«Hayrat ul-abror»

Алишер Навоий "Хамса"сининг биринчи достони "Ҳайрат ул-аброр", яъни "Яхшиларнинг ҳайрати" бўлиб, фалсафий-дидактик асар саналади. Филология фанлари доктори, профессор Абдуқодир Ҳа­йитметов айтганидек:

"Бу достон дастурий тавсифга эга бўлиб, ундаги ғоялар кейинги достонларда ноёб сюжетлар, хилма-хил қаҳрамонларнинг ёрқин образлари, ажойиб ҳикоялар ва оргинал бадиий санъатлар орқали ривожлантирилган ҳамда чуқурлаштирилган".

Достон муқаддимадан ташқари 20 мақолатдан иборат. Олтинчи мақолат ахлоқ-одобга бағишланади. Навоий наздича: адаблилик кичикларга бахтиёрлик сабаби, улуғларга эса юксак мартабалилик боисидир. Камтарлик, тарбия-тавозуъ инсон одобининг ибтидоси:

Лек бу йўл қатъида шарти талаб,

Билки тавозуъ била келмиш адаб.

 

Чунки тавозуъға хам ўлди ҳилол,

Бўлди фузунроқ анга ҳар кун камол.

Англаган бўлсангиз, камтар одамни шоир янги чиққан ойга қиёслаган. Унинг ёй сингари қадди эгиклигига ишора бор. Худди таъзим қилаётгандек тасаввур беради. Шунинг учун кун сайин тўлишади-камолот касб этади. Инсон ҳам камтарлиги туфайли шундай юксалишга мушарраф бўлиши уқтирилади.

Одобни одобсизликда фарқлаш ғоят муҳимлиги учун улуғ сўз санъаткори бу масалага ҳам эътибор қаратган. Мақсади иллатлардан, қусурлардан одамларни қайтариш:

Тарки адабдин бири кулгу дурур,

Кулгу адаб таркига белги дурур.

 

Ғунча кулуб бўлди очилмоқ анга,

Етти очилмоқда сочилмоқ анга.

 

Кулгуки ўз ҳаддидан ўлди йироқ,

Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ.

Навоий одоб ҳақида фикр юритар экан, бу борада илму тарбиянинг аҳамиятини, муаллимнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтади. Устоз-ўқитувчига юксак талаб қўяди. Унинг ўзи тарбияланган бўлиши кераклигини, аксинча ҳолатда бола нотўғри йўлдан кетиб қолиши мумкинлигидан огоҳлайди. Яхши тарбиячига меҳр-эҳтиром кўрсатишни муносиб ҳисоблайди:

Қилмоқ эрур бири муаллим талаб,

Қилғали таълим анга илму адаб.

 

Меҳр ила зажрики таваққуъ дурур,

Тифлға сендин бу тавозуъ дурур...

Шоир инсон ахлоқ-одобига ота-онанинг масъуллигини жуда юқори баҳолайди. Уларнинг фарзанд­лар олдидаги, фарзандларнинг ота-оналари олдидаги мажбуриятларини алоҳида урғулайди. Бирин ой, бирин қуёш билгин, улар чизган чизиқдан ташқарига бир қадам ҳам босма. Ҳамма хизматларини одоб билан адо эт, дея уқтиради:

Икки жаҳонингга тиларсен фазо -

Ҳосил эт ушбу икисидин ризо.

 

Бўлсун адаб бирла бори хидматинг,

Хам қил адаб "дол"и киби қоматинг.

Мақолат раҳм-шафқатлилик масаласи билан ниҳояланади. Бу бежиз улуғлик, мансаб ва мартаба насиб этганларга насиҳат тарзида берилмаган. Инсонга ким бўлишидан, қандай вазифада ишлашидан қатъий назар ёши катталарга ҳурмат, кичикларга эса иззат фарзи муносиблигининг афзаллигини тушунтиради.

Юқоридагилар "Ҳайрат ул-аброр"даги пандномалар дарёсидан бир томчи, холос. Агар достон мутолаасига вақт топсангиз, буюк бобомизнинг бой маънавий хазинасидан бебаҳра қолмайсиз.

Зумрад ХОЛМАТОВА,

Наманган Президент мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.