Соғлом ва фаол ҳаёт кечиришнинг муҳим шартларидан бири - жисмоний фаолликни ҳаёт тарзига айлантиришдан иборатдир. Зеро, ҳамиша жисмоний тарбия машқларини бажарган ва тоза ҳавода кўп сайр қилган инсон соғлом ва тетик бўлади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жамоа­си соғлом яшашнинг ушбу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, пиёда юриш, спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланиш борасида соғ­лиқни сақлаш ходимларининг ўзлари намуна кўрсатишмоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар жумасида "Саломатлик куни" ўтказиб келинмоқда, - дейди РШТЁИМ директори Аброржон Алижонов.

"Афсоналар водийси" боғида кечган оммавий соғломлаштириш тадбири ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди. Филиал ходимлари "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам!" шиори остидаги акцияси доирасида пиёда юриш марафонини кўтаринки руҳда ўтказишди. Унда филиал раҳбаридан тортиб, кичик тиббиёт ходимларигача фаол иштирок этишди.

Алишер МАҲАММАДХОНОВ.