Кечагидек эсида. Ўшанда Матлубахон мактаб сабоғини якунлаб, қўлига аттестат олганди. У муаллима бўлиш орзусида эди-ю, кутилмаганда онаси рўйхушлик бермади.

- Бу ҳам яхшикуя, аммо дўхтир бўлиб қўяқол, қизим, - деди Оминахон ая. - Оппоқ халат билан фариштадек юрасан, одамлар дардига дармон излайсан, олқишларга кўмиласан...

Онасининг сеҳри бормикин-а, у тортишиб ўтирмади, маъқул топиб Андижон тиббиёт институтига ошиқди. Талабалар сафига қўшилди. Олти йил тиббиёт илмини эгаллади.1995 йил "Гўзал" даҳасидаги вилоят кўп тармоқли шифохонасида интернатурани ўтади. Сўнг Наманган шаҳар 3-оила поликлиникасида хизмат қила бошлади, тез тиббий ёрдам бўлимида фаолият юритди.

2002 йили кутилмаганда Оминахон ая эндокрин касаллигига чалиниб қолди. Онасининг дардини аритиш учун елиб югурган, кеча-кундуз астойдил қайғурган шифокор қизининг кўнглида яна бир орзу туғилди. Эндо­кринолог бўлиш учун Тошкентга малака оширгани борди. Ярим йил давомида ўқиб-ўрганди. Устозлари, профессорлар Саид Ибрагимович Исмоилов ҳамда Гулноза Нишоновалардан эндокрин хасталикларини даволашни пухта ўзлаштиришга интилди. Наманганга ихтисослашган мутахассис сертификатининг олиб қайтди.

Яхшиси, Матлубахон ҳақида унинг муолажаларидан баҳраманд бўлаётганларнинг фикр-мулоҳазаларини келтирайлик.

- Ўн беш йилдан бери қандли диабет билан курашаман,-дейди Наманган шаҳрилик Жамилахон Эргашева. -Фақат шу докторга учрайман. Ширин сўзлари биланоқ дардингизни чекинтиради. Тиниб-тинчимайди, доимо изланади, янгиликлардан бохабар қилиб туради. Худога шукр, ҳозиргача касаллик асоратларсиз кечмоқда. Сал ўзимни ёмон ҳис қилсам, дарров Матлубахон билан телефонда боғланаман ёки ҳузурига чопаман. Бемалол мурожаат этиб, керакли йўл-йўриқ ва тавсияларни оламан. Қани эди, шундай шифокорлар кўпаяверишса.

Бундай эътирофлар оз эмас. биз қаҳрамонимиз билан қисқа-қисқа савол-жавобимиз чоғида ҳам юқоридаги Жамилахонга ўхшаган беморларнинг бир неча бор суҳбатимизни бўлишлари, гоҳ-гоҳ маслаҳат сўраб қилинган қўнғироқлар, қабулига келган, даволанаётган беморлар нажоткор аёлни яхши маънода йўқлаб туришгани шундан далолат берарди.

Кўзлари кулиб турган меҳрибон аёлнинг ўктам овози, ёқимли, самимий суҳбати кишига ғоят хуш кайфият бағишлашини англадим. Ҳар бир касалнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Касаллик номи битта-ю, лекин ҳар инсонда ўзига хос тарзда намоён бўлади. Шифокор буни яхши билади. Бир неча йилдан бери бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган олий тоифали эндокринолог врач-узист Матлубахон Қодирова катта обрў соҳибаси. 32 йиллик иш тажрибасига эга ҳамшира Насибахон Кумушова шифокор ҳақида тўлқинланиб сўзлайди:

- Муомаласи, қатъияти, ишга фидоийлигини қадрлайман. Беморларнинг ҳар бирига алоҳида меҳр кўрсатади. Ҳатто уларнинг оила-аъзоларигача танийди, исм­ларигача билади. Касалнинг руҳиятига кириб кетади.

Матлубахон 1994 йилда ҳамқишлоғи ва ҳамкасби терапевт Қаҳрамон Қодировга турмушга чиқди. Қаҳрамон аканинг оиласи ҳам худди ўзиники каби ҳалол, меҳнаткаш инсонлар жамулжамланган оила эди. Олийгоҳнинг охирги курсида ўқиганлари пайти келин-куёвга қийинчилик туғдирмаслик учун барча шароиту имкониятларни яратиб беришди. Эндиликда 7-оила поликлиникасида олий тоифали терапевт Қ. Қодировни яхши мутахассис сифатида қадрлашади.

Шифокорлар оиласида 3 фарзанд вояга етмоқда: Моҳинур, Ҳожиакбар, Нилуфар.

- Турмуш ўртоғим ҳамиша ҳаётда менга кўмакдош бўладилар. Ишдан кеч қайтишим, тунги чақириқлар, ойлаб малака ошириш курслари... Барини тушунадилар. Фарзанд тарбияси, умуман, оилада барча асосий юк улар елкаларида. Кўп нарсани у кишидан ўрганаман, маслаҳатлашаман. Онамдан меҳнаткашликни, қайнонамдан меҳр, ширинсўзлик ва бағрикенгликни ўрганганман, - дейди Матлубахон.

Ўзбекойимнинг оилалари, ҳаётлари ҳамиша ширин бўлсин. Лекин ҳеч қачон, "ширин" касал билан оғримасинлар. Бунинг учун елиб-югуриб меҳнат қилсинлар, асло ҳаракатдан тўхтамасинлар.

Наима РАҲМОНОВА,

Уйчи тумани.