Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудини 90 йиллиги олдидан

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мир­зиёев 2018 йил 2 апрелда "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилди. Айни пайтда қарор асосида улуғ ёзувчининг ижодий мероси тарғиботига эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, газетамизнинг бугунги сонида "Шарқ" нашриёт -матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан чоп этилган (2009) "Танланган асарлар"ига киритилган машҳур "Жамила" қиссаси мутолааси асносида "Ўқиганларим ва уққанларим" рукни билан битилган "Ташна қалблар қўшиғи" мақоласи билан танишасиз. Ўйлаймизки, ўзига хос бадиий-эстетик қарашларга эга бўлган қаламкаш Манзура Абдуллаеванинг ёзганлари Сизларни яна бир бор Чингиз Айтматовнинг ижодий оламига етаклаб, кўнглингизда бой таассурот ва мароқ уйғотади.

 

ИШҚҚА ТАШНА КЎНГИЛЛАР ҚЎШИҒИ

Ёмғирдан сўнг намгарчиликдан мудраб ётган тупроқ йўл. Тиниқ осмон. Шар­қироқ сой, кўм-кўк дарахтлар, яшил ўтлоқлар, уюр-уюр подалар. Сўнгра олис-олис тоғлар ортидан қайноқ ёғдуларини таратиб, юксак сари кўтарилаётган қуёш... ва унинг нуру тафтидан жонланиб, жилоланиб, янги куннинг янги ҳаёт қўшиғини куйлаётган она замин - муқаддас ер!

Аслида у қуёш - қуёш эмас, аслида у нур - нур эмас! Булар эски шинели билан йиртиқ этигидан бўлак ҳеч вақоси йўқ Дониёр ва парча-парча қизил гулли кўйлакдаги Жамиланинг борлиққа бахш этаётган муҳаббати мавжидир. Гўдак кулгусидек маъсум, баҳор нафасидек ёқимли, ташна юракларга дармону малҳам!

Жамила - беғубор болалиги ҳуркак ва шиддаткор йилқилар ичида кечган, худди улардек учқур камолот касб этган сарвиқомат, беғубор қирғиз аёли. Унинг қувноқлиги, ўзини эркин тутиши ҳатто, хатти-ҳаракатларидаги эркакларга хос қилиқларигача кишида беихтиёр меҳр уйғотади. Бу тантиқ, шаддод келинни қайноналар тўғрилиги, бирсўзлиги, уддабуронлиги сабаб ёнларига ўринбосар этмоқни ниятласалар, кампирлар ўзларига тинмай суйкаланиб, эркаланаверадиган, феъл-атвори "сал бошқачароқ" мана шу "ёш бола"дан чўчишарди. Ҳа-ҳа, унинг бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиши, кўчадан кириб келаётганда худди ёш қизлардек ариқдан лорсиллаб сакраб ўтиши, ёхуд тинмай қўшиқ хиргойи қилиб юришларини кузатиб, "Ҳали болада, бора-бора қуйилиб қолар" деган фикр қилишарди. Ахир йилқи ҳайдашиб, от чопишиб, тоғлар этагидаги Бақайир овулларида униб-ўсган мана шу ўжар аёлдан ўзга нени ҳам кутишсин. Инчунун, унинг бировга заррача ҳам ҳаққини кеткизмай айтишган билан айтишиб, сўкишган билан сўкишиб, овулдаги келинлар билан юмдалашиб юришларигача бари-да табиий эди, чиройли эди.

Дониёр-чи? Зоҳиран қараганда мутлақо Жамиланинг акси. Жуда одамови, камгап, камсуқум. Инсонлардан ўзини четга тортиб, ҳеч кимга қўшилмайди, бировга ёндошмайди, жанжаллашиш, тортишиш нималигини билмайди. Мўмин-қобил. Бироқ ҳар ким ҳам дабдурустдан ботиниб гапиришга журъат этолмаслигининг, яккаш ва ғариблигининг сири суратидами, сийратидами ноаён. Кишига тикилиб турса-да кўнгли бошқа ёқда экани бирдек сезимли. Балки етимлик азоб-уқубатини кўп тортганидан меҳнаткаш, сир-асрорин бировга-да айтмайди, қовоғи-да асло очилмайди. Кўзлари бир хил - ғамгин, тинмай хаёл суриб ўзгалар ҳеч англаб етмаган, маъносига тушунмаган аллақандай сирли товушларни бутун вужуди билан тинглаётгандай, бутун борлиқни кўксига босиб қучмоқчидай туюлади. Буни тушунмаган қай бир кишилар "шунчаки бир одам-да" деган каби уни назарига илишмайди.

Бироқ асарда бу икки шахсият эгасини яхлитлаб, бир-бирига ўхшатиб турган кўзга чалинмас нуқталар қаҳрамонларимизнинг руҳий дунёсида, ботинида мавжуд эди. Бўлмаса, Дониёрнинг киши юрагининг энг нозик торларини чертиб, маънавий оламини тозартириб, жўшқин ҳисларга кўмаётган қўнғироқдек овози Жамиланинг қалбида кўпдан бери яшириниб ётган туйғуларини туғёнлантириб, совиётган чўғдек қалбини кутилмаганда эсган шамолдай яллиғлантириб юборармиди. Ахир қўшиққа қалбини қўшиб куйлайдиган йигитнинг ич-ичидан чиқаётган сокин ва соҳир овози самимий соф ниятли кўнгил эгасининг бутун қувончи, умид-орзулари, армонлари, дардларини ифодалаб қўярди. Бошпана излаб ўтказган машаққатли етимлик йилларию, қонли жангоҳлардаги кечмишлари, ҳаёт-мамот йўлларидан мардонавор олиб ўта олган умидбахш иродаси ҳаётсеварлигидан мужда келтирарди. Тингловчи қалб­ларга инсон аталмиш зоти шарифларга бир борагина ато этилмиш умрга муҳаббат сабоғини берарди, она-Ватанга, ёруғ дунёга оташмеҳрни, оташишқни тараннум айларди. Буларнинг-да бари-бари Жамилага тортиқ эди, аёлнинг қалбида умид шамчироғини шуълалантирарди, ногоҳон мудроқ ҳиссиётларини уйғотиб юборарди. Олий бахтдан ваъдаларди.

- Жамила ўзи қандай аёл?

Савол оддий, жавоб ўйталаб. Қўққисдан ҳукм чиқариш эса ярамайди. Адолат мезонига путур етказиб қўйиши мумкин. Шу боис китобхонлар танловида қатнашган бир дугонам ҳам юқоридаги саволни берган ҳакамлар олдида дабдурустдан ичидагини айтишга ошиқавермабди. "Жамила ҳақида шахсий-ижобий фикрларимни тўлиб-тошиб билдирсам, миллий қадрият, удум, ахлоқ қоидаларимизга зид тушунчаларни ёқлаганга чиқазиб қў­йишлари мумкинлигидан чўчидим, ё ёлғондакамига қораласам, баҳоловчиларнинг назарида дунёқараши тор, ўтакетган мутаасибга айланардим".

Ҳа, дугонамнинг боши қотиши бежиз эмасди. Чиндан-да Луи Арагон: "Муҳаббат ҳақидаги энг гўзал қисса" дея атаган ушбу асар устида атрофлича мулоҳаза юритмоқ ҳар бир ўзбек хотин-қизларига мушкуллик туғдиради. Очиғи, "Ҳўп, сиз ўзингиз Жамилани ўрнида эканингизда, шундай йўлни тутармидингиз?" деган саволни ҳам кўндаланг қўйишмайди деб ким ҳам кафолат берарди. Менимча, қаҳрамонимиз тутган йўлни танламаслигимиз мумкиндиру бироқ қоралашга-да асло-асло ҳаққимиз йўқ. Зеро, қалбнинг ўзига хос ёзилмаган ахлоқ меъёрлари мавжуд. Унинг олдида на ақл, на ташқи оламдаги умумий ахлоқ, на маънавият қоидалари устунликка эришади. Қалб ахлоқи олдида (буни тан олсак албатта) ақл ожиз, ҳикматлар ожиз, одобномалар эса бир парча қоғоздан бўлак ҳеч нарса эмас. Гарчи ақл бунда қанчалар ҳақлигини минг бора иддао этгани билан яккаю-ягона ҳукмни қалб ўқийди ва ана шу жавоб ҳуқуқи билан у ҳайвонни инсондан ажратиб беради. У ғолиб! Бу ғолиблик эзгулик либосига бурканган туйғулар ҳақиқатининг мавжудлигини исботламайдими.

Фикримизни далиллаш мақсадида Жамиланинг Дониёрга айтган сўзларини келтирамиз: "У мени ҳеч қачон севган эмас, севмайди ҳам! Майли, ким нима деса, дея­версин, лекин мен сеникиман!...мен сени ҳеч кимга бермайман. Мен сени кўпдан бери севаман. Ғойибона ошиқ бўлиб келишингни интизорлик билан кўзим тўрт бўлиб кутгандим. Кутаётганимни билгандек, мана, сен ҳам мени излаб келдинг". Кўриниб турибдики, Содиқ билан Жамила ўртасида ҳеч қандай қалб ришталари йўқ. Улар кўринишидан эр-хотин, бироқ ботинан бир-биридан бегона икки вужуддан ўзгаси эмас.Содиқ шунчаки чорвадорларнинг тўйдаги отлар пойгасида чавандоз қизга етолмай изза бўлиб олиб қочгану, уйланган-қўйган. Бор йўғи шу. Ҳатто аскарликда юборган мактубларининг энг охирида "...шунингдек, хотиним Жамила ҳам эсон-омон юрибдими?" дея бир оғиз сўз қистириб ўтади, холос!

Энди юқоридаги гапларга жавобан Дониёрнинг сўзларига эътибор қилинг-а: "Мен ҳам сени кўпдан бери севиб юрардим. Умримда кўрмаган бўлсам ҳам окопларда ётиб сени ўйлардим..."

Демак, улар азалдан бир-бирини кутишган, маҳтал-маҳтал кутишган, интиқ-интиқ кутишган ва бу йўлда турфа синову тўсиқларга бардош беришган, ҳаққа, ҳақиқатга ишонишган, тақдирдан умидворликлари сўнмаган. Шундан Жамиланинг қалб кўзгусида бир йўла икки қиёфа туриши сира ҳам мумкин эмасди. Шундан Жамила қалбига ҳеч хиёнат қилолмасди. Ишқсиз, кўнгилсиз бой-бадавлат, тўқ ва фаровон Содиқ билан турмуш кечиргандан кўра, эски шинели ва йиртиқ этигидан бўлак ҳеч вақоси йўқ суюкли ошиғи Дониёр билан кетмоқни афзал билди. Бордию Жамила асарда собиқ эри урушдан қайтиши билан яна аввалгидек ҳаётини давом эттирганида чинакам ахлоқсизлик юз бермасмиди. Ошиқ кўнгиллар чил-чил синмасмиди. Аёл шаъни, эрлик шаъни топталмасмиди...

Менимча, дугонамга берилган савол энди жавобсиз қолмагандир. Ҳеч иккиланмай айта оламизки, Алишер Навоийнинг"Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", Вильям Шекспирнинг "Ромео ва Жульетта" сингари Чингиз Айтматовнинг "Жамила"си ҳам жаҳондаги севги қиссаларининг энг нодир намуналари қаторида туришга ҳар жиҳатдан муносиб. Ўқиган ва уққан қалбларда гўзал рубобий куй сингари ёқимли таассуротлар қолдириши билан китобхонларни ҳали кўп-кўп соғинтираверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.