Бизга маълумки, тарих - йиллар қатига яширинган ҳақиқат. Унинг бағрида ота-боболаримизнинг ўтмиши, тили ва адабиёти, маданияти, жаҳон тамаддунида тутган ўрни, мавқеи гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон ётади. Чунки, тарих бугунги кундан олис-олисда. Орамизда вақт аталмиш ҳеч кимнинг измига кирмайдиган кўзга кўринмас "девор" бор. Уни фақат ва фақат хаёлан бузиб ўта оламиз, гўёки тарихга қайта оламиз. Лекин ўз ҳукмимизни ўтказишга ожизмиз. Аммо, бу борада ноёб китоб­лар - ноёб ёдгорликлар тарзида ўзига чорлайди, ўқиб-ўрганишимиз асносида тарихимизнинг узоқ ўтмишларига зинапоя мисол асрма-аср, поғонама-поғона, "саёҳат" қилиш имконини яратади. Бунга айниқса илмий-тадқиқотчи олимлар ғоят эҳтиёж сезишади. Улар даставвал ўрганишади, сўнгра аниқлаганлари асосида илм-фанга муҳим янгиликларни баҳоли қудрат ҳавола этишга интилишади. Бошқача айтганда, қўлёзма ёдгорликлар орқали тарих билан "тиллашишади". Унинг яратувчиси бўлган халқнинг бебаҳо маънавий бойлиги - тили ва адабиёти олимлик даъвосидаги заҳматкаш инсонлар учун ғоят қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан қараганимизда Наманган давлат университетининг инглиз филологияси факультети доценти Ботир Жафаровнинг филология фанлари бў­йича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертацияси алоҳида эътиборга лойиқ. У XIII-XIV асрларда қуман тили асосидаги "Кодекс куманикус" кўп тилли луғати матнини атрофлича тадқиқ ва таҳлил этишни мақсад қилиб қўйган. Тўғри, мазкур луғат устида жаҳон туркийшунос олимлари анчагина тадқиқотлар олиб боришган. Бироқ бундан буён ҳам ўрганиладиган томонлари бир талай. Ўзбекистонда М.Жўраева ҳамда Ш. Абдиназимоваларнинг илмий изланишлари билангина чекланиб қолинганини инобатга олсак, юртимиздаги ишлар денгиздан томчи эканини ҳис этамиз. Наманганлик илмий тадқиқотчи ғоят долзарб мавзуга, ғоят ҳайрли ишга қўл ургани яққол кўриниб турибди.

Биз диссертация билан танишиб, уни мўъжаз монография тарзида илмий жамоатчиликка  тезроқ ҳавола қилиш керак, деган хулосага келдик. Боиси, манбашунослик, тилшунослик ва фольклор­шуносликка доир янги-янги фикрлар, хулосалар теран таҳлиллар билан исботлаб берилган. Туркий тилимизнинг ва тилшунослигимизнинг ҳали ўқилмаган саҳифаларини очиш учун астойдил изланилган. Чунончи, "Кодекс куманикус" - тарихий - филологик манба" деб номланувчи биринчи бобида ёзилганидек: "XIV аср бошларида лотинча-форс­ча-қуманча ва қуманча-немисча, қуманча-лотинча сўзларни ўзида мужассам этган луғат ҳамда христиан монахлари томонидан қуман тилига таржима қилинган диний мадҳия ва дуо­лар, энг қадимги туркий топишмоқлардан таркиб топган қўлёзма сифатида юзага келган.

Мазкур ёдгорлик қадимги туркий қўлёзмалар ичида лотин ёзувида битилган ягона тематик луғатдир. Бугина эмас, унинг таркибида 47 та энг қадимий туркий топишмоқларнинг ёзиб қолдирилган намуналари ҳам қўлёзманинг нафақат луғатшунослик, балки халқ оғзаки ижоди назарияси ва амалиётини янги факт ва матнлар билан бойитади. Муҳими, нодир ва ҳали ҳеч бир манбада учрамаган топишмоқлардир. Улар туркий топишмоқларнинг ёзма тарзда ўз аксини топган йирик гуруҳи эканлиги билан ҳам жуда катта аҳамият касб этади".

Очиғини айтганда, ҳозиргача менинг ўзим ҳам юқоридаги  кўптилли бу луғатдан, ундаги топишмоқлардан бехабар эдим. Шу чоққача туркий тилшуносликка, туркий адабиётга оид икки-учта асарлардан бохабар бўлганман, холос. Энди эса аввалдан билган Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғати-т-турк", Юсуф Хос Хожибнинг "Қутатғу билиг" асарлари қаторига "Кодекс куманикус" ҳам қўшилгани беҳад фахрлидир. Ахир бу ҳам XIV асрда Дашти Қипчоқда яшаган туркий қуманларнинг ёдгорлиги экан. Қарангга Шарқ халқлари тили билан Ғарб халқлари тиллари қўшилган ҳолда қадимий луғат яратилганидан шунча давр бехабар юрибмиз-да.

Юқоридагилардан англашиладики, қуманлар Дашти Қипчоқ ўзбеклари эканлиги кишига фахр ва ифтихор бағишлайди. Улар бизнинг ота-боболаримиз, бизнинг аждодларимиз Марказий Осиёдаги қозоқ, қирғиз, туркман, татар каби туркий миллатларнинг ота-боболари, она-момолари - унутишга ҳаққимиз йўқ аждодларимиз бўлиб чиқишмоқда. Тадқиқотчи-олимнинг шу масалага ҳам алоҳида урғу бергани ҳаммамиз учун ҳам айни муддаодир.

Энг эътиборлиси, қўлёзмадаги сўзларга ва уларнинг жойлашувига танқидий нуқтаи назардан ёндошилган. Синчиклаб ўрганилиши натижасида хаттотларнинг хатоси билан йўл қўйилган чалкашликларгача аниқланган. Матншунослик талаблари асосида луғат таҳлил, "таҳрир" ва табдил қилинган. Тўла маънода туркий ёдгорликнинг қадр-қимматини белгиловчи омиллар етарлича шарҳланган. Ўша давр ҳарф ва товушларини ифодаловчи белгилар жадвалга солинган. Ҳатто сўзлар бирма-бир санаб чиқилган. Мана бу хулосалар беинкор ҳақиқатдир: "Қўлёзманинг "Таржимонлар китоби" қисмидан ўрин олган қуманча сўзларнинг 780 дан ортиғи ҳозирги ўзбек адабий тилида истифода этилади. Бу ўз навбатида қўлёзмага киритилган қуманча сўзлар ўзбек адабий тили таркибида муҳим мавқе эгаллаганидан далолат беради", деб ёзади матншунос Ботир Жафаров. Бу билан луғатда жами 2668 та қуманча сўз берилган бўлса, унинг деярли ҳар тўрттадан биттаси бугунги кунда ўзбек тилимизда қўлланилаётгани мазкур луғатнинг бизга асло бегона эмаслигини далолатлайди. Ундан ўрин олган кўплаб сўзлар Алишер Навоийнинг "Хамса"си достонларида такрор-такрор учраши эса ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Тадқиқотчи-олим  таъкидлашича: "Кодекс куманикус" туркий тиллар тарихида лотин ёзуви ва тили воситасида яратилган ҳозиргача ягона ёзма ёдгорликдир. У илк кўп тилли луғат намунаси сифатида ҳам фавқулодда аҳамиятга молик.

Луғатда биринчи маротаба сўзлар мавзу гуруҳларига кўра тасниф қилиб берилган. Ёдгорлик ўзида лотин тилли мутахассис ва мухлисларга етказишни кўзда тутиб, туркий тил грамматикасига оид айрим изоҳларни мужассамлаштиргани билан ҳам эътиборга эга. Бу жиҳатдан у фақат "Девону-луғати-т-турк" дангина кейин туради, холос".

Диссертациядан мозийшунос, фольклоршунос ва адабиётшунослар ҳам анчагина янги ва қимматли маълумотларни топа олишлари мумкин. Жумладан, тадқиқот олиб борилган луғатнинг асл нусхаси ҳақида фикр юритилган қисмида биринчи бор тарихнинг сиз ва бизга номаълум ҳақиқатлари келтириб ўтилади: "Мазкур қўлёзма 1362 йилда Италия уйғониш даврининг машҳур шоири Франческо Петрарка (1304-1374) томонидан бошқа асарлар билан биргаликда Венеция кутубхонасига сов­ға қилинган". Бундан аёнлашадики, дунё адабиётида илк ўлмас шеърий сонетларнинг ёрқин намунасини яратган улуғ ижодкор "Кодекс куманикус"дан фойдаланган. Китобнинг ғоят керакли эканини сезган ҳолда уни омманинг мулкига айланишига, яхши сақланишига, асрлар оша ҳозирги давргача етиб келишига сабабчи бўлган. Донишманд инсонлар ҳамма вақт узоқни кўра биладилар, албатта.

Тадқиқотчи олимнинг маълумот беришича, 82 саҳифали қўлёзма ёдгорлик 164 саҳифали китобга тенг. График ва тил хусусиятига кўра мутахассислар томонидан икки қисмга бўлинган. "Таржимонлар китоби" ва "Тарғибот китоби" деб номланган. Биринчи қисмига лотин тилидаги сўзларнинг форсча ва қуманча таржималари киритилган. Иккинчи қисмидан эса италян шоирларининг шеърлари, диний мадҳиялари, қадимги туркий топишмоқлар, қуманча-немисча, қуманча-лотинча луғатлар, қуман тили грамматикасига оид изоҳлар ўрин олган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, "Кодекс куманикус" тўрт тилли қадимий қўлёзма луғат. Сўзлар гуруҳларига назар ташланса, соҳа ва мавзуларга тааллуқли, кундалик ҳаётий муносабатларда фаол ишлатиладиган сўзларнинг лотинча, қуманча, форсча ва немисчаси ёнма-ён қўйилган. Қуман тилининг грамматик изоҳи ҳам борлигидан луғат қуманлар билан мулоқот ва алоқа қилиш жараёнини осонлаштириш учун яратилгани ойдинлашади. Фақат оғзаки қўлланиладиган сўзлар туркумланганидан шундай фикрга келишимиз айни ҳақиқатнинг ўзи эмасми?!

Диссертация билан танишгач, беихтиёр хаёлимдан қуйидаги фикр ўтди: Ҳамюртимиз серқирра ижодкор ва зукко тилшунос Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Луғати ситтати алсина" -  "Олти тилли луғат" китобининг қадимий ўхшаш нусхаси олти аср муқаддам яратилган экан. У қуман тилида сўзлашувчиларга хизмат қилган бўлса, Исҳоқхон тўра Ибратники рус тилида гаплашишни истовчиларга асқотган. Бирига лотин ёзувида, иккинчисига араб ёзувида  тартиб берилганининг асл сабаби шунда. Чунки, ҳар икки ёзувдан бир неча тилда гаплашувчилар фойдаланишган.

Бизнингча, илмий изланишлар олим томонидан давом эттирилмоқда. Чунки, мазкур қўлёзма тадқиқи билан боғлиқ бўлган Ботир Жафаров раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси Инновацион Ривожланиш вазирлиги томонидан бажарилиши 2020-2022 йилларга мўнжалланган "Кодекс куманикус" қўлёзмасинининг электрон илмий изоҳли матни ва изоҳли луғатини яратиш" мавзусидаги лойиҳанинг молиялаштирилгани фикримизнинг яққол далилидир. Балки лойиҳа давомида кўҳна кўп тилли луғатнинг тузувчи муаллифлари ҳам аниқланар. Балки тез орда, илк тўрт тилли луғат билан Исҳоқхон тўра Ибратнинг олти тилли луғати таққосланиб, қиёсий ўрганилар. Балки ҳар икки луғатнинг ҳозирги босма нашрини ўқишдан баҳраманд бўлармиз. "Яхши ният  - ярим мол". Мазкур мақол кўнглимизда эзгу умидлар уйғотаверади.

Ўзбек адабиётининг аллома адиби Абдулла Қодирий "Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик" деб бежиз айтмаган. Олим Ботир Жафаров диссертациясини мозийдаги матн-манбага бағишлаб, ғоят хайрли юмушни амалга оширган. Унинг бир неча йиллик чеккан заҳмати тилшунослик ва матншунослик бобида янги қадамлар ташланишидан дарак бермоқда. Теран нигоҳ, чуқур таҳлил, атрофлича мушоҳада асносида мавзуга дахлдор кўплаб илмий манбалардан самарали ва ўринли фойдаланилган. Манбашунослик ва матншунослик илмида ўзига хос янги фикрларни, қимматли хулосаларни шакллантирган диссертация муаллифининг илмий салоҳияти, ижодий камолоти иқтидорли ёшлар учун ҳавас қилишга, ўрнак олишга жуда муносиб деб баралла айта оламиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

НамДУ инглиз филологияси

2-босқич магистранти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.