Ёҳуд хотин-қизлардаги камқонлик ташвишида туғилган ўйлар

 

Наманган деганда ҳар кекса ёшнинг

Лабидан бол томар, тиллари ширин.

Азалдан файзи бор бунда қуёшнинг,

Юзларда қон-қаймоқ рангги яширин.

Ғафур ҒУЛОМ.

 

Яқиндаги бир воқеа кўз ўнгимдан нари кетмаяпди. "Наманган-Жомашўй" автобусида эдим. Қишлоқ бекатларининг биридан бошига катта тоғорада нарса кўтарган аёл чиқди. Унинг рангги синиққан, ўзи эса ўқтин-ўқтин ҳансирарди.

- Маҳбубахон, намунча кўп кўтарибсиз, жонингизга ачинсангиз-чи, ўтган ҳафта касалхонада ётгансиз-а, - деди таниш хотин унинг юкини ўтирғичлар ёнига қўйишга кўмаклашар экан.

Аёл базўр нафасини ростлаб, секингина ичини ёрди:

- Тирикчилик қурсин, опа, ўзимга қолса, уйдан бир қадам ҳам жилмасдим. Ҳовли боғимизда мевалар ерга тўкилиб, бир кўрпа бўп ётибди. Хўжайинимга қайта-қайта айтсам ҳам пинакларини бузмайди, уларга ҳам осон тутмайман, фермер даласидан бери келишга иложлари йўқ, бозорга олиб боргани қўллари тегмайди. Тошкентдаги тўнғичим институтни тугатяпти, тўйга ҳаракатимиз бор. Сотиб, озгина пул қилсам, баъзи бир камчиликларни битказардим...

- Майли, гапингиз ҳам тўғри. Мева-чевани пишганида дарров сотмасангиз, эзилиб увол бўлади. Қолаверса, оила бюджетингизга ҳам барака киритаркансиз-да. - Таниш аёл ўзича Маҳбубахоннинг кўнглини кўтариб қўйди. Улар у ёқ-бу ёқдан гапиришиб боришаркан, ниҳоят тинчиб қолишди. Лекин бу узоққа чўзилмади.

- Вой ўлмасам, Маҳбубахон, қўрқитманг, нима бўляпти сизга? - ташвишли сўров барчани сергаклантирди. Шу пайт кимдир ҳайдовчига айтиб, автобусни тўхтаттирди. Қарасам, аёл хушини йўқотиб, ёнидаги шеригининг елкасига бошини қўйганича ётиб қолибди. Юзлари заҳил тортган, лаблари бўздай оқарган.

- Қўрқманглар, нафас оляптилар, очиқ ҳавога туширайлик, "Тез ёрдам" ҳам чақирамиз,- деди йўловчилардан бири.

Мен ҳам хавотирланиб бирга-бирга автобусдан тушдим. Сал фурсат ўтгач, аёл кўзини очаркан, атрофидагиларга қараб, салгина ҳушёр тортди.

- Сизларни ҳам йўлдан қўйдимми, - шивирлади у, - бот-бот шунақа аҳвол рўй беради, камқонман, бошим айланиб, қулоғим шанғиллайди-да, кўз олдим жимирлаб ўзимни йўқотаман...

Ёши қирқлардан ўтган аёлнинг шу аҳволга тушиб юришини одатий ҳол деёлмаймиз, албатта. Камқонлик, яъни анемия хотин-қизлар ўртасида кенг қамров олаётганга ўхшайди. Буни уларнинг юзларига боқиб, сезиш қийинмас. Тўғри, упа-энлик ва ҳар хил косметик воситалар уларнинг ҳақиқий чеҳрасини беркитиб, "чиройли" қилиб турса-да, автобусдагидек ноҳуш воқеалар барибир ичларидаги дардларини ошкорлаб қўяверади. Шундай кўнгилсиз ҳолатлардан ташвиш чекмай иложимиз йўқ. Ахир ҳаётнинг бу каби оғриқли нуқталарига асло бефарқ қараб ўтолмаймиз. Беихтиёр ўйга толамиз, опа-сингилларимизни беҳол қилаётган кам­қонликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш масаласи жиддий эканлигини айтмасдан, қизларга, аёлларга ғамхўрликни кучайтирмасдан соғлом онани, соғлом авлодни тасаввур этиш мумкин эмаслигини чуқур англамоқ кераклигини уқтирмасдан туролмаймиз.

Аввало, гапни қоннинг ўзидан бошлай қолайлик. Қон-томирлар тизимининг марказий органи ягона юрак ҳисобланади. Танамизда қоннинг тўхтовсиз ҳаракатланиб туришини таъминлаб берадиган нарса ҳам мана шу юракнинг ўзи. У тўхтаб қоладиган бўлса, одамнинг ҳаёти якунланади. Демак, қон ва юрак биргаликда ҳаёт аталмиш бебаҳо неъматни бизга туҳфалаб туради. Ҳар иккиси ҳақида доимо ўйлаб, қайғуриб яшашимиз ўзимизнинг умримиз зиёдалиги учун бирдан бир кафолат десак ҳам ҳато эмас.

Қон томирлари ҳақида гап кетса, қуйидагиларни билиб қўйган яхши: қон томирлари юракдан узоқлашгани сайин тобора майдалашиб, ингичкалашиб боради. Провард натижада улар жуда майда томирлар - қилтомирлар, яъни, капиллярларга айланади. Капиллярларнинг ҳар бири одам сочидан 15 барабар ингичкадир. Капиллярлар бутун организмдан ўтади. Баданимизнинг ҳар қандай жойи сал тирналса ёки кесилса, ўша ондаёқ қон чиқиши шундан. Ҳар бир кишидаги капиллярларнинг умумий узунлиги катта рақамларни ташкил этади. - Аниқроғи, 100.000 километрга етади. Томирларда оқиб юрадиган қонни "оби ҳаёт" дейилиши бежизмас. Катта ёшдаги кишилар организмида жами 5 - 5,5 литр қон юради.

Тиббиёт китобларида ёзилишича, қоннинг ҳаёт учун жуда зарурлигини одамлар қадим-қадим замонлардаёқ билишган экан. Бир замонлар янги қон ёрдамида одамнинг дардига даъво беришгина эмас, балки уни яшартириш ҳам мумкин деб ҳисоблашган. Гомернинг қаҳрамони Одиссей ер ости салтанатидаги рўёларни тилга киритиш ва ҳушига келтириш учун уларга қон ичирган эмиш.

Эрамиздан 43 йил олдин туғилган Рим шоири Публий Овидий Назоннинг "Метаморфоза" достонида ҳам мана шу орзу ўз ифодасини топган. Мазкур асар қаҳрамонларидан бири - афсунгар Медея Пелей деган бир мўйсафиднинг вужудига ёш йигит қонини қуйиб, уни ёшартиришни таклиф этган.

Қадим замонда яшаб ўтган буюк ҳаким Гиппократ ҳам оғир касал ётган кишиларга соғлом одамлардан олинган қонни ичишни буюрар экан. Грузин тилида ёзилган табибликка оид XI асрда яратилган қўлёзма китоб­да яна бир эътиборли ҳолат қайд қилинган. Унда жароҳатларга даъво қилишда ўша жароҳатланган жойга қон қуйиш маслаҳат берилган

Биринчи марта одамдан одамга қон қуйиш ишини 1819 йили лондонлик акушерлик ва гинекология профессори Блендель удаллади. Бу иш учун у махсус аппарат таклиф этди. Олти йилдан кейин Блендель туғруқдан сўнг қонсираб ўлаётган аёлга қон қуйиб кўрди Шундан кейингина аёл тузалиб кетди. Бу усул матбуотда баён этилди. Ва кўпгина врачлар унга қизиқиб қолишди. Хуллас, тиббиёт фани одамларнинг қони ўз хоссалари жиҳатидан бир хил эмаслигини, гуруҳи ҳар хил бўлишини ва фақат бир гуруҳли қонни қуйиш мумкин эканлигини тўла исботлагач, бу иш изчил амалиётга тадбиқ этиб юборилди.

Тўғри, оғир касалларга қон қуйиш билан уларнинг ҳолатини яхшилаш зарур. Бироқ камқонликни шусиз ҳам даволаш имкониятлари етарли эканлигини унутмаслигимиз ўзимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам катта наф келтиради. Биз анемияни даволаш ҳақида айрим фикр-мулоҳазаларимизни билдиришдан аввал унинг ўзи қандай дард­лигига изоҳ беришни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Маълумотларга қараганда, бундан салкам юз йил муқаддам унинг олдига "хавфли" сўзи қўшиб айтилган. Чунки, хавфли кам­қонлик врачларни даҳшатга солар, номи эса ўлим ҳукми билан бирдай эшитилар эди.

"Лондондаги потология музейида кичикроқ бир бюст турибди, - дейилади гемотолог врач, профессор Владимир Георгиевич Михайловнинг "Қоннинг сир-асрорлари" китобида. - Тагидаги мармар тошга оддийгина қилиб "Томос Аддисон" деб ёзилган ёдгорлик марказий Лондон госпиталида 39 йил ишлаган ва хавфли камқонлик касаллигини биринчи марта тасвирлаб берган машҳур инглиз врачига қўйилган". Аддисоннинг тасвирлашича: "Бу касал шу қадар аста-секин ва зимдан бошланиб борадики, бемор қайси кун ўзини беҳол сеза бошлаганини айтишга қийналади. Юзи оқариб, кўзларининг оқи гўё садафдек йилтиллаб қолади, лаблари, милклари ва тилидан қон қочади... Ҳорғинлик энг охирги даражага бориб етади ва бемор энди ётган жойидан тура олмай қолади...".

Қачонки, бундай беморлар жигар истеъмол қилгач, наф кўргани аниқланиб, жумбоқ ечилган. Шундагина хавф чекинган. Витамин В12 укол қилиб турилса, дардманд бора-бора шифо топадиган бўлиб қолган. Мутахассисларнинг фикрича, катта ёшдаги одамларда ҳам, болаларда ҳам учрайдиган анемияни даволаш учун Ўзбекистонимизда барча шароит ва имкониятлар етарли. Фақат соғлом турмуш тарзига ўтилсагина она-бола саломатлигини муҳофаза қилишдаги муаммоли ҳолни туғдираётган камқонликка барҳам бера оламиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).