ёхуд коронавирусга яккаланиб - биргаликда курашишимиз керак

ХХI юз йилликнинг ўн тўққизинчи йили сўнгги чорагида пайдо бўлиб, йигирманчи йилида бутун дунё аҳолиси соғлиғига чанг солган коронавирус ҳали ҳануз даъф бўладиганга ўхшамайди. Ҳаётбахш ҳавога қўшилволиб ҳаётга ҳавф туғдирадиган "феъл-атвори" билан одамларни қайта-қайта таҳликага қўймоқда. Ажал шамолидек гоҳ у, гоҳ бу мамлакатларда кезиб юрибди. Тўлқини қайси ҳудудга қайтаётган бўлса, ўша жойда бешафқат кирдикорини кўрсатяпти. Энди болаларни ҳам аямаётгани аччиқ ҳақиқат, оғир ғам-кулфату хадик ва хавотирдир. Чунки "COVID-19" 2020 йилда не-не жабру жафоларни, жудоликларни инсоният бошига ёғдирмади дейсиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги йил арафасида Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидай: "...Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган".

Албатта, бизнинг юртимиз ҳам бундай бало-офатдан четда қолмади. Аммо, ягона мақсад йўлида кўрилган зарурий чора-тадбирлар, энг муҳими, давлат ва халқнинг биргаликдаги астойдил ҳаракати туфайли аср фалокатининг биринчи тўлқинидан жуда кам талофат билан мардонавор ўтилди.

Март ойи ўтган йили ғоят ташвишли келгани ҳолда бу йилгиси ҳам ҳаммамизга хотиржамлик бермаяпти. Ёвуз вирус яна юртимизда оралаб юрибди. Унинг тарқалиш ҳалқасини узишнинг энг самарали йўли-одамларнинг бир-бири билан оралиқ масофани, яъни камида 2 метрни сақлаган ҳолда оғзи бурнига тиббий ниқоб тақиб юришидир. Ахир мутахассисларнинг тасдиқлашича, ниқоб хавфли вирусни ушлаб қолувчи тўсиқ. Вирус осонгина унга илинади. Айниқса "COVID-19". Сабаби, у тождор, атрофида найзалари мавжуд. Бу-ниқоб тузоқнинг кўзга кўринмас ёвни тутиб қолиш имкониятини ўз-ўзидан кўпайтиради. Шундай экан, ниқоб уйдаям, кўчадаям, жамоат жойларидаям, транспортлардаям, ўқиш ва иш жойларидаям ҳамиша юзимизга тутиғлиқ турмоғи шарт. Акс ҳолда бир-биримизнинг соғлиғимизга зарар етказиб қўйишимиз мумкин. Коронавируснинг юқимлилик даражаси баланд. Нафақат ҳаводан, балки қўлдан қўлга ўтиб олиши, кейин сизга "ҳужум" уюштириши эҳтимоли анча юқори.

Озодалик - наинки кир-чирдан, микробдан, айни маҳалда вирусдан ҳам озод бўлиш маъносини билдиради. Қўл бериб сўрашишдан вақтинча ти­йилганимиз маъқул. Бу ҳолат ўзимизнинг саломатлигимиз учунгина эмас, ўзгалар учун ҳам жуда-жуда зарур. Нега буни таъкидлаяпмиз. Боиси, баъзи ёшлар ҳар куни қучоқлашиб, қизлар ҳатто ўпишиб, кўришадилар. Йигитлар кафтларини бир-бирига тарсиллатиб уриб, маҳкам сиқиб, бу ҳам етмаганидай бошларини-бошларига теккизиб сўрашишади. Ҳозирги шароитда бундай ҳолат асло ярамайди. Соғлиққа путур етказиб қўйиш хавфини кучайтиради.

"Ниқоб саломлашишга ҳалақит берадими?" - деган савол бугун ўринсиз. Бизнингча, ниқоб тақиш саломга тенг, аликка тенг. "Ассалому алайкум"нинг маъноси "Сизга тинчлик-омонлик тилайман" деганидир. "Ваалайкум ассалом" эса сизга ҳам де­йишни англатади.

Ниқоб тақиб юрганлар аввало ўзига, сўнгра ўзгага соғу саломатлик тиловчи одамлардир. Улар ниқобларини ташқаридаги, ҳаводаги вирусдан сақланиш учун тақишади. Қолаверса, вирус ўзларида йўқлигига ҳам ким кафолат бера олади шу кунларда. Ниқоблари вирусни ўзгаларга юқтиришдан эҳтиёт қилмайдими? Қилади, албатта. Фақат салом-аликдаги тилак ва истакни тилда айтишмайди, холос. Қуруқ тилак-истак эмас уларнинг ниқоб таққанликлари. Одатий эзгу ниятни амалда сўзларсиз бажаришяпти аслида.

Бизнингча, ниқоб салом-аликсиз салом-аликнинг ўрнини босади. Ҳеч ким ҳеч кимдан ҳафа бўлмайди шундай пандемия пайтида. Ниқобни тез-тез янгилаб тақиб юриш билан коронавирусни доғда қолдиряпмиз. Соғ­лом турмуш тарзининг бугунги қўшимча талаби ҳеч биримизга малол келмаслиги керак. Инчунин, пандемия устидан тўла-тўкис ғалаба шак-шубҳасиз. Бу Мен, Сен ва Унинг-барчанинг бирдай озодалик, ҳушёрлик ҳамда сабру сабот билан қиладиган саъй-ҳаракатларига ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Содиқ САЙҲУН.