Ўзбекистоннинг 20 нафар талаба-стоматологлари 30 мартда Канаданинг энг обрўли университетларидан бири Dalhousie University томонидан канадалик дантистлар учун ўтказилган вебинарда иштирок этди. Уларга бундай имкониятни Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси яратиб берди.

Бу Миллий палатанинг мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш тизимига энг яхши халқаро тажрибани, Ўзбекистон шифокорларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини олиб кириш бўйича дастурини амалга оширишда яна бир қадам бўлди.

Бўлажак мутахассисларнинг тегишли сертификат олиш шарти билан онлайн ўқувда иштироки ҳақидаги келишув бундан бир неча кун аввал Миллий палата ва Dalhousie University ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг навбатдаги раундида қўлга киритилган эди.

Миллий палата ва Канада университетининг ҳамкорлик даражасини инобатга олган ҳолда, Канада дантистлари учун ўтказилган мазкур курс ташкилотчилари Ўзбекистоннинг 20 нафар бўлажак стоматологларига бепул иштирок этиш имконини яратиб берди.

Олинган янги билимлар шунинг­дек, Канаданинг таълим курс­лари даражасини амалда баҳолашга ёрдам берди. Вебинарни Dalhousie Universityнинг стоматология факультети профессори Надер Хамдан олиб борди.

Тошкент давлат стоматология институтининг бакалавриат ва магистратура талабалари дентал иплантантлар атрофидаги юмшоқ ва қаттиқ тўқималарнинг асоратлари мавзусига бағишланган онлайн семинарда муваффақиятли иштирок этдилар. Ўқув якунида эса талабалар Узлуксиз таълим тизимидаги халқаро талабларга мувофиқ сертификатга, шунингдек махсус ажратилган 2,0 кредит (СЕС) га эга бўлдилар.

Миллий палата ва Dalhousie University вакиллари ўртасидаги музокаралар давомида таъкидланганидек, Ўзбекистонда шунингдек, кредит-модуль баллар тизими бос­қичма-босқич жорий этиляпти. Ушбу тизимга асосан яқин келажакда шифокорларни барча ривожланган мамлакатларда амал қилинаётган сертификатлаш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Хусусан, музокаралар давомида стоматология факультети менеджери Кэтрин Лайл таъкидлаганидек, лицензиялаш Канаданинг барча ишлаётган стоматологлари учун шарт бўлади.

Ундан ташқари, у Канадада стоматологлар учун ҳар уч йилда албатта малака ошириш жорий этилганини ва шифокор учун лицензия муддатини узайтиришга асос бўлиб, бу муддат оралиғида 90 соат кредит-модуль тизими бўйича ўқиш белгиланганлигини таъкидлади. Шундай экан, мутахассислар учун ҳар хил ўқув курслари зарур. Бундай тизимли малака ошириш эса замонавий билим олишни ва беморларни даволаш, касалланишнинг олдини олишда сўнги инновацияни жорий этишни кафолатлайди.

"Шубҳасиз, шифокорларнинг, ҳозирги ҳолатда - стоматологларнинг малакасининг доимий оширилишидан бизнинг мамлакатимиз ҳам манфаатдор. Шундан келиб чиқиб, Миллий палата ва Dalhousie Universityнинг стоматология факультети томонидан Ўзбекистон стоматологларининг Канада университети малака ошириш курсларида иштирок этиш масаласини ишлаб чиқиш, Тошкент давлат стоматология институти талабалари ва магистрларини таълим бўйича вебинарларга жалб этиш ва ҳамкорликнинг бош­қа бир қатор йўналишлари ҳақида келишувга эришилди", - дейди мазкур тизим раҳбари Ровшан Изамов.

Шуни қўшимча қиламизки, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг стоматология соҳаси бўйича лойиҳаси, жумладан мазкур давлат тизимининг Тошкент давлат стоматология институти билан ҳамкорлиги ҳақидаги Меморандумига асосан амалга ошириляпти.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

матбуот хизмати.