Президентимиз навбатдаги селектор йиғилишида шундай деб бизларни яна бир бор огоҳликка чақирди.

Барчага маълумки, шу йил 18 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарликни кучайтириш масалалари бўйича ўтказган селектор йиғилиши аввалида пандемия шароитида халқимиз нималарга амал қилиши шартлиги тўғрисида аниқ кўрсатмалар берди. Чунки, карантин чекловлари юмшатилгани билан ҳали коронавирус хавфидан бутунлай қутулишимизга эрта. Унинг иккинчи тўлқини ёйилиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу ташвишли ва қалтис ҳолат куз ва қиш фаслида содир бўлиши мумкинлигини назарда тутиб, ҳозирданоқ ҳушёрлигимизни яна ва яна ошираверишимизни ҳаётнинг ўзи кундан-кун тақозо этмоқда. Ахир кейинги ҳафталарда мамлакатимиз аҳолиси ўртасида "Covid-19"га чалинаётганлар сони озайиш ўрнига кўпайиб қолмоқда.

Шундай салбий ҳол бизнинг вилоятимизда ҳам юзаланаяптики, эндиликда бунга раҳбар ёки ишчи - хизматчими, ўқитувчи ёки талаба-ўқувчими, тадбиркор ёки оддий фуқароми асло бефарқ қарашга ҳаққи йўқ! Пандемияга қарши курашиш вазифаси барчага бирдай дахлдор. Коронавирусдан ўзини асраган - ўзгани асрайди, ўзганинг асралиши - ўзининг асралгани. Гўёки ҳамма бир жону бир тандай. Фақат кечаги тасаввурларимиз бугунга тўғри келмайди, холос. Яккаланиб юриш - биргалик ва жипс­ликни кўрсатади. Қадрдонлик - бағрига босиб, ҳол-аҳвол сўрашда эмас, айро туриб, масофа сақлаб салом-алик қилишдадир. Ниқоб тақиш жирканиш белгиси эмас, билакс ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам қадрига етишдир. Қўлларни совунлаб, антисептик воситалар билан қайта-қайта ювишни, ҳатто тиббий қўлқоп кийишни фақат озодалик ва олифталикка йўйиш ўрнига унга соғлиқни сақлашнинг биринчи даражали омили сифатида қарашга қатъий одатланишимиз зарур.

Тўғри, "Тарки одат - амри маҳол" дегувчилар орамизда учрайди. Лекин "Covid-19" пандемияси билан курашиш инсоният учун ҳаёт-мамотга айланган бир шароитда тарки одатларимизни тезлаштиришимиз - тириклик неъматидан баҳрамандлигимиз бардавомлигини таъминлашимизга тенг. Чуқурроқ ўйласак, ғоят оғир ва синовли вазиятда кечаги урфдаги одатларимизни янгилашимиздан ўзга муҳим чорамиз борми?! Карантин қоидаларига тўкис амал қилган чоғларда уйларда қолиб, соғлигимизни сақлашнинг, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг имконини уддалай олдик, яшадик, ишладик ва ўқидикку! Ҳозирда анчайин мушкул босқичдан ўтиб, кўчаларда эмин-эркин ҳаракатга, савдо, умумий овқатланиш шохобчалари фаолиятига, корхоналарнинг тўла қувватда ишлашига, мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари эшиклари бирин-кетин очилишига рухсат этилаётган пайтда нега энг заруру энг оддий ташкилий ва интизомий талабларни менсимаслар орамизда кўзга ташланишмоқда? Наҳот уларда оиласию маҳалласи, шаҳару тумани, вилояту бутун мамлакатининг иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиёти, аввало инсон саломатлигига узвий боғлиқлигини тушунишга ақлу шуур, фаҳму фаросат камлик қилса?! Огоҳлантиришни қулоғига олмаганларга, таъсирчан жазо чораларини қўллашнинг мавриди келди бизнингча. Шундай қилинмаса, кейин оқибати уқубатли кечиши мумкин.

Мазкур масала давлатимиз раҳбарини қаттиқ ташвишлантирмоқда. Миллион-миллион халқимиз пандемиядан иложи борича кам талофат билан ўтиб кетиши учун барчамиз бирдай астойдил жон куйдиришимиз шарт. Президентимиз айтганидай "Мана шундай шароитда яшаш, ишлашга, ўқишга, маданий ҳордиқ чиқаришга ўрганишимиз керак...".

Яширишдан на хожат, халқимиз тилида "Ҳаммага ўзининг жони азиз" деган ибора юради-ю, амалда эса ўша жонга ўзимиз озор етказамиз, қадрини унутамиз. Ҳатто, истималаган маҳалимизда ҳам шифокорга учрамай, баъзи хасталикларни оёқда юриб, тик туриб кузатиб юборишга уринамиз. Қачонки, касаллик "йиқитгач"гина кўзимиз ялт этиб очилади. Айниқса куз ва қиш мавсумидаги пневмонияга бепарво қараймиз. Худди совуқ тушса, ўзи келиб, ўзи осон даф бўладигандай. "Сал шамоллабман, бироз йўталяпман шекилли, бугун-эрта ўтиб кетади" деган хаёлда касалликнинг зўрайишига йўл берамиз. Кейинги оғир асоратлари туфайли ўзимизга ўзимиз сурункали дардлар азобини орттириб юраверамиз.

Инчунин, шамоллаш барча хасталикларнинг онаси ҳисобланади. Ҳозирда унинг одамлар орасида тез-тез оралайдиган маҳали. Даставвал, юқори бўлмаган истима, йўтал ва чучкириш билан ўзининг "меҳмон"га келганлигини сездиради. Врач назоратида унга қарши жиддий курашмасангиз, "из" қолдирмагунча танангиздан силжимайди. Шу оддий ҳақиқатни тан олмаслик баъзиларга қимматга тушади. "Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйиш керак" нақли бежиз тўқилмаган. Мутахассис - асоратсиз даволайди. Аччиғу ўткир дори-дармонлари билан мўлжални аниқ олади. Танангиздаги душман тезда маҳв этилади. Энг муҳими, атрофингиздаги оила аъзоларингиз ва жамоадошларингиз соғлиғига ҳам путур етказишингизнинг олди олинади.

Юртбошимиз селекторда куз бошланиши, ҳаво ҳарорати пасайиши билан республикамизга пневмония деган касаллик кириб келаётганидан бизларни огоҳ қилди. Салгина шамолландими, дўхтирхонага бориб, даволаниш кераклигини алоҳида уқтирди. Бунга лоқайд муносабатда бўлаётганлар, енгил қараётганлар орасида катта-катта раҳбарлару зиёлиларнинг борлигини ҳам таъкидлади. Шамоллаб уйида 4-5 кун ўтириш ҳолатларини "Бу ўзининг соғлиғига, ўзининг оиласига хиёнат-ку!" деб кескин баҳолади. Ҳамма шундан тўғри хулоса чиқариб олса, ажаб эмас.

Ўзбекистон халқи истиқлол даврининг қарийб сўнгги тўрт йилини ҳайратона янгиланиш, курашчанланиш ва кутилмаган синовлардан бемисл сабру матонат билан ўтиш сифатида тарих саҳифаларига муҳрлаб бораётгани кўнглимизни тоғдай юксалтиради. Биз шу аснода кимлигимизни ва қандай ишларга қодирлигимизни аҳли башар олдида ёрқин намойиш этмоқдамиз. Энг аҳамиятлиси, пандемиядан панд еб қолмадик. Ўз давлатимиз паноҳида ва муҳофазасида ҳушёр ва хотиржам яшаш, ишлаш ва билим олишимиз кафолатланиб турибди. Аҳиллик, интизомлилик, меҳр-оқибат, муруввату ҳиммат ҳамиша кучимизга-куч, қудратимизга-қудрат қўшмоқда. Бироқ, бирор лаҳза бўшашувчанликка йўл қўймаслигимиз, коронавирусга қарши курашни сусайтирмаслигимиз, кеча - кундуз ҳушёр турмоғимиз лозим. Президентимиз даъватларини долзарб дастурдай қабул қилиб, барча ҳаракату фаолиятимизни соғлом турмуш тамойилларига мос равишда давом эттирсак, белгиланаётган чора-тадбирларни темир интизом билан амалга оширсак, албатта, кутилган натижаларни қўлга киритаверамиз.

Бугуннинг ташвиши - эртанги қувонч,

Мен, сен, у - ҳаммамиз бир жону бир тан.

Ҳушёрлик ва тартиб - кафолат, ишонч,

Биздан сабру сабот кутади Ватан!

 

Содиқ САЙҲУН.