Косонсой тумани "Косонсой" чегара божхона постида Наманган вилоят ҳокимлиги, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, божхона, соғлиқни сақлаш, ветеринария бошқармалари ҳамкорлигида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди. Бу ҳақида вилоят СЭОМ бош врачи Рустамжон Ҳамрақулов қуйидагиларни айтди.

- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги томонидан олинган охирги маълумотларга кўра, бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекцияси юқтирганлар 27 та давлатда 45171 нафардан ортиб кетди. Кунлик ўсиш 10,8 фоздан кўпроқни ташкил этади. Шундан 43598 нафари Хитой Халқ Республикасига тўғри келади. Вафот этганлар эса 1115 нафардан ошди. Бу касаллик мамлакатимизда қайд этилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган навбатдан ташқари видеоселекторда ҳам бу масала жиддий муҳокама қилинди. Ер юзи аҳолисини ташвишга солаётган коронавирус инфекциясини республика ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил этилди. Келгусидаги вазифалар бўйича топшириқлар берилди.

Нуронийларимиз томонидан тез-тез насиҳатомуз тилга олинадиган бир нақл бор. "Ўзини асраганнинг Оллоҳ асрайди" дейилади унда. Шуни таъкидлаб ўтишим жоизки, вилоят аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар халқаро тиббий санитария қоидалари талаблари асосида амалга оширилмоқда. Тадбирларда мутасадди ташкилотлар, идоралар ва кенг жамоатчиликни фаол иштироки таъминланаётир.

Яқинда қўшни Қирғизистон билан чегарадош Косонсой туманида жойлашган чегара божхона постида "Халқаро аҳамиятга эга Хитой Халқ Республикасида кенг тарқалган юқумли касаллик - коронавируснинг кириб келиши хавфи туғилганда тегишли хизматлар ва идораларга, раҳбарларга ахборот етказиш, юзага келган хавф­ни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда ҳаракатланиш" мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказдик. Режага асосан унинг иштироқчиларига карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар эпидемияси ва эпизоотиясига қарши профилактик чора-тадбирлар белгилаш, бартараф этишда раҳбар-ходимлар ҳамда масъул тузилмалар шахсий таркибининг билим савияларини ошириш, амалий кўникмалар ҳосил қилиш, ўта хавфли юқумли касалликлар ўчоғини бартараф этиш, махсус асбоб-анжом, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини такомиллаштириш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш, аниқлиқ киритиш вазифалари юклатилди.

Ўқув-машқда санитария карантин пункитида (шартли равишда) коронавирус касаллиги билан оғриган беморни аниқлаш, ташхис қўйиш, халқаро тиббий-санитария қоидаларига асосан раҳбар ва хизматларга хабар бериш, маслаҳат гуруҳлари томонидан касалликни ўрганиш, ташхис қўйиш, эвакуцион гуруҳлар томонидан беморга биринчи ёрдам кўрсатиш ва алоҳида ташкил этилган юқумли касалликлар шифохонасига эвакувация қилиш, дезинфекцион гуруҳлар томонидан хона, жиҳоз, буюм ва техникаларни зарарсизлантириш борасидаги тезкор ҳаракатлар бажарилди.

Туман тиббиёт бирлашмасидаги госпиталда интенсив махсус тозаловни амалга ошириш, хона ва асбоб-анжомлардан фойдаланиш, беморни қабул қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиш, эвакуация тадбирларида иштирок қилган махсус техникаларни тозаловлардан ўтказиш тартиблари амалга оширилди. Раҳбарият, қароргоҳ, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва эпидемияга қарши кураш гуруҳларининг ҳаракатлари табиийлигига эътибор қаратилди. Фавқулодда вазият содир этилган ҳудудда назорат кучайтирилди. Олинган таҳлиллар СЭОМ лабараториясига жўнатилди. Якунда ўқув-машқ иштирокчилар ва кузатувчилари иштироқида савол-жавоблар ўтказилди.Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ суҳбатлашди.