Помидор

Биз суйиб истеъмол қиладиган табиат неъматларидан бири помидордир. Ундан овқат тайёрлашдагина эмас, турли салатларга мазза киритувчи қўшимча сифатида ҳам кенг фойдаланамиз. Шундай сабзавотнинг тарихини биламизми? Яхшиси у ҳақида баъзи маълумотларни келтириб ўтайлик: Помидорни ХVI аср бошларида юнонлар ва португаллар Европага олиб кирганлар. XVIII асрдан эса Россияда ўстирилган. Ҳозирги Перу ва Мексикани помидорлар ватани ҳисоблашади. Ҳиндулар қабиласи аҳолиси бир вақтлар уни "Томатль" деб атаган эканлар. Бу сўз - йирик мева маъносини беради. Айни пайтда бизда ҳам помидордан тайёрланадиган маҳсулотнинг томат дейилиши шундан экан-да.

Олимларнинг айтишича, помидор таркибида витамин С ва каротин кўп миқдорда бўлади. У худди қовун-тарвуз сингари 90 фоиз сувдан иборат. Таркибида шифобахш микроэлементлар, витаминлар, глюкоза, фруктоза моддалари бисёр. Шу туфайли кўплаб касалликларни помидор танамиздан қувади. Жумладан, асаб тизимини, шамоллашни даволашда, организмни турли зарарли моддалардан тозалашда атеросклероз, диабет, семизликка мойиллик, меъда-ичак тракти, юрак-қон томирлари тизими ва буйрак касалликларида уни истеъмол қилишнинг ўрни ва нафи беқиёс.

Помидорда биофаол моддалар жамулжам. Унинг таркибида табиий шакарнинг барча турлари, органик кислоталар, В1, В2, В3, B6 К, P, В6 витаминлари етарли. Унда бир қатор минераллар бор, калийга ҳам бой. Лекин ёғлар ва натрий деярли йўқ. Таркибида темир моддаси мавжудлиги бўйича гўшт, сут ва балиқдан бир неча марта устун туради. Кимки, уни билиб, керакли миқдорда истеъмол қилиб борса, саломатлиги мустаҳкам ва барқарор тура­веради.

Янги помидор ва унинг шарбати даволаш хусусиятига эга. Шарбатининг қайнатилмагани ва туз қўшилмагани ғоят фойдали. Помидор касалликларни даволашда муҳим восита. Атеросклероз, анемия, авитаменозга чалинганларга қуйидаги тавсиялар асқотади: ҳар куни овқатланишдан ўн беш дақиқа аввал икки маҳал 150-200 грамдан янги тайёрланган помидор шарбатидан ичиш ёки 200-300 граммдан яхши пишган помидор салатидан овқатга қўшиб истеъмол қилиш керак. Юқорида кўрсатилгандек усулда сок ва помидорни қўллаш глаукома, модда алмашинуви бузилиши, ошқозон сокининг кислоталилиги пасайиши, уйқусизлик, юрак ишемик касаллиги, гипертония, тахи кардия ва аритмияни, жаҳлдорликни даволашда яхши самара беради. Ош­қозон-ичак трактида сурункали касалликлар пайдо бўлса, помидорни ейишдан олдин 20 секунд қайноқ сувга солиб, сўнгра пўстини ажратиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Шу йўл билан жиғилдон қайнаши, кўнгил айниши, қорин дам бўлиши ва оғришининг келиб чиқиши бартарф этилади.

Мабодо, ошқозонингизда яра бўлса янги узилган уринмаган помидорни ейиш мақсадга мувофиқ. Агар ўт пуфагингизда тош бўлса, помидорга худди юқорида айтилганидек ишлов берилса, ўт пуфагида қисилиш юз бермайди.

Жигар хасталигида эса помидор шарбати ва тузланган карамнинг сувидан тенг миқдорда аралаштириб қабул қилинади. Овқатдан сўнг уч маҳалдан узоқ муддат ичиб борилади.

Помидор танадаги ортиқча суюқликларни чиқариб юборади. Оч қоринга ейилса, ўт қопидаги ва буйракдаги тошларни эритади.

Помидор таркибидаги лимон кислотаси томирларда қоннинг ивиб қолиш ҳолатлари рўй беришига моънелик кўрсатади.

Йирингли яраларга янги помидорнинг қирғичдан чиқазилган бўтқаси қў­йилса, у тез битади.

Эркаклар учун помидорнинг алоҳида фойдалари мавжуд. Ундаги кўп миқдорда антиоксидант-ликопин моддаси эркакларда простата раки пайдо бўлишининг олдини олади. Бунинг учун доимий равишда истеъмол қилиб туриш керак. Шунингдек, помидор куч-қувватни оширади, иммунитетни кўтаради.

Помидор шарбати суяк тўқималари зичлигини ушлаб туради. Яна қандли диабетда ҳам ғоят нафи катта. У қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиради.

Айни пайтда помидорнинг кимларга зарари борилигини ҳам билиб қўйиш лозим. Чунончи, овқат аллергияси билан оғриган кишиларга мумкин эмас. Бўғин оғриғи, подагра касалликларига дучор бўлганлар помидор ейишдан ўзларини тийишлари даркор.

Меъда-ўн икки бармоқ ичак яраси, меъда ширасида кислоталилик ошганда помидор истеъмол қилиш асло ярамайди. Ўт пуфагида тоши борларга фойдасидан зарари кўпдир.

Ўз соғлиғи учун жон куйдирадиган кишилар шуларни эсда тутсинлар. Помидорни гўшт, тухум ва балиққа қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Нон билан ейиш ҳам тавсия этилмайди. Томат сокини овқат тановул қилгандан ярим соат ўтказиб, ичган маъқул.

Табиатнинг бу бебаҳо неъматидан оқилона фойдаланинг. Шунга эришсангиз, у кайфиятингизни ҳам кўтаради. Сабаби, органик модда ҳисобланувчи тирамин таркибида бўлиб, бу модда организмда серотонимга айланади. Тушкунликка ва ҳафаликка қарши курашишда инсонга фаол кўмаклашади.

Интернет материаллари ва тиббий рисолалардан

фойдаланган ҳолда Манзура Насибулло қизи тайёрлаган.