Наманган шаҳар туғруқ комплекси қошида хўжалик ҳисобидаги сайёр цикл ўтказилди.

Сайёр циклда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти акушерлик-гинекология, перинатал тиббиёт кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мунира Асатова ҳамда тиббиёт фанлари номзоди Гўзал Артикходжаевалар иштирок этмоқда.

- Мазкур сайёр йиғилишлардан кўзланган мақсад гинекологик эндокринологиядаги энг долзарб мавзу - тухумдон етишмовчилиги, қизлар, репродуктив ёшдаги аёллар, климактерик ёшдаги аёллардаги гормонал баланснинг бузилиши муаммолари: бепуштлик, бачадондан аномал қон кетиши, эндометриоз, миома, тухумдонлардаги яхши ва ёмон сифатли ҳосилалар ҳамда бу касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, патогенези, классификацияси, клиникаси, замонавий диагностика, даволаш тактикаси ва муаммоларига ечим топишдан иборат, - дейди Наманган шаҳар туғруқ комплекси врачи, акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари номзоди Тошпўлат Абдукаримов. - Ўз навбатида, беморларни даволашда тиббиётда исботланган давлат стандарт­лари ва маҳаллий клиник протоколлар асосида олиб бориш муаммолари, механизмлари ҳам интерактив тарзда чуқур таҳлил қилиниши назарда тутилган.

- Бу жараёндан ўсмир қизлар, фертиль ёшидаги аёллар, постменапауза давридаги аёлларга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни кўрсатиш, ҳомиладорликка тайёрлаш, ҳомиладорлик асоратларининг олдини олиш, она ва перинатал ўлим кўрсаткичларини мувофиқлаштириш, аёллар ўртасида онкологик касалликларни ўз вақтида аниклаш ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш каби натижалар кутиляпти, - дейди Наманган шаҳар туғруқ комплекси бош врачи Дилбар Ибрагимова.

Сайёр циклда вилоятдаги шаҳар ва туман туғруқ комплексларининг акушер-гинекологлари иштирок этишди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.