ёхуд саратонни қаритиш ўз умрига ўзи зомин бўлишдир

Ўсма касалликлари кейинги йилларда дунё аҳолиси ҳаётига бетиним тажовуз қилаётир. Унга чалиниш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ер шари аҳолисининг 27 миллиони саратондан озор чекмоқда. Шулардан 16 миллиони статистик рўйхатга киритилган. Бу кўрсатгич Ўзбекистонда 100 000 кишини ташкил этади. Тўғриси, аҳоли ўртасида аниқланмаган ўсма хасталикларининг фоизи ҳам юқори. 2030 йилга бориб ушбу кўрсатгич 2-3 баробарга кўпайиш эҳтимоли бор. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига биноан айтадиган бўлсак, дунёдаги ўлим ҳолатлари:

ўпка, кўкрак бези, ичаклар, простата бези, ошқозон, жигар, бачадон ва бачадон бўйни, қизилўнгач, сийдик қопи ҳамда, лимфа безлари саратони туфайли рўй беряпти.

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида эса фақат кўкрак бези, ошқозон, бачадон ва бачадон бўйни саратонидан вафот этиши кузатилмоқда.

Ўсма касалликларининг хавфли, хавфсиз ва чегара-оралиқ турлари мавжуд бўлиб, улар бир қатор факторлар таъсири остида ривожлана бошлайди. Яъни саратоннинг сабабларини қуйидагича изоҳлашимиз мумкин:

1. Атмосфера ҳавосининг ва атроф муҳитнинг ёмонлашуви ва ҳаво таркибида канцероген моддаларнинг ортиб кетиши;

2. Аҳоли ўртасида нотабиий озиқ-овқат маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш ва сунъий маҳсулотлардан фойдаланиш, табиий сабзавот ва меваларни кам истеъмол қилиш, тамаки чекиш ва спирт­ли ичимликларни кўп ичиш;

3. Фаол ҳаракатнинг пасайиб кетиши, ортиқча вазн тўплаш;

4. Инфекцияларнинг тўқима ва ички аъзолар хужайраларида узоқ вакт сақланиб қолиши. Вирусли инфекциялар одам папилломаси вируси, Хеликобактерия, гепатит В ва С, ВИЧ инфекциялар, Т-ҳужайрали лейкоз вируси, Вирус Эпштейна-Барри билан ҳужайранинг шикастланиши ва ниҳоят вақтида даволанмаслик;

5. Организм иммунитетининг сусайиб кетиши;

6. Ирсий факторларнинг сақланиб қолиши.

Юқоридаги факторларнинг ўзаро таъсири остида саратон аста-аста босқичма-босқич ривожлана бошлайди. Аввалига қайси орган ёки тўқима бўлишидан қатъий назар зарарли факторлар ҳужайранинг нормал морфологик тузилишини ўзгартиради. Ўзгарган ҳужайра яъни койлоцитоз пайдо бўлиб, диспазиялар бегона, ёт тўқима пайдо бўлади. Минг афсуски, улар фақат олинган суртмада микроскопик усулдагина аниқланади, холос.

Ҳужайраларнинг ноанъанавий кўпайиши ва ўсиши оқибатида саратон ҳужайралари вужудга келиб, секинлик билан ортиб боради. Сўнгра тўқима ҳужайраларида бош­қариб бўлмайдиган ўсиш давом этади.

Агрессив ҳужайралар тананинг бирламчи пайдо бўлган жойидан бошка жойларга қон ва лимфа томирлари орқали ўтиб кўпайишда давом этади. Ички аъзо ва тўқималарнинг нормал функцияси йўқолади. Ушбу ҳолатни тиббиётда метастаз деб тушунилади. Энг ачинарли ҳолат хасталикнинг 1 - 2-бос­қичида эмас, 3 - 4-босқичларида саратоннинг даволаш тактикалари самара бермаслигидир. Демак, эрта босқичида аниқлаш ва даволашга киришиш ғоят зарур. Агар кечикилса, бу бемор учун ҳалокатлидир. Савол туғилади: Хўш, патогенези, яъни ривожланиш механизми тиббиётга маълум бўлса, унинг олдини олиш ёки эрта бос­қичларда аниқлаш мумкинми? Ҳа деб айтишга ҳам, йўқ деб айтишга ҳам, асосли фактлар бор. Энг асосли, ишончли факт бу ҳозирги кунда аёлларда бачадон бўйни касаллигини эрта аниқлаш скрининг тести мавжуд бўлиб, текширув ривожланган мамлакатларда кенг йўлга кўйилган. Жумладан, бизнинг юртимизда ҳам. Бу оддий усул ПАП тест синамаси деб аталади. Гинекологик кўрикка келган аёлларда суртма олинади ва махсус бўёқларда суртмадаги ҳужайралар бўялиб, микроскопик усулда текширилади. Аниқланган ҳолат бўйича даволаш тактикаси белгиланади. Ҳар икки йилда 1 марта ушбу текширувдан ўтиб туриш аёллар саломатлигининг гарови ҳисобланади.

Кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун гинекологик тиббий кўрик вақтида кўкрак бези пальпацияси ўтказиш ва қўшимча маммографиядан вақтида ўтиб туриш жуда қўл келади. Саратон хасталигини эрта аниқлашда ишончли скрининг тести мавжуд эмас. Бу тиббиётнинг муаммоси.

Скрининг сўзи ингилизча screening "танлаб олиш, ажратиш" сўзидан олинган бўлиб, тиббиётда симптомсиз кечувчи касалликни текширувларга асосан хатарли гуруҳларда эрта аниқлаш маъносини билдиради. Қани энди саратоннинг бошқа турларини аниқлашда ҳам аҳоли учун қулай бўлган ва тиббий нуқтаи назаридан ишончли тест синамаси мавжуд бўлса.

Лекин ПАП скрининг тести мавжуд бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон аёллари ўртасида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони юқорилигича қолмоқда. Ошқозон-ичак тизими касалликларини аниқлашда яширин қон кетишни аниқлаш, колоноскопия, ректороманоскопиялар скрининг тестга киритилган. Нафас йўллари касалликларида балғам суртмасини микроскопик текшируви ва кўкрак қафасини рентгенологик текшируви мавжуд. Ушбу текширув методлари амалиётда қўлланиб келинмоқда. Лекин онкоцитологик текширувлар амалиётда кенг тус олмаган. Онкомаркерларга тўхталадиган бўлсак, табиатда идеал онкомаркерлар мавжуд эмас. Булар фақат нисбий кўрсатгични аниқлайдиган усуллар, холос. Ҳар бир аъзо учун алоҳида онкомаркерлар бўлиб, 100 фоиз аниқ натижага эга эмас.

Онкокасалликка ташхис кўйишнинг олтин стандарти диагностик биопсия текширув усулидир. Ҳозирги кунда шубҳа қилинган ҳар қандай ички аъзо ва тўқимадан биопсия олиш имконияти бор. Биопсия бу тўқимадан намуна олиб, морфологик текширув усулидир. Морфология соҳаси ўсма касалликлари хусусиятини ўрганадиган фан. Яъни морфологик текширув бу - хавфсиз, хавфли ўсма, яллиғланиш жараёнлари, сурункали яллиғланишлар, специфик жараёнларга ойдинлик киритади. Хавф­ли ўсмалар бирданига ривожланмайди. Маълум босқичлар, турли ножўя факторлар таъсири остида тўқимада ҳужайравий ўзгаришлар содир бўлиб, тўхтата олмайдиган ҳужайралар кўпайиши келиб чиқади. Ноанъанавий ҳужайралар кўпайиши, бошқариб бўлмайдиган ҳужайралар ўсиши ва кўпайиши, бошқа орган ва тўқималарга бориб ўсиши, кўпайиши, яъни метастаз берилиши ўсма касаллиги аломатидир. Ёмон сифатли ўсмалар инсон ҳаётига доимо хавф туғдириб туради.

Бундай ҳолатларда даволаш ҳам босқичма босқич олиб борилади. Беморлар доимо онколог врач назоратида бўлиши керак. Даволаш тактикаларини олиб боришда кимётерапия, нур терапия, иммунотерапия усулларидан фойдаланилади. Кейинги вақтда олимларимиз ва ривожланган мамлакатлар онкологик клиникаларида иммунотерапия усуллларидан кенг фойдаланиш тавсия қилишмоқда.

Ҳар бир организм ташқи таъсирларга Оллоҳ томонидан мукаммал қилиб яратилган. Организмда ҳар қандай ёт моддаларга ва зарарли таъсирларга қарши курашувчи иммун тизими мавжуд бўлиб, бу вазифани лимфоид тўқималар амалга оширади. Лимфоцитларнинг Т ва В турлари мавжуд бўлиб, ёт моддалар организмга хавф туғдирдими, улар фаоллашиб шу зарарли факторларга нисбатан антителолар ишлаб чиқаришни кучайтиради.

Демак, организмнинг ўзида курашувчи тизим мавжуд экан, шу тизим ишини фаоллаштириш керак. Соғлом ҳаёт тарзига тўла амал қилиш мақсадга мувофиқ. Зарарли омиллар билан организмни яна заҳарлаш - ўзини-ўзи ўлимга маҳкум қилиш билан тенгдир. Сир эмас, кўча-кўйда, ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоизи қовурилганларни ташкил қилади. Айрим озиқ-овқатлар, кондитер маҳсулотлари, турли чанқоқ бости ичимликлар таркибида соф табиий моддалар кам. Кимёвий ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги моддалар охир-оқибат концероген моддага айланиб, ўсма касаллигининг ривожланишига олиб келади.

Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тоғ олди ва қишлоқ аҳолиси ўртасида табиий ўз томор­қасида етиштирилган маҳсулотларни истеъмол қилувчилар орасида ўсма хасталиги жуда ҳам оз учрайди. 1000 нафар аҳолига 0,06 фоизини ташкил қилади. Бундан шундай хулоса қилиш керакки, мева ва сабзавотлар, бошқа озиқ-овқатларни ўзимизнинг қуёшли ўлкамизда етиштирилганидан, кўкатлардан ва табиий чанқоқ қолдирувчи ичимликлардан истеъмол қилишимиз зарур. Соф ҳавода кўпроқ сайр қилиш, ортиқча вазн тўпламаслик, зарарли одатлардан тезроқ қутулиш, кўп ёғли, қовурилган овқатлардан парҳез қилиш, вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш, ишхоналарни, ҳовлиларни, шаҳримиз кўча ва ҳиёбонларини озода тутиш ва кўкаламзорлаштириш соғлигимиз гаровидир.

Баҳриддин ЖАЛОЛОВ,

олий тоифали врач-патолог.