Саломатликни ҳеч қачон моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Инсон соғлом юргандагина бахтли яшаши мумкин. Ҳар бир киши кундалик ҳаёт меъёрини сақлай билиши керак. Ўқиганда, ухлаганда, юрганда, чопганда, овқатланганда, дам олганда, кулганда, йўталганда ҳам шундай бир чегара, меъёр борки, шу меъёрнинг бузилиши, албатта, саломатликка зарар етказади.

Саломатликни мустаҳкамлаш сирларини чуқур билиш ва саломатликни асрашнинг ягона йўли - соғ­лом турмуш тарзи эканлигини чуқур англаб етишимиз лозим. Турмуш тарзи - бу кундалик ҳаёт тартибидир. Уни белгиловчи бош омил инсоннинг ўзидир. Соғлом турмуш тарзи - бу инсоннинг ҳаёти саломатлиги хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи кўникмаларга эга бўлиш асосида ҳаёт фаолиятини йўлга қўйилишидан иборат. Бу шундай яшаш тарзики, унда одамлар саломатлигига таъсир кўрсатувчи зарарли омиллар бўлмаслиги керак.

Соғлом турмуш тарзининг асосий йўналишлари қуйидагилар:

- Шахсий ва жамоа гигиенаси қоидаларига амал қилиш;

- Жисмоний фаоллик;

- Кун тартибига риоя қилиш;

- Зарарли одатлардан тийилиш;

- Соғлом овқатланиш;

- Меҳнат қилиш ва дам олиш;

- Муомала маданияти;

- Руҳий хотиржамлик;

- Тиббий маданиятлилик;

- Жинсий тарбия.

Ҳар бир киши соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг жуда оддий услубини билиб олиши лозим. У тубандагилардан иборатдир:

- Энг аввало, ўзингиздаги зарарли одатлардан қутулишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уларнинг зарари ва оқибатини ҳар доим тасаввур қилинг ҳамда танқидий баҳолаб боринг, ножўя одатлардан қутулиш услубларини қўлланг;

- Овқатланишда меъёрийлик, хилма-хилликка одат қилинг. Тана оғирлиги меъёрида бўлишига эришинг. Ортиқча ва режимсиз, пала-партиш овқатланишга чек қўйинг, егуликлар ва уларнинг таркибий қисмлари ҳақида тушунча ҳосил қилиб, уларга риоя этишга интилинг;

- Жисмоний фаол бўлинг. Бунинг учун биринчи галда бўғимларни ҳаракатга келтирувчи машқлар мажмуини белгиланг. Уни уй шароитида бажариладиган машқлардан бошлаш мумкин. Эрталаб туриб сайр қилиш, юриш, югуришга одатланинг. Кундалик ҳаракат дастурингиз оз бўлса ҳам доимий бажариладиган машғулотлардан иборат бўлсин;

- Кун тартибини тўғри режалаштиринг. Ҳар куни эрта уйқуга ётиб, эрта туришни одатга айлантиринг. Ўқишда танаффусларга риоя қилинг. Танаффуслар вақтида очиқ ҳавога чиқинг;

- Ўзаро муомала ва муносабатларда иззат-ҳурмат, ахлоқ, одоб меъёрларига, жамият қонунларига риоя қилинг. Руҳий саломатликни асранг. Оилавий муносабатлар ҳам ўзаро муносабатларнинг давоми. Оилавий жуфт танлашда асосий талабни чирой, мавқе, бойлик каби омилларга қараб эмас, балки, тиббий-биологик ва ижтимоий-психологик омиллар нуқтаи-назардан ҳал қилишга интилинг;

- Озодаликни одат қилинг. Тозалик масалаларида билим ва малакангизни мустаҳкамлаб боринг, шахсий гигиена қоидаларига-қўл тозалиги, оғиз бўшлиғи гигиенаси, соч гигиенаси, тери гигиенаси қоидаларига риоя қилиш соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омилидир;

- Эҳтиёткорлик кундалик турмушингизнинг асосий талаби бўлсин. Ҳар бир техника ва механизмлардан фойдаланишда, бирор бир иш, ҳатто бирор гапни гапиришдан олдин унинг оқибатлари ҳақида обдон ўйлаб кўринг;

- Келажакда соғлом фарзандлар туғилишини таъминлаш учун оилавий турмуш қуришга шайланаётган йигит ва қизлар тиббий нуқтаи назардан киши организмининг етилиш даври, никоҳ гигиенаси ва жинсий ҳаёт ҳамда соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимлардан хабардор бўлишлари лозим;

- Шифокорлар ҳузурида бўлиб, йилда камида 1 маротаба профилактик тиббий кўриклардан ўтинг. Чунки касалликни даволашдан кўра, уни олдини олиш осонроқ ва муҳимроқдир;

- Салбий руҳий ҳолатлар кўпинча хасталикларни, жумладан, қон босими, невроз, ошқозон яраси, ўсма, қандли диабет сингари касалликларни келтириб чиқаради. Олимларнинг фикрича, инсон ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмаслиги, аксинча, ақл билан иш тутиб, ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаши ва шунга яраша меҳнат қилиши лозим.

Сиз юқоридаги талабларни турмушингизга киритгандан сўнг, соғлом турмуш тарзининг ҳар бир йўналишини такомиллаштиришга ҳаракат қилиб боринг. Бунинг учун оилада соғлом турмуш тарзи ва сиҳат - саломатликни сақлаш, жисмонан баркамолликка эришиш тўғрисидаги қўлланмаларни ўқиш, теледастурдаги саломатлик ва жисмоний баркамоллик мавзусидаги кўрсатувларни мунтазам кўриш, шу соҳага алоқадор билимлар доирасини кенгайтириш ва тиббий саводхонликни ошириб бориш лозим бўлади. Соғлом турмуш тарзига камида 2 - 3 ойда кўникмалар шаклланиб, 5 - 6 ойда улар мустаҳкамланиб, 1 йилдан кейин эса бундай турмуш тарзи Сиз учун кундалик одатга айланади. Сиз ҳақиқий соғлиқ нима эканлигини ана ўшанда тушунасиз.

Отабек РАҲИМОВ,

Жамият Саломатлиги ва

соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот

институти Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси

Валеология ва соғлом  турмуш тарзини шакллантириш

бўлими бошлиғи.