- дейди тиббиёт фахрийси Людмила ДИВЕЕВА.

Она Ватанини севган, элига сидқидил хизмат қилган, танлаган касбига садоқатини намоён этган инсон ҳамиша муроду мақсадига етади. 78-баҳорини қаршилаган Людмила Михайловна ҳам ана шундай бахтга мушарраф бўлган табаррук фахрийлардан биридир. Унинг умр йўлига назар солсангиз, ибрат олса арзийдиган жиҳатлар бағоят кўплигига амин бўласиз.

Шаҳрисабзда таваллуд топган Людмиланинг оиласи тақдир тақозоси билан Наманганга кўчиб келди. У мактабни ҳам шу ерда тамомлади. 1960 йилда Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Қўлига врачлик дипломини олгач, институт йўлланмаси билан Янгиер шаҳридаги шифохонага ишга юборилди. Бир муддат сирдарёликларга намунали тиббий хизмат кўрсатган шифокор кейинчалик Наманганда, аниқроғи вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида ишлай бошлади.

Людмила Михайловна қирқ йил муқаддам шифохона остонасига қадам қўйганидан бутун меҳнат фаолияти шу даргоҳда кечишини, ҳатто пенсияга ҳам шу маскандан кузатилишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Йиллар ортидан йиллар ўтаверди. Изланувчан, талабчан ва ташаббускор дерматолог-врач соҳасининг ич-ичига кириб борди. Тери-таносил касалликларини олдини олиш ва даволаш бўйича бой тажриба тўплади. Дастлаб кекса шифокорлар маслаҳатига амал қилиб, малакасини ошириб борган бўлса, кейинчалик ҳам дерматологияга оид билимларни мукаммал эгаллашга интилди. Бу одатни ҳозир ҳам канда қилгани йўқ.

Тиниб-тинчимас шифокор бахтини Намангандан топганлигини мамнуният билан эслайди. Икки ой муқаддам вафот этган турмуш ўртоғи Радик Дивеев билан шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида ўқиб юрган чоғида танишганди. Узоқ йиллар тотли ҳаёт кечирди, эр-хотин. Радик қўлидан ҳар бир иш келадиган меҳнаткаш киши эди.

Дивеевалар оиласида икки нафар қиз дунёга келди. Аввал Елена, ке­йин Наталья. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган қизлар касб танлашда она изидан боришга аҳд қилишганини эшитиб ғоят шодланганди Людмила Михайловна.

- Онамиз бизда шифокорлик касбига ҳавас уйғотганлиги боис опа-сингил ҳеч иккиланмай қўшни вилоят томон отланганмиз, - дейди тўнғич фарзанд Елена Радиковна. - Мен Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, кардиология соҳаси мутахассиси бўлдим. Синг­лим Наталья эса офтальмология йўналишини танлади. Кейинчалик Москвадаги энг нуфузли олийгоҳлардан бирида маҳоратини оширди. Айни пайтда Андижондаги етакчи клиниканинг олий тоифали шифокори сифатида кўз касалликларига дучор бўлган одамларни дарддан халос этяпти.

Елена Радиковна "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган тез ёрдам станциясидаги илғор ва фаол шифокорларидан биридир. Ҳар бир чақирув самарали кечиши учун интилади. Хастахол кишиларга нажоткор бўлаётганидан фахр туяди.

Людмила Михайловна шифокор қизлари етарли тажриба тўплаб, ўз касбининг фидойисига айланган бўлсалар ҳам уларга талабчанликни асло сусайтирмаган. Илдам тараққий этаётган тиббиётнинг сир-синоатларини янада чуқур ўрганиш лозимлигини уқтиргани уқтирган. Чунки соғлиқни сақлаш тизими такомиллашяпти. Замонавий технологиялар тадбиқ этилмоқда.

- Муҳтарам Президентимизнинг тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун кўрсатаётган эътиборларидан беҳад мамнунман,- дейди Л. Дивеева. - Айниқса соҳа ходимларини рағбатлантириш кўлами кенгайтирилганлиги эътирофга лойиқ. Шифокорларнинг жамиятдаги нуфузи ортаётганлиги, уларнинг касбига садоқатини мустаҳкамлайди. Эъзозланган, қадрланган мутахассислар сидқидилдан хизмат қилиб, эл саломатлигини муҳофазалашда доимо юқори натижаларга эришишлари табиий.

Биз шифокорлар сулоласини асосчиси, тиббиёт фахрийси Людмила Дивеевага узоқ-умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.