Ҳаёт бағоят гўзал.  Шу гўзалликни ҳис этиш учун эса инсонга аввало соғлиқ керак. Соғлом одамгина дунё файзу тароватидан тўла баҳраманд бўла олади. Жонажон ватанимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, соғлом миллат, соғлом халқгина буюк ишларга қодир бўлади.

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда кейинги йилларда забт этилаётган юксак марралар элимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар самараси десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Аниқроғи, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва талаблари  пировардида соғлиқни сақлаш соҳасида тизимли  ўзгаришлар юзага келаётганининг гувоҳимиз.

Ҳа, тиббиётда мисли кўрилмаган юксалишлар даври кечмоқда. Биргина Наманганда юзлаб тиббиёт масканлари қурилгани, реконструкция қилингани, уларнинг моддий-техник имкониятлари ривожлантирилаётгани, кадрлар салоҳияти ўстирилаётгани халқимизни тиббий хизматдан розилигининг муҳим омилига айланиб қолди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Тиббий хизмат тараққиёти учун беқиёс миқдорда сармоялар ажратилаётгани, замонавий даволаш усул ва услубларини татбиқ этишга тубдан эътибор кучайтирилаётгани эзгу мақсадларни ушалтирмоқда. Лекин шунга қарамай, фуқароларнинг тиббий маданияти юксалмаса, одамлар соғлом турмуш тарзи талабларига изчил амал қилмаса, соғлом ҳаёт кечириш қоидаларини ҳар бир инсон ўзининг кундалик фаолияти мезонига айлантирмаса кўзланган натижага эришиш қийин. Бу борада кўпроқ тарғибот тадбирлари кутилган самара беради,албатта.

Соғлом турмуш фалсафасининг кўлами ва талаблари мазмун-моҳиятини оммага етказишда эса ОАВларнинг роли каттадир. Газетамизда чоп этилаётган аксарият мақолалар  мавзуини шунга йўналтириб бориш ҳамишалик эътиборимизда. Шу билан бирга таҳририят веб-сайти ва ижтимоий тармоқлар икониятларидан тезкор фойдаланилмоқда. Жамиятда юқумсиз касалликларга қарши курашни кучайтириш, соғлом турмуш тарзи тамойиллари, айниқса, жисмоний фаолликни оширишга, соғлом овқатланиш заруриятига оид мақолалаларга кенг ўрин ажратилмоқда.

"Salomatlik saboqlari" телеграм каналимизни ўқиётган минг-минглаб мухлисларимиз ҳам  тиббий тушунчаларини муттасил бойитиб бормоқдалар. Айниқса, бунинг пандемия шароитида юртдошларимизни коронавирус инфекциясидан муҳофазаланиш ва унинг ёйилиб кетишининг олдини олиш борасидаги фаолиятда аҳамияти янада ортди. Электрон ва босма нашрлар имкониятларидан кенг фойдаланиб, ёритилаётган  коронавирусдан сақланиш, карантин қоидалари талаблари тар­ғиботига оид мақола, маслаҳат, ижтимоий ролик, инфо­графика ва бошқа таъсирчан воситалар тарғибот ишларимизда беҳад қўл келяпти.

Мустақиллик байрами мен учун қўшалоқ қувонч бахш этди. Муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари билан давлат мукофотига лойиқ кўрилишим масъулиятимга янада масъулият қўшди. Энди эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан,  оммавий ахборот воситалари  таъсири билан жамият ҳаётида соғлом турмуш тарзи қарор топишига эришиш учун бор куч ва тажрибамни сафарбар этаман. Зеро, тиббиётнинг келажаги профилактикадир. Профилактиканинг муҳим қирраси - соғлом турмуш сари интилишдир.

"Сийланган жойида азиздир инсон" дейилганидек, халққа кўрсатаётган хизматларимизнинг қадрланиши кўнглимизда шу улуғ юрт фуқароси эканлигимиздан  фахрланиш туйғуларини ғоят жўш урдириб юборди. Юксак мукофотга муносиблик мақомининг масъулиятини бирор дақиқа унутмаган ҳолда бор билим ва малака-маҳоратимизни тиббий тарғибот таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлашга янада фаол сарфлайверамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ,

"Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири,

"Соғлом турмуш" медали соҳиби.