Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманганда ҳам турмушнинг барча жабҳаларида катта ўзгаришлар рўёбга  чиқарилди. Айниқса, кейинги уч йил ичидаги  янгиланишларнинг беқиёслигини яққол  кўриб-билиб турибмиз.   Биргина соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг миқёсли ислоҳотларнинг ўзиёқ  Президентимиз Шавкат Мирзиёев  томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўлидан дадил қадамлар ташланмоқда.

Айни пайтда шаҳар ва туманларимизда 219 та давлат, 351 та хусусий муассасалар фаолият юритмоқда. Энг муҳими, улардаги кадрлар пухта билим ва юқори малака  салоҳиятлари, қўллаётган илғор даволаш-диагностика технологиялари борасида ўзаро рақобатга киришишган. Бу эса, тиббий хизмат сифатини тобора юксалтириш имконини бермоқда.

Кейинги йилларда тиббиётга янги технологик амалиётларни тадбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг изчиллиги таъминланяпти. Хорижда ва пойтахт Тошкентда бажариладиган ўнлаб мураккаб жарроҳлик  операциялари Наманганда ўтказилаётир. Вилоят кардиология маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли  тиббиёт маркази, вилоят онкология ва эндокринология диспансерларида республика мутахассисларининг кўмагида ва бевосита иштирокида катта натижаларга эришилди.

Давр талабига кўра, наинки пойтахтимиздаги, айни вақтда хорижий давлатларнинг таниқли олим-шифокорлари билан ҳамкорлик алоқаларини тобора мустаҳкамлаб бормоқдамиз. Чунончи, наманганликлар мезбонлик қилган 2019 йилнинг 13-14 сентябрдаги  "XXI асрда тиббиёт ва фармацевтиканинг ривожланишида инвестиция ва инновацияларнинг  роли" мавзуидаги Халқаро форум вилоятимиз тиббиёти тараққиётида янги босқични бошлаб берди, десак асло янглишмаймиз. Анжуман кунлари ўнлаб мамлакатларнинг таниқли  олимлари, мутахассислари билан биргаликда ташкилланган илмий анжуманлар, амалга оширилган энг мураккаб, энг нозик жарроҳлик жараёнлари ҳар бир қатнашчига  назарий сабоқ, кўргазмали амалиёт бобида шу чоққача орзу қилиб келинган малака мактаби бўлди.  Аҳамиятлиси, форум доирасида ўнлаб чет-эллик сармаядорлар билан тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Келишувларнинг умумий қиймати 92,7 миллион  АҚШ долларига етгани бугунги ва эртанги ишларимизнинг  ривожига янада жадаллик бахш этиши шубҳасиз.

Янги йилнинг биринчи чорагидаёқ тилга олса арзийдиган ҳамкорлик ҳаракатларига киришиб юборилди. Вилоят ҳокимлигида бир неча келишув шартномаларига имзо чекилди. Шунга мувофиқ Наманганда италияликлар янги эндокринология маркази барпо этишади, австрияликлар кардиология марказини  модернизациялаш учун 10 миллион доллар ажратишади.  Туркия­лик тадбиркорлар Учқўрғон туманида тиббий-диагностика марказини ишга туширишади.

Ҳозирда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 5 нафар тиббиёт фанлари доктори, 30 нафардан зиёд фан номзодлари хизмат қилишмоқда. Соҳанинг билимдон ва юқори малакали кадрларга эҳтиёжини  қондиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам доимий эътиборда. Наманганда 2019-2020 йилдан бошлаб Россиядаги Урал давлат тиббиёт университетининг филиали талабаларни ўқишга қабул қилди. Яқинда АҚШнинг  Мичиган университети клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бугун юртимизда ҳар бир киши муҳтарам Президентимизнинг Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий Мажлисига  Мурожаатномаси руҳида яшамоқда. 2020 йилнинг "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб аталгани айни муддао бўлди. Ахир, илм-маърифатсиз миллий юксалишга, миллий юксалишсиз мамлакат иқтисодий қудратини оширишга эришиш қийин. Рақамли иқтисодиётни ҳаётга жорий этишнинг муваффақиятли манбаи ҳам жаҳон илмий кашфиётларини, технологик янгиликларини ҳеч иккиланмай амалиётда қўллашга боғлиқдир. Аниқ ҳисоб-китоб ва соғ­лом рақобатга асосланган иқтисоднинг эртаси баракали, серсамара бўлиши аниқ.

Албатта, иқтисодий бақувват, давлатда ижтимоий муаммолар ечими ҳаёт талабидан орқада қолмайди. Биз сўнг­ги уч йилда, янги тараққиётнинг янги босқичига қадам  қўйганимиздан ке­йинги   қисқа фурсат ичида оламшумул ўзгаришларнинг наинки гувоҳи бўляпмиз, айни маҳалда доимий  фаол иштирокчисига айланиб боряпмиз. Шахсан Президентимизнинг  ташаббуслари ва ташкилотчиликлари туфайли  авваллари муаммолар ичида қолган тиббий хизмат  эндиликда халқнинг розилигига эришадиган даража касб этмоқда. Боиси, соҳага давлат томонидан катта пул-маблағлар йўналтириляпти.

Юртбошимизнинг  тиббиётни жаҳон андозалари даражасига кўтариш борасидаги тавсия ва топшириқлари масъулияти жуда юксак. Ва айни чоғда мамлакатимизда рақамли  иқтисодиётга ҳамоҳанг мана шу фаолиятга ўтишимиз ғоят зарур. Биз "Ақлли тиббиёт" йўналишидаги ишларимиз кўламини кенгайтирган ҳолда барча муассасаларни  интернет тизимига улаш вазифаларини муваффақиятли  уддалашга эътиборни тобора кучайтиряпмиз. Ҳозирда "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этганмиз. Дастлаб, Наманган  шаҳридаги 14-оила поликлиникаси ҳамда Янгиқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси бу янгиликни дадил қўллай бошлади. Биз ҳар икки муассасадаги намунавий ишларни кўргазмали семинар ўтказиб, бошқаларга ўргатдик,оммалаштирдик.

Наманганликлар бундан буён шифокорлар хизматига эҳтиёж сезишса, поликлиникага келмасдан, уйда ўтириб, интернет орқали врач кўригига навбатга ёзилишади, белгиланган вақтда мутахассис қабулида бўлишаверади. Бундай қулайликни авваллари хаёлга ҳам келтириш мумкин эмасди. Демак, электрон тизимга ўтиш - беҳад самарали. Ҳам врачнинг, ҳам мижознинг вақти тежалади.

Яна муҳими, илгариги тартибдагидек, тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга хожат йўқ. "Электрон поликлиника" ААТни ишга тушириш олдидан хизмат кўрсатиш ҳудудида, яъни маҳаллаларда яшовчиларнинг тиббий карталаридаги мавжуд маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпаратив тармоғидаги электрон базага киритиб қўйилган. Бунинг яна бир афзаллиги, фуқароларимиз мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманига боришларидан қатъий назар, ўша жойдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилишга ҳақлидирлар ва керакли маслаҳат-муолажа олишлари, ташхис қўйдиришлари мумкин. Бунинг тўла имконияти бор. Тиббий карталардаги ўзларига тегишли маълумотлар республиканинг барча оилавий поликлиникалари компьютерларида осонгина кўринади. Вилоятимиздаги кўп тармоқли марказий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларидан 43 таси ана шундай электрон тизимда ишлашга ўтди.

Фақат шугина эмас. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг тез тиббий ёрдам станциясида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ишга туширилган СаII-маркази туну кун фаолиятда. Тез тиббий ёрдам энди номига яраша мақомга ва имкониятга эришди. Марказ вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам бригадалари ҳаракатини мувофиқлаштириб турибди. Санитар автотранспорт­ларига GPS навигаторлари ўрнатилган. Мазкур янгилик чақирувларга етиб бориш вақтини икки баробарга  қисқартиш имконини туғдиряпти.       Шунингдек, туғилиш ва ўлимни электрон қайд этиш  тизими ҳам яратилди. Бунга барча туғруқхоналар, вилоят  шифохоналари, диспансерлар, тиббиёт марказларининг  уланиши таъминланди.  "Ҳомиладорларни электрон рўйхатга олиш" ва "Кунлик статистика маълумотларни қайд­лаш" дастури тузилиб, унга барча тиббиёт бирлашмалари, вилоят перинатал маркази, РШТЁИМ Наманган филиалини боғлаш якунига етказилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномалари бутун саъй-ҳаракатларимиз мақсад муддаосининг ёрқин ойнасидир. Унга қараб, йўлимизни, маррамизни аниқ белгилаб, янада астойдил олға интилишимиз шартлигини бирор лаҳза унутмаймиз. Тиббиётнинг тараққиёти-халқимизнинг соғлом ҳаёти эканлиги бизни юксак масъулият ҳисси билан кеча-кундуз бор билим ва  малакаларимизни ҳеч аямай  соҳа ривожи учун сарфлашга ундаб тураверади.