Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, бошқарманинг маънавий-маърифий ишларга масъули Абдулла Ғозиев олиб борди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил қилиш тўғрисида"ги ПҚ-5039-сонли ва "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5040-сонли қарорлари асосида тизимдаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бинобарин, тизимдаги тиббиёт муассасалари маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлари таркиби қайтадан кўриб чиқилди. "Маънавият ва маърифат хоналари" янгитдан тартибга келтирилди ҳамда зарур тасвирий тарғибот воситалари ва адабиётлар билан жиҳозланди. Муассасаларда ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи жума кунлари "Маърифат соатлари"ни ўтказиш тартиби жорий этилди.

Ҳозир белгиланган жадвал асосида машғулотлар ўтказиб борилмоқда. Шу кунга қадар буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, соҳибқирон Амур Темур таваллуд кунларига, Бутунжаҳон силга қарши кураш куни, Жаҳон саломатлик кунига бағишланган тадбирлар ташкилланди.Ҳар ҳафта давом этаётган "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам!" акцияси иштирокчилари тобора кўпайиб бормоқда.

Тизимда коррупцияга қарши кураш борасида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. 22 апрель куни "Ёшлар марказида" кенг иштирокчилар қатнашувида соҳада бу иллатни барҳам топтириш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Ходимлар маънавиятини юксалтиришда санъатнинг роли беқиёс. Шу боис ҳам соғлиқни сақлаш ходимларининг жамоавий тарзда вилоят театрига ташрифлари уюштирилмоқда. Яқинда вилоятимизга гас­трол сафарига келган Бухоро вилояти мусиқали драма театрининг "Хорижлик келин ёҳуд бухороча тўй қиламан" номли спектакли томоша қилинди. Келгусида барча муассасалар жамоаларининг вилоят ҳокими тасдиқлаган тадбирлар режасига мувофиқ театрга жалб этилиши белгиланган.

Тиббиёт масканларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар мониторинг қилинмоқда. Жумладан, апрель ойи­нинг ўзида Наманган, Мингбулоқ, Чуст ва Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмалари маънавий-маърифий ишларга масъулларининг иши танқидий ўрганилди. Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси маънавий-маърифий ишларга масъулининг фаолияти қониқарсиз топилиб, унинг ўрнига ташаббускор ва интилувчан ходим тайинланди.

Йиғилишда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси маънавий-маърифий ишларга масъуллари Баҳодир Турдиев, Абдусаттор Тўйчибоевлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, тизим муассасаларидаги кутубхоналар фаолиятини намунали йўлга қўйиш, маънавият тар­ғиботчилари малакасини ошириш ва уларни рағбатлантиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кенгаш йиғилиши ваколатидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.