Вилоятда ўта хавфли юқумли касалликлар ҳамда безгак касаллигини қўшни давлатлардан кириб келишининг олдини олиш мақсадида 2 та санитария-назорат пунктлари ташкил этилган. 2018 йил давомида эса 500976 нафар Ўзбекистон ва хорижий йўловчилар кўрикдан ўтказилган. Улар ўртасида безгак касаллигига шубҳа қилинган беморлар аниқланмаган. Эпидемиологик назорат ўрнатиш мақсадида ҳар йили вилоят бўйича 80-85 минг нафар иситмали, талоғи ва жигари катталашган, камқонли беморлар, донорлар ва хориждан келганлар лаборатория йўли билан текширилиб борилади.

Безгак - ўткир юқумли касаллик бўлиб, анофлес (безгак чивинлари) чивини орқали юқиши, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигар катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Инфекция манбаи бўлиб шу касаллик билан оғриган бемор ва паразит ташувчи ҳисобланади. Безгак қўзғатувчисининг 2 та хўжайини бўлиб, асосий хўжайин-анофлес чивини, оралиқ хўжайин одам ҳисобланади.

Безгак чивинлари безгакка чалинган инсонни чаққанда, унинг ошқозонига қон орқали паразитлар тушади. Чивин организмида паразитлар бир неча кун ривожланади ва у юқумли паразит ташувчисига айланади. Соғлом одамни чаққанда чивиннинг сўлаги орқали инфекция одам организимига тушади ва аниқ бир вақт ичида шу инсонда касаллик белгилари пайдо бўлади.

Безгак чивинлари асосан соҳили ботқоқлашган сув ҳавзалари, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўпланиб қолган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши, ичимлик сувини беҳуда оқиб ётиши натижасида вақтинча вужудга келган сув ҳавзаларида кўпаяди.

Касалликнинг қисқа яширин даври 10-21 кун, узоқ яширин даври 8-14 ой, баъзи вақтда 3 йил ва ундан узоқроққа чўзилади. Касаллик одатда қалтирашдан бошланади. Лоҳаслик, дармонсизлик, жунжикиш, бош ва бел оғриғи, кўнгил айниш, иштаҳа ёмонлашиш ҳоллари қайд қилинади. Биринчи хуруж қилиш тана ҳароратининг 38-39 даража ва ундан ҳам ошиши билан бошланади.

Агар шундай касаллик белгилари намоён бўлганида, албатта тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйиш учун, қонни безгакка текшириб кўриш шарт. Мабодо сиз сўнгги 3 йил ичида Осиё ва Африканинг иссиқ иқлимли мамлакатларида сафарда бўлган бўлсангиз, бу ҳакда шифокорга хабар беришни унутманг.

Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак. Безгакни даволаш учун самарали дори-дармон воситалари мавжуд.

Зокиржон АБИДОВ,

вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири,

тиббиёт фанлари номзоди.