Серқуёш ўлкамиз тупроғида унган сабзовот ва полиз маҳсулотларининг барчаси шифобахш ҳисобланади. Яхшиси, улар ҳақида мухтасар маълумотлар билан танишинг.

КАРАМ. Карам суви ёки тузланган карам иштаҳани очади, овқат ҳазмини тезлаштиради. Бундан ташқари карам ични юмшатади ва подагра касалигида, истисқода истеъмол қилинади.

Карам суви шакар билан бирга йўталга барҳам беради, хириллаган товушни очади, балғамни кўчиради. Милклар бўшашиб қолганда нордон карамни чайналса, ёхуд тузланган карам суви билан оғиз чайилса, яхши даво бўлади.

САБЗИ. Унинг таркибида жуда кўп шифобахш моддалар бор. Жумладан, А витамини инсон терисини меъёрий ҳолатда сақлаб туришида қатнашади, нафас олиш йўллари шиллиқ қаватининг ҳимоя қувватини оширади. Сабзи шарбати қабзиятда яхши наф беради.

Сабзининг қимматли хосиятларидан яна бири - эмизикли аёллар сутини кўпайтиришидир. У бедармонлик ва камқонликдан сақловчи кучга эга.

ОШҚОВОҚ. Унинг этли қисми ичак фаолиятига фойдали таъсир кўрсатади. Қабзият билан кечадиган колитни енгиллаштиради. Қовоқ шарбатларидан ичиб туриш ғоят фойдали.

Ошқовоқнинг пўстлоғи ҳам касалликларга даво. Қайнатмаси тери касалликларини йўқотади. Қовоқли қайла ва шўрва беморга бериладиган парҳез таомлар қаторига киради.

ШОЛҒОМ. Халқ табобатида ўпка, юқори нафас йўллари касалликларида, ҳарорат хуруж қилган пайтларда тавсия этилади. Илмий тиббиёт ҳам шолғомнинг шифобахш таъсирини исботлаган. Унинг таркибида витаминлар, каротин, пантотен кислотаси, минерал элементлардан калий, калций, темир, фосфор бор.

Кеч куз ва қиш фаслларида шолғомни қайнатиб истеъмол қилиш ёки уни овқатларга солиб ейиш, шамолаш билан боғлиқ касалликларни танадан қувади.

ПОМИДОР. Таркибида салмоқли миқдорда витаминлар, микроэлементлар ҳамда органик кислоталар мавжуд. У ўзида йодни сақлагани туфайли атеросклерозда, семизликка мойиллик бўлганида, юрак касалликларида тавсия этилади.

ЛАВЛАГИ. Агар қон босимингиз бироз ошиб турса, безовталигингизга қизил лавлаги (асло қанд лавлаги эмас) барҳам бера олади. Бунинг учун лавлаги яхшилаб тозаланиб, майдаланади. Сўнгра, уч литрлик банканинг ярми тўлдирилиб, устидан қайнатиб совутилган сув тўлгунча қуйилади. Шунингдек, таъбга қараб бирозгина (тахминан уч қошиқ) шакар қўшиш ҳам мумкин. Ке­йин идиш салқин ва қоронғи жойга қўйилади. Уч-беш кундан кейин истеъмол қилиш мумкин.

ТУРП. Турп йўтал ва овоз бўғилишини даф этишда жуда кор келади. Юмалоқ турп ичи ўйилади. Чуқурчага бир ош қошиқ асал ёки шунча миқдорда шакар солинади. Совитгичнинг пастки токчасига қўйилади. Сўнгра, хуштаъм шарбат ажралиб чиққач, бир ҳафта давомида ичиб турсангиз, дарддан фориғ бўласиз.

Тиббий рисолалар асосида Манзура Насибулло қизи тайёрлади.