Инсоннинг қадр-қиммати унинг элу юртига ҳалол ва фаол хизмати билан барқарору бардавомлик касб этади. Ахир сен бошқаларга меҳр берсанг, улар ҳам сенга талпинишади, ихлос боғлашади, эҳтиром кўрсатишади. Бундан яйраб-яшнайсан, кўнглинг тоғдек кўтарилади худди Нажмиддин Сайфиддиновдек. Бу инсон ўзининг бутун умрини болаларни даволашга, халқ соғлигини сақлаш ишларини ташкил қилишга бағишлаб келди. Салкам қирқ йил эгнида оппоқ халат билан тиббиёт хизматига яради.

Кечагидек ёдида 1973-1979 йиллари Самарқанд давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетини ўқиб тугатган ёшгина йигит бир йиллик интернатурани Наманган шаҳар 1-болалар шифохонасида ўтади. Сўнгра, Наманган туманидаги Тепақўрғон участка шифохонасига врач-педиатрликка юборилди. Болалар муолажасига моҳир ва ташкилотчи кадр тезда элга танилиб улгурди. Уни 1981 йилиёқ туман бош педиатрлигига лойиқ кўришди. Наж­миддин Сайфиддинов ғоят масъулиятли бу вазифани тўрт йил сид­қидилдан адо этди. Туманда болалар ўлими кескин камайтирилди. Вилоят семинари ўтказилиб, унинг иш тажрибаси оммалаштирилди. Ке­йин эса икки йил Хонободда қишлоқ участка шифохонаси врач-педиатри вазифасини бажарди.

Уни 1986 йили Тўрақўрғон туманига ишга таклиф қилишди. Дастлабки ўн йили болалар поликлиникасида кечди. Аввал врач-педиатр, сўнгра бўлим мудири бўлиб ишлади. Бу ерда ҳам ўзининг ҳар бир масалага жиддий ёндошиши, ташкилотчилигию ташаббускорлиги туфайли соҳа раҳбарларининг назарига тушди. 1996 йилдан туман тиббиёт бирлашмаси бош врачининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлигига та­йинланди. 2005 йилдан бош врачнинг бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатиш бўйича ўринбосарлигига ўтказилди. 2009 йилдан бош врачнинг даволаш ишлари бў­йича ўринбосарлиги вазифаси унинг зиммасига юклатилди. Роса тўрт йил мазкур лавозимида иш юритиб, туман халқи саломатлигини сақлаш хизматини давр талаблари даражасига кўтариш учун бор билим ва лаёқатини сарфлади. Эндиликда эса қишлоқ врачлик пунктлари коор­динатори вазифасини бажараётир.

- Менинг камолотимга яхши устозларнинг рағбату қўллаб-қувватлашлари сабабчидир, - дейди Наж­миддин Сайфиддинов миннатдор оҳангда. - Абдулҳай Давронов, Абдумуҳид Раҳмонов, Людмила Сангиновалардан кўп нарсаларни ўрганганман. Кичик беморларга катта эътибор кўрсатиш зарурлигини бирор лаҳза унутмаслик врачлик фаолиятимнинг асосий мезонига айлангани шундан.

Қалби эзгуликларга тўла шифокорнинг "Шодлик" мажмуида ёзган дастурхони атрофида жамулжам бўлган инсонларни кўриб ғоят ҳавасимиз келди. Бир тарафда меҳнат фахрийлари. Улар орасида терапеветлар устози Миржалол Мирсаидов, элга таниқли ўрта тиббиёт ходими Муҳаммаджон Холмирзаевларгача қўр тўкиб ўтиришибди. Бир тарафда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган ҳамкасблар, яна бир тарафда устоз шодлигини биргаликда баҳам кўришаётган шогирдлари.

- Устоз Сизнинг фаолиятингиз бизлар учун чинакамига ибрат мактабидир,-деди эҳтиром ила тўн ва дўппи кийдирар экан, шогирдларидан бири - педиатр Улуғбек Избосаров.

- Сизнинг сафимизда юришингиз барчамизда фахр уйғотади, - дея таъкидлади ҳамшира Лобар Нажимова.

Кўнгилига мунавварлик бағишловчи бу каби тилаклар 63 ёшини нишонлаётган устоз шаънига такрор-такрор изҳорланди.

Координатор хонасидаги чиройли рамкага солинган дастхатли эсдалик-сурат ҳам ўша куни пайдо бўлди. Унда иш столида ўтирган Нажмиддин Сайфиддинов тасвири остига қуйидагилар битилибди:

Кундуз ва кечани фарқламай ишлар,

Умрини беҳуда сарфламай ишлар,

Қон тоза, қалб тоза, фикру онг тоза,

Фидойи авлодга умри андоза.

Бу эътирофлар ҳар қандай мукофотдан аълодир, десак заррача муболаға эмас.

(Ўз мухбиримиз).