Ёши улуғ ва қадами қутлуғ инсонларнинг ҳамиша элу юртга катта нафи тегаверади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар тезроқ ва осонроқ ҳал этилиши ҳам ҳаётий ҳақиқатдир. Чунки, бундай жонкуяр кексаларнинг жўяли ва ўринли мурожаатлари ҳеч бир жойда беэътибор қолдирилмайди.

Поплик Раҳимжон Муҳиддинов билан Саминжон Орипов ана шундай инсонлардан ҳисобланишади. Ҳар иккилари ўзларининг халқ манфаати йўлидаги фидойиликлари учун кўпчиликнинг ҳурматини қозонишиб, олқишларга сазовор бўлишиб келишяпти. Улар февраль ойи бошида Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султоновга қуйидаги мазмундаги ариза битишибди:

"Биз - Муҳиддинов Раҳимжон, Орипов Саминжон ҳамда Хидирова Заҳрохонлар туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг янги таъмирдан чиқарилган биносидаги кардиология бўлимида ётиб даволандик. Давлатимиз томонидан таъмирлашга миллиард-миллиард сўм маблағ сарфланиб, шифокор ва беморларга ғоят қулай шарт-шароитлар яратиб қўйилганидан беҳад мамнун бўлдик. Лекин, биргина иситиш тизими ҳамда тоза ичимлик суви таъминоти кўрилганда икки юз ўттиз миллион. сўмга янги қудуқ қазиб қўйиш орқали яна бир долзарб муаммони ҳам ҳал этиш мумкинлигини аниқладик. Бироқ, бу маблағ "Сув оқава" МЧЖда бўлмагани учун ТТБ ҳудудидаги сув чиқариш минораси (башня)ни ТТБ балансига қайтариб ўтказиш орқали муаммога ижобий ечим топиш мумкин, деган фикрга келдик.

Сиздан шуни амалга оширилишига зарур ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ушбу аризага текшириш далолатномаси илова қилинади".

Далолатнома қонуний тусда тузилган. Унга мутасади ташкилотлар раҳбарлари, вакиллари ҳам имзо чекишган. Юқоридаги отахонлар ҳам. Боиси, уларнинг бири "Нуроний ва ёшларнинг ҳунармандчилик экоҳаракати" ҚМЖ раиси ва яна бири аъзосидир.

Мурожаат туман ҳокимлиги томонидан ўз вақтида кўриб чиқилиб, унда қўйилган масала юзасидан керакли чора-тадбирлар белгиланган. Вилоят "Сув таъминот" МЧЖ ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мазкур муаммога тўғри ечим изланди. Бир қарорга келинди. Сув минорасини балансдан-балансга ўтказиш қонуний равишда ҳал этилиши юзасидан бошланган ҳаракатлардан отахонлар бугун жуда хур­санд­дирлар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов яқинда отахонларни қабул қилиб, эзгу мақсад билан бошлаган ҳаракатларини фақат қўллаб-қувватлаш билан кифояланиб қолмади. Уларга эл соғлиғини сақлаш учун хизмат қиладиган сув минорасини қайта ишга солиниши йўлида йўллаган қимматли таклифлари учун миннатдорчилик билдирди. Албатта, халққа тиббий хизмат кўрсатишнинг тўкислиги учун зарур иншоотни имкон борича тезроқ ишга солишга қарор қилингани мурожаатчиларни ҳам ғоят қувонтириб юборди. Улар бошқарма бошлиғи билан яна муҳим масалалар юзасидан дилдан мулоқот қилишди. Бошқарма бошлиғининг мурожаатларига бўлган эътиборидан кўнгиллари тўлиб чиқиб кетишди.

Биз эса бу ҳолатни кузатиб туриб, тиниб-тинчимас отахонлар шаънига мингдан-минг раҳматлар муносиблигига беихтиёр иқрор бўлдик. Кўп яшанг, сира-сира чарчаманг эл хизматига камарбаста нуронийлар!- дея олқишладик.