевни дам олиш хонасида суҳбатга торт­дик.

- Ёшим етмиш бирда. Турмуш ўртоғим билан келиб, биринчилардан бўлиб вакцина қабул қилдик. Халқимиз саломатлиги йўлида ғамхўрлик қилаётган давлатимизга минг раҳмат. Элимизни коронавирус балосидан асраш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан барчамиз мамнунмиз. Хавфли касалликдан ишончли ҳимоя қилишда вакцинанинг аҳамияти ғоят муҳимлигини ҳис этиб турибмиз,- дейди у.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, эмлашнинг биринчи босқичида туманда 8 минг 620 нафар 65 ёшдан ошган нуронийларни вакцинациялаш кўзда тутилган. Шунингдек, салкам минг нафар тиббиёт ходими ҳам эмланади.