Безгак иссиқ ва илиқ иқлим шароитида учрайдиган бир ҳужайрали паразит-плазмодиум қўзғотадиган, ўқтин-ўқтин иситма хуруж қилиб туриши, жигар ва талоқ катталашуви билан таърифланадиган юқумли касалликдир. Бу касалликни чивинлар тарқатади.

Инкубация даври организмни чивин чақиб, қонга спорозоидлар тушиб, биринчи клиник белгилар бўлгунга қадар даврни ўз ичига олади. Баъзан 1-2-3 кун хуружгача бўлган даврда беморларда умумий ҳолсизлик, чарчоқ, бош оғриши, эснаш, оғиз қуриши, бўғим мушакларида нохушлик белгилари бўлади. Касаллик кечиши учта фазадан иборат: 1. Қалтироқ, 2. Қизиш, 3. Терлаш.

Қалтироқ фазасида енгил қалтироқдан то ўта кучли қалтироқ кузатилади. Беморнинг тери қопламаси қуруқ, совуқ оғиз атрофи кўкимтир тусда, юз кўриниши қўрқувдан қийналган кўринишда бўлади. Нафас олиши қийинлашган хансираш, бош оғриши, кўнгил айниши, қайд қилиши, мушак-бўғимларда оғриқ, ҳарорат юқори бўлсада совуққотиш юз беради. Бу фаза бир неча соатгача давом этиб, кейинги фазага ўтади.

Қизиш фазасида ҳарорат 39-41 гача кўтарилади. Бемор ўта қизийди, кўз соққаларида ачишиш, дармонсизлик, кўнгил айниш, бўғим- мушакларида оғриқ сезилади. Тери қопламаси қуруқ ва иссиқ, юз соҳа гиперемик ҳолатда бўлади. Болаларда алжираш, талваса белгилари кузатилади.

Терлаш фазасида ҳарорат меъёрига келади ва ҳатто ундан пастга тушиб кетади. Қарияларда юрак қон - томир тизими фаолияти сусайиши кузатилади. Беморлар енгилликни ҳис қилади. Шу ҳолат келгуси хуружгача давом этади.

Касалликни аниқлаш учун қалин қон томчи, юпқа суртма препаратлари олинади. Безгак касаллигига текширилиши лозим бўлган шахслар:

1. Барча иситмали беморлар уларнинг ёши ва диагнозидан қатъий назар;

2. Талоқ ва жигари катталашгани сабаби маълум бўлмаган камқонли беморлар;

3. Хорижий давлатларга бориб келган шахслар;

4. Донорлар.

Безгакнинг олдини олиш тадбирларига қу­йидаги ҳужжатлар асос бўлади:

- "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонун.

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудини одамлар учун хавфли карантин ва бошқа юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш, санитария қоидалари ва меъёрлари.

- Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 25 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида паразитар касалликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида"ги 121-сонли буйруғи.

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фав­қулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича Давлат дастури.

- Эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотияларни олдини олиш дастури.

А. ЎРМОНБОЕВ,

ВЮКШ бош врачининг даволаш

ишлари бўйича ўринбосари.

М. САМАТОВА.

3-бўлимнинг даволовчи врачи.