(ЭССЕ)

"Мен интилган қоялар" туркумидан

Атоқли Давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти сов­риндори, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Ҳабиб Саъдулла ҳаёт бўлганларида айни кунларда 76 баҳорни қаршилаётган бўлардилар. Таассуфки, бемаврид ўлим шундай ноёб истеъдод соҳибини ҳам ўз комига тортиб кетди. Бироқ шоирдан қолган қатор дилтортар шеър, қўшиқлар, драматик ва публицистик асарлар, сара ижод намуналаридан дасталанган китоблар жисман орамизда бўлмаса-да суюкли шоиримизни маънан бизга замондош қилиб турганлиги, усиз ҳувиллаган кўнгилларимизга таскин бераётгани эътироф ва эътиборга арзигуликдир.

Наманганнинг асл ўғлони, аниқроғи наманганликларнинг рамзига айланган содиқ фарзанди, устоз Ҳабиб Саъдулла ҳақида алоҳида мушоҳада юритишга, таърифу тавсиф қилишга бурчлиман. Чунки аксарият шогирдлари қаторида менга алоҳида эътибор ва рағбат кўрсатган, илк шеър­ларимга оқ йўл берган, ҳамиша мени диққат-эътиборининг марказида олиб юрган дарёдил устозим, беқиёс иқтидор соҳиби, Ўзбекистон Халқ шоири, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти совриндори Ҳабиб Саъдулла менга маънавий оталик қилгани, менинг ҳам бу инсонга нисбатан алоҳида муҳаббатим, ҳурмат-эътиборим туфайлими эл орасида Ҳабиб Саъдулланинг шогирди, - деган биттагина унвоним борлиги менинг зиммамга ҳамиша алоҳида масъулият юклаши табиий.

Давраларни нурга, кўнгилларни сурурга тўлдирувчи бу инсон билан дастлабки кўришишдаёқ апоқ-чапоқ бўлиб кетганимиз тақдиримни адабиётдай мўъжизавий бир соҳага ипсиз боғлаб қўйганини мен ҳамиша мамнуният билан таъкидлагим келади. Ҳабиб Саъдулланинг ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолияти ҳақида соҳа мутасаддилари баҳоли қудрат ёзишган. Уни турли аспектларда ўрганишган. Шундан келиб чиқиб, мен устознинг китобларга кирмаган, тадқиқот объекти бўлмаган жиҳатлари, чунончи унинг шахс сифатидаги, феъл атворидаги ўзига хос томонлари, ажойиб инсоний фазилатлари, айрим асарларининг ёзилишида туртки бўлган омиллар, ўртамизда рўй берган қизиқ - қизиқ воқеалар, қўйингки, унинг феноменидаги ўрганишга арзигулик жиҳатлар тўғрисида фикр юритишни жоиз топдим. Шоядки ёзганларим улуғ шоир шахсияти ижодининг ўзига хос томонлари ҳақида муайян тасаввурларни янада бойитса.

Эл орасида шахс даражасига кўтарилган ҳар бир арбоб ёки аксинча, арбоб даражасига кўтарилган ҳар бир шахснинг сиёқидан тортиб, феъли атвори-ю, ҳатти ҳаракатларида бошқаларникига ўхшамайдиган, яъни ўзигагина хос бўлган характерли томонлар бўлиши табиийки, бу сифатлардан устоз Ҳабиб Саъдулла ҳам мустасно эмасди. Аввало шоирнинг ўз эътирофига кўра "ностандарт" туғилган бу инсоннинг Ойбекона теран кўзлари-ю, кенг пешонаси, қадам олишдаги ўктам шахдамлик, синчков назар, доимо тик таралгувчи сочлардаги оригинал эмидж, сўзлардаги салобат ҳамда фожиадан-да юмор чиқаришдай топқирлик ҳар қандай бефарқ одамни ҳам оҳанрабодай ўзига тортиши табиий бир ҳол эди. Шу боисдан бўлса керак узоқ вақтлар устоз билан қадамба қадам юриш асносида шунга иқрор бўлганманки, бозорда бўладими, мозорда бўладими Ҳабиб ака юрган йўлларида, албатта, кўрган одам унга талпинар, саломлашар, ҳеч бўлмаганда унга беихтиёр тавозеъ кўрсатиб, жилмаяр, Ҳабиб ака ҳам бунга нисбатан ўз самимиятини изҳор қилар, бирон бир киши унга нисбатан илтифот кўрсатса ёинки бирон асарини ўқиганини эътироф этса ним табассум билан одатдагидай "Садоқатимиз бўлсин", - дея миннатдорчилик изҳор этишни канда қилмас эди.

Ундаги бадиий ижодга бўлган қайноқ иштиёқ шу даражада эдики, ижоддан бошқа соҳада фаолият юритганда ҳам ўз ибораси билан айтганда, ўрмондан чиққан бўрининг хаёли ҳамиша ўрмонда тургандай унинг бутун фикри - зикри ижодда бўлганлигига шахсан гувоҳман. Мен бу билан ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган, - деган фикрдан йироқман, аммо у адабиётни ҳамма нарсага, ҳатто шахсий манфаатларга хизмат қилдирувчи айрим кимсалардан фарқли ўлароқ ҳамма нарсани, керак бўлса орому ҳаловатини ҳам адабиётга хизмат қилдира олган захматкаш қалам соҳиби эди. Худди мана шу ўринда ўзи бағоят севган ва қадрлаб, эъзозлаган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳорнинг "Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас", - деган ҳикматли иборасини такрорлашни хуш кўрарди. Шоир худди ана шу адибнинг "Фикрни шундай ифодалаш керакки, гўё михни қоқиб, қалпоғини узиб ташлаш, яъни суғуриб бўлмайдиган даражада каллаклаш керак", - деган иборасини яхши кўрганлигидан гапни қопиб эмас, балки топиб гапирар, гапирганда ҳам Хоразмчасига айтганда "аппариб" қўярди. Шу боис ҳам Наманганда бўладиган аксарият катта анжуманлар, айниқса тантанали тадбирларга Ҳабиб Саъдулланинг чиқишлари ўзига хос файз-тароват, қўр бағишлар, иштирокчилар ҳузурланар, қарсак устига қарсаклар билан олқишлар, худди мана шу мантиқ кўпчилик қалбига сингиб кетганидан улар қаерда тантанали анжуман бўлса, албатта, Ҳабиб Саъдулланинг сўзга чиқишига иштиёқманд бўлар эдилар.

Мустақиллик том маънода эрк иштиёқида яшаган Ҳабиб Саъдулла учун катта имконият, порлоқ истиқбол эшикларини очиб берди. Айниқса, истиқлолнинг илк йилларида янги давр истиқболини ҳали тушуниб етмаган айрим калтабин кимсаларнинг бемаъни кирдикорлари туфайли Наманганда рўй берган талотўплар ундаги фаол фуқаролик позициясини янада кучайтириб, истиқлол куйчиси сифатида майдонга чиқишига олиб келди."Ватан дейдики", "Тиз чўктириб бўлмас Ўзбекистонни", "Сен кимсанки..." Ўзбекистон деган жаннат бу", "Юртимни омон сақла, халқимни саломат қил" сингари юксак пафос билан ёзилган публицистик руҳдаги шеърлари янги давр руҳини халқимиз қалбига сингдиришда ўзига хос маънавий сабоқ вазифасини ўтаганлиги кўпчиликка яхши маълум.

Айнан мустақиллик йилларида шоирнинг "Онаизор", "Туғилган йилим", "Тирик қурбонлар, "Замин садоси", "Усмонатлас", "Еттинчи қитъа", "Эътиқод", "Дўст қадри" номли ҳар жиҳатдан мукаммал достонлари қаторига қўшилган "Адиб тақдири", "Жароҳат", "Истилол достони" сингари манзумалар шоир ижодининг юксак даражотларининг маҳсули бўлгани, айниқса, кейинги достон қайтадан нашр этилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлганлиги нафақат адиб ижодида, балки янги давр адабиётида ўзига хос муҳим воқеадир.

Шоир ижодининг гултож асарларидан бири сифатида жиддий эътирофларга сазовар бўлган, ўша таҳликали кунларда катта анжуманда шоир томонидан маромига етказиб, жўшқин пафос билан ўқилган "Тазарру" шеъри бутун Наманган бўйлаб иймон - диёнатли, инсоф - виждонли кишилар қалбида бамисоли қутлуғ бир каломдай акс-садо берганлиги кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлайманки, "Ёв қочса ботир кўпаяр"- деганларидек, бугунги Ўзбекистонда мард, довюрак, журъат - жасорат рамзига айланган истиқлол меъмори - муҳтарам Биринчи Президентимизнинг шахсий салоҳияти билан қўлга киритилган ютуқлар ҳар қандай иймон-диёнат соҳиби томонидан эътироф этилиши табиий. Бугунги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўзига хос муносиб ўрни, нуфузи, мавқеи нафақат собиқ Иттифоқ, балки жаҳон ҳамжамияти, халқаро рейтинг агент­ликлари томонидан холис баҳосини олаётганлиги нафақат дўстларимиз, ҳатто ғанимларимизга ҳам беш қўлдай аён. Бироқ эндигина тетапоя бўлган, ҳали собиқ тузум исканжасидан батамом чиқиб кетмаган, чор атрофда қарши кучлар тиш қайраб турган ўтиш даврларида жуда кўп "истеъдод аҳли" бўлган шиғир ёзғувчилар учун сичқоннинг ини минг танга бўлганлиги, уларнинг айримлари ҳатто хориждаги "демократлар" тегирмонига сув қуйиб, уларнинг гумашталарига, аниқроғи малайига айланганлиги, бошқа юртлар пешволарига ҳамду сано ўқиб, уларнинг тутумини оғиз кўпиртириб мақтаб, уларга бағишловлар қилганлиги ҳам сир эмас. Мана шундай таҳликали дамларда, яъни ўзининг кимлиги маълум бўлмаган айрим ғаламис кимсаларнинг ҳукмдорлик даъвоси билан кўзига қон тўлиб майдонга чиқиб, ҳокимиятни эгаллаш мақсадида муқаддас динимизни ниқоб қилиб, сиёсатни дин қобиғига ўраб, турли найранг­лар билан содда одамларни ўз домига тортиб турган бир пайтда ўтюрак Ҳабиб Саъдулланинг "Тазарру"дай шеърий наъра билан бонг уриши, йўргакдаги чақалоқ - мурғак мустақилликка кўксини қалқон қилиши бамисоли Қуёшдан олов олган Прометейдай чинакам мард­лик, матонат ва қаҳрамонлик эди.

Юрагимга тўлди даҳшат, иштибоҳ,

Қалбим ўртамоқда бир оловли оҳ.

Савоб деб ҳар лаҳза қилгаймиз гуноҳ

Ўзинг кечиргайсан бизни, Аллоҳим!

Ўзининг ноҳақ йўлини ҳақ деб билган, азалий қадриятларимизни менсимаган, ҳатто ўз отаси, онасини мушрикка чиқарган, ўзни доно, ўзгаларни нодон санаган "пешво"ларнинг ярамас кирдикорлари шоирни ҳақли равишда безовта қилади:

Ўғиллар отага берурлар таълим,

Талаба қошида лолдир муаллим,

Қаёққа кетурмиз бир Сенга маълум

Ўзинг кечиргайсан, бизни, Аллоҳим!

Андишанинг оти қўрқоқ бўлганлиги, кўнгиллар мулкидан каттага ҳурмат, кичикка иззат, уят туйғуларининг чекинганлиги, кишилар орасида инсофсизлик, юлғичлик, тубанлик сингари ярамас иллатларнинг илдиз отиб келганлиги шоирни ҳақли равишда безовта қилади, нафратини қўзғайди:

Инсон қадри пасту, мол қадри баланд,

Юртдош юртдошини шилиш билан банд,

Ҳеч кимга кор қилмас насиҳату панд

Ўзинг кечиргайсан бизни, Аллоҳим!

Ўтли ҳарорат, бемисл илҳом, юксак бадиий маҳорат ҳамда ватанпарварлик туйғуси билан ёзилган асарнинг ҳар бир банди кишини ўйлашга, чуқур мушоҳада қилишга, бирдан бир тўғри хулоса чиқаришга чорлайди. Ҳар банд охирида такрорланиб келувчи "Ўзинг кечиргайсан бизни, Аллоҳим!" мисраси тазарру қилишга, Аллоҳ олдида бегуноҳ бўлишга ундайдики, муҳтарам Президентимиз эътироф этган пок ниятли аҳли Наманган табиатига, феъл - атворига, тақводорлигига мос, ҳамоҳанг бўлган табиий туйғу худди мана шу мисрада яққол акс этганлиги шоирнинг ижодкор сифатида нишонга бехато урадиган мергандан қолишмаслигидан далолатдир. Шеър сўнгидаги қуйидаги сатрлар ҳамон дунё миқёсида долзарб бўлиб турган бўлса ажаб эмас:

Ношукурлар қилган бад корлар сабаб,

Кўнгилларга етган озорлар сабаб,

Эътиқодлар тушган бозорлар сабаб

Ер ютмаса эди бизни, Аллоҳим!

Улуғ шоир Ҳабиб Саъдулла ниҳоят даражада ҳозиржавоб, давр пульсини чуқур англайдиган юксак дид соҳиби эди. Унинг қалби бамисоли "қилт" этган шабадани ил­ғовчи дарахт япроқлари янглиғ ўта ҳис қилувчи, тебранувчи, жумбушга келувчи ошуфта қалб эди. Акс ҳолда бу қалб­дан Наманган, Ўзбекистон, она халқ тўғрисида шу қадар таъсирчан, халқчил ва боқий сатрлар булоқдай қайнаб, вулқондай жўшиб чиқмаган бўларди.

Ҳабиб Саъдуллага хос шоирона синчковлик ва ҳаётни теран идрок этиш, ҳар бир воқеа - ҳодисадан муайян ташбеҳ қидириш, оддий воқеалардан чуқур мушоҳада, фалсафий умумлашмалар чиқара олиш маҳорати унинг публицистик мақолаларида ҳам манаман деб акс этиб туради. Айниқса ўзи кўз очган, туғилиб ўсган табаррук маскан ҳақида қалам сурганда ўз битиклари орасида сувга тушган ғаввосдай сузар, моҳир чавандоздай от сурар, онанинг бағрида эркаланган боладай яйраб - яшнаб, очилиб - сочилиб ижод қилар, мақола битгач, албатта, бизга ўхшаш яқин маслакдошларига ўқиб, фикрлашар, матбуотда чиқса ёки китоб ҳолида босилса, худди янги қитъа очган кашфиётчидай қувнар, мисол учун, "Товуқ атиги битта тухум очиб, Ер шарини туғиб бергандай қағиллаб оламни бошига кўтаради-ю, бутун бир асарни яратиб қўйиб, нега энди индамаслик керак? Юринглар, ҳеч бўлмаганда халқ­қа уч-тўрт кишилик ош бермасам инсофдан бўлмас" қабилидаги ҳангомаларни тўқиб, ўзи яйрагандай ҳамроҳларини ҳам яйратар эди. Фикрим қуруқ бўлиб қолмаслиги учун устознинг "Тонг мусаффо бўлса..." номли наманганликларнинг ўзига хос жиҳатларини тараннум қилган мақолани келтириб, ундаги айрим ҳабибона талқинларга тўхталиб ўтмасам бўлмас. Ўйлайманки, ўзбекнинг ўзбеклиги тавозеъси-ю тантилиги, олиҳимматлиги, меҳмоннавозлигидан билиниб тургандай мана бу сатрларни ўқиган одам беихтиёр Наманганни кўз олдига келтирса ажаб эмас"

" Наманганда ажойиб одат бор. Қизлар, келинчаклар тонготарда ҳаммадан олдин туриб ҳовлиларни, кейин эса то маҳалла-куй қўзғолгунча кўчаларни супуриб,сув сепиб қўядилар. Токи кўчадан эрталаб ўтадиган одамларнинг баҳри-дили очилсин, таъби равшан, кўнгли чароғон бўлсин. Бунинг устига сепилган сувлар ҳам наманганлик-да шунчаки сепилмай кўчага экилган гул, райҳонларни силкитиб қўйганидан бутун теваракни хушбўй ҳидлар тутиб кетади. Бу - шаҳримизнинг ўзига хослигини белгилайдиган авлодлардан мерос удумлардан. Менинг тасаввуримда бунинг илдизи чуқурроқ. Аждодларимиз тонгни покизалик билан кутишга одатланганлар. Зотан, тонг покиза бошланса, кун ҳам ёрқин кечади. Тонгда саришта ва озода йўлдан баҳри очилиб ўтган одамнинг руҳи кечгача тетик бўлади". Бу нафосатга йўғрилган гапларга менимча изоҳ шарт бўлмаса керак.

Шоир бисотини варақлаган ҳар қандай синчков одам у қайси жанрда, насрдами, назмдами, драматургиядами, публицистикадами ёинки адабиётшуносликдами бундан қатъий назар ўзининг ҳабибона сўз заргарлик қобилиятини тўла намоён этганига истаганча мисол топиши мумкин. Ижодкордан адабиёт ихлосмандларига қолган "Океандан шабада", "Яна остонангда", "Мулоқот", "Усмонатлас", "Кўчамдан жонон ўтганда", "Порога у твоего", ""Тазарру", "Истиқлол достони", "Жароҳат", "Боғлар юртин боласимиз", "Танланган асарлар" сингари китоблар, қатор драматик асарлар, юзлаб қўшиқлар беқиёс адабий манбаалар сифатида истеъдодсевар халқимизга абадул абад хизмат қилиши табиий.

Унинг сиёсатдонлик, ташкилотчилик, раҳбарлик салоҳияти, ўзига ва бошқаларга нисбатан бир хилда меҳрибонлик ва талабчанликни бир хилда уйғун олиб бориши барча қалам аҳлига ибрат мактаби бўлишга арзигуликдир. Шу маънода унга берилган унвон, орден ҳамда вафотидан кейин тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти бағоят даражада ўринли эканини алоҳида таъкидлаш жоиз, деб биламан. Зеро мустақил мамлакатимиз равнақи, эл - юрт мафаатлари йўлида қилинган ҳалол меҳнат ҳеч қачон беиз кетмайди. Бунга Ҳабиб Саъдулланинг нурли қисмати яққол далилдир.

Мақолага жузъий тарзда омонатгина нуқта қўяр эканман, бу мавзуга ҳали кўп қайтилиши лозимлигини, ўз ватани, халқи, миллати, умуман, борлиқнинг гултожи бўлган инсонга, абадий масканимиз бўлган Ер шарига фақат муҳаббат қўйиш, унинг гўзаллиги йўлида Ҳабиб Саъдулладай сидқидил хизмат қилиш, бунинг учун эса митти қалб­ларга юксак муҳаббат, оташин ҳарорат манбаи бўлган Қуёшни жо қилмоқ лозим, деб ўйлайман.

Зиёвиддин МАНСУР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.